Ўзбекистон: Россиядан ўзбекистонликлар автобусда олиб келинади ва яна IMEI-кодлари ҳақида - O'zbekiston, yangiliklar

iPhone

Сурат манбаси, Getty Images

Ўзбекистон: Россиядан ўзбекистонликлар автобусда олиб келинади ва яна IMEI-кодлари ҳақида - Россия томон автобуслар карвони йўл олди, Ўзбекистонда "Автомобилсиз кун" ва бу йилги танлов натижаси қачон эълон қилинади? - bbcuzbek.com дайжести.

IMEI-кодларини рўйхатдан ўтказишда учинчи шахсларнинг шахсий маълумотларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида 22 сентябрь куни янги тартиб этилаётгани ҳақида хабар қилинган эди.

Янги тартибга кўра, эндиликда, IMEI-кодини рўйхатдан ўтказмоқчи бўлган фуқаронинг мобил телефон рақами ҳам ўз номига расмийлаштирилган бўлиши талаб этилади.

Ушбу янгилик ўзбекистонликларнинг IMEI-кодларини рўйхатга олиш тизимига нисбатан норозилигининг янада кучайишига сабаб бўлган.

Ҳатто, "Ўзбекистон телекоммуникация тармоқларини бошқариш республика маркази" давлат унитар корхонаси, яъни Тизим оператори қонунчиликка зид равишда барча ўзбекистонликларга дахлдор бўлган ўзгартириш киритган каби фаразлар ҳам пайдо бўлган.

23 сентябрь куни Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги мазкур ҳолат юзасидан баёнот берган.

Сурат манбаси, videograb

Ушу тизимнинг жорий этилишидан мақсад истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш, республикага сифатсиз мобил қурилмаларнинг кириб келиши ҳамда унинг ноқонуний савдосининг олдини олиш эканини таъкидлаган вазирлик норозиликларга сабаб бўлаётган тизимдаги янги ўзгаришни фуқароларнинг шахсий маълумотларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолларини камайтириш йўлидаги қадам ўлароқ изоҳлаган.

Бироқ вазирликнинг бу баёноти ҳам фаолларни қониқтирмаган.

Масалан, ҳуқуқшунос ва блогер Хушнудбек Худойбердиев IMEI-кодларни рўйхатга олиш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йилдаги қарори билан тасдиқланган Низомда аниқ белгилаб қўйилгани, ушбу Низомда IMEI-кодни рўйхатдан ўтказиш чоғида телефон рақами ариза берувчининг номида бўлиши кераклиги ҳақида бирорта қоида йўқлиги ҳақида ёзган.

"Бу Вазирлар Маҳкамасининг қарори, яъни Ҳукумат ҳужжати. Халқ тилида содда қилиб айтганда, бу Низомни Бош вазир имзолаб, тасдиқлаган. Бу ердаги тартибни ўзгартириш учун яна бир марта Бош вазир тегишли ҳужжатни имзолаши ва рухсат бериши керак. На вазирлик, на қанақадир ДУК ўзбошимчалик билан Бош вазир тасдиқлаган ҳужжатни ўзгартира олмайди. Аммо бугунги кунда Вазирлар Маҳкамаси қарорига ҳеч қандай ўзгариш киритилмади. Демакки, кеча ушбу тартиб ҳеч бир асоссиз ўзгартирилди. Ва буни вазирликдагилар тўғри дея баҳолаб баёнот берди", дея ёзган у ўзининг Telegram каналида.

Автомобилларсиз кун

Сурат манбаси, BBCUzbek

2021 йилдан бошлаб сентябрь ойининг учинчи якшанбаси республика бўйича "Автомобилсиз кун" деб эълон қилиниши ҳамда шу куни автомобилда ҳаракатланиш таъқиқланиши мумкин.

Бу ҳақида жамоатчилик муҳокамасига қўйилган "Оммавий спортни ривожлантириш ва соғлом турмуш тарзини ҳар бир фуқаронинг ҳаётига киритишга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида"ги президент қарорида сўз боради.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг изоҳлашича, муҳокамага қўйилган ушбу қарорга мувофиқ, Ўзбекистонда глобал пандемиянинг салбий оқибатларини юмшатиш ҳамда аҳолининг барча қатламларини жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланишга жалб этиш орқали аҳолида касалликка қарши иммун тизимини шакллантириш, касалликдан кейинги даврда тиклаш ва реабилитация ишларини ташкил этиш ҳамда аҳолининг соғлом турмуш тарзи гарови сифатида тўғри овқатланиш тарғиботини кучайтириш мақсад қилинган.

Самарқандда Қозоғистон консуллиги

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев 23 сентябрь куни Самарқанд шаҳрида Қозоғистон Республикасининг Бош консуллигини очиш тўғрисида фармон имзолаган.

Тўқаев ҳукуматга мазкур фармондан келиб чиққан ҳолда, барча зарурий чораларни кўриш вазифасини топширган.

Россия томон автобуслар карвони йўл олди

Сурат манбаси, official

Россиянинг Қозоғистон билан чегара олди ҳудуди - Самара вилоятида тўпланиб қолган ўзбекистонликларни ватанга олиб келиш мақсадида 24 сентябрь куни 15 та автобусдан иборат илк карвон Россия томон йўлга чиққан.

Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги маълум қилмоқда.

"Режага мувофиқ автобуслар 25 сентябрь куни белгиланган манзилга етиб боришади. Шу куннинг ўзида автобуслар 700 дан ортиқ йўловчиларни олиб Ўзбекистон томон йўлга чиқади", дейилади хабарда.

Танлов натижаларини ҳисоблаш энди якунига етади — ДТМ

Сурат манбаси, BBCUzbek

Олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига кириш тест синовлари бўйича абитуриентлар тўплаган балларни ҳисоблаш ишлари якунига етган бўлса-да, талабгорларнинг талабаликка тавсия этилгани ёки этилмагани энди эълон қилинади.

Давлат тест маркази бу ҳақида хабар бермоқда.

"…жорий йилда кўплаб имтиёзлар (ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари, ИИВ органи ходимлари фарзандлари, ҳарбий қисм қўмондонлиги тавсияномаси, хотин-қизлар ва Сўх тумани учун ажратилган қўшимча қабул кўрсаткичлари ва бошқалар) ҳам тест синовлари орқали талабаликка қабул қилинадиган таълим йўналишларига, ҳам касбий (ижодий) имтиҳон орқали қабул қилинадиган таълим йўналишларига татбиқ этилаётганлиги ҳамда касбий (ижодий) имтиҳонлар 20 сентябрга қадар давом этганлиги сабабли, танлов натижаларини ҳисоблаш ишлари энди якунланмоқда.

Мазкур жараён якунига етгач, абитуриентларнинг талабаликка тавсия этилгани ёки этилмагани бўйича белгиланган тартибда тасдиқланган танлов натижаси Давлат тест марказининг расмий веб-сайтида эълон қилинади", дейилади расмий хабарда.

ЮНEСКО директори Мирзиёев таклифини қабул қилди

Сурат манбаси, official

23 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида нутқ сўзлаган президент Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё бўйича халқаро маданий форум ўтказиш ташаббусини илгари сурган эди.

"Маълумки, минтақамизнинг кўҳна ва бой маданий мероси глобал аҳамиятга эга. Биз 2021 йилда ЮНEСКО билан ҳамкорликда қадимий Хива шаҳрида "Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида" деган мавзуда халқаро форумни ўтказишга тайёрмиз", деган президент Мирзиёев.

ЮНEСКО раҳбари Одри Азуле ўзининг Twitter саҳифасида Ўзбекистон раҳбарининг ушбу ташаббусини мамнуният билан қабул қилишини маълум қилган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek