Ўзбекистон ва дунё: Ҳозир яхши ишга қандай қилиб кириш мумкин? - O'zbekiston, dunyo, yangiliklar

  • Тим Бовлер,
  • Би-би-сининг бизнес масалалари бўйича мухбири
Young woman looking for work

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи,

Таржимаи ҳолингиз зўр бўлишига эътиборли бўлинг

Ўзбекистон ва дунё: Ҳозир яхши ишга қандай қилиб кириш мумкин? - Пандемия боис, кўпчилик ишини йўқотди ва ҳали яна йўқотиши мумкин. Яхши иш топиш эса, янада қийинлашди. Шундай экан, ҳозир яхши ишга қандай қилиб кириш мумкин?

Келинг, энг муҳимидан бошласак: Таржимаи ҳолингизда исм шарифингиз, алоқа учун маълумотлар, эгаллаган кўникмаларингиз, ишчи ва кўнгилли сифатидаги тажрибангиз, квалификацияларингиз, таълим ва сиз ҳақингизда маълумот бериши мумкин бўлган шахслар исмлари бўлиши керак. Булардан ташқари экспертларнинг қуйидаги маслаҳатларига амал қилишингиз лозим.

1. Ҳар бир иш учун алоҳида CV

Рекрутерлар ҳар бир иш учун юзлаб ариза олади. Шундай экан, сизники бошқаларникидан ажралиб туриши керак. Сиз бир вақтда бир қанча ишга CV юборишингиз мумкин. Аммо ҳаммасига битта CVни юборманг. Уларнинг ҳар бирини муайян ишни ёдда тутган ҳолда тайёрланг.

CV тайёрлаш осон вазифадек туюлиши мумкин, дейди "Personal Career Management"дан Корин Миллс: "Аммо бу у қадар жўн иш эмас. Агар CV мурожаат қилинган иш учун мувофиқ келмаса, иш берувчи сизни ишни тушунмайди, деб ўйлаши мумкин."

Изланиш керак, дейди Корин: "Ваканция ҳақида маълумот олинг, ишга ёллаётганлар билан, рекрутер агентликлари ва ўша иш билан шуғулланадиган одамлар билан гаплашинг. Улар сиздан нимани кутиши ҳақида тўлиқ тушуниб олинг. Шундан сўнг CVни ёзишга киришишингиз мумкин.

Турғунлик ва Ковид-19 пандемияси оқибатлари билан юзма юз турган иқтисодий шароитда иш излаш хийла мураккаб масала.

Аммо таржимаи ҳолингизга (CV) эътибор қаратиш орқали ишга кириш учун суҳбатлардан муваффақиятли ўтиш имкониятингизни оширишингиз мумкин.

Сурат манбаси, Getty Images

Аввало иш берувчи истаётган малака ва кўникмаларни рўйхат қилиб ёзинг. Шундай қилсангиз, сизнинг CVингиз бошқаларники устида туради. CV ва "LinkedIn" профилингиз бир-бирига мувофиқ келишига амин бўлинг, чунки иш берувчи буни текширади.

"LinkedIn"да каръера масалалари бўйича эксперт Дараин Фаразнинг айтишича, сизнинг онлайн профилингиз сизни профессионал сифатида кўрсатиши билан бирга шахсиятингизни ҳам тўғри акс эттириши керак. "Ишга костюм киймасангиз, профил суратингизда ҳам бу кўриниб турсин. Соҳангиз ва қизиқишингизга доир мақолаларни улашинг ва ўзингиз учун муҳим иштиёқингиз ва волентёрлик қизиқишларингизни ҳам кўрсатинг."

2. Қисқа ёзинг

Рекрутирлар жуда кўп CVларни кўздан кечиришлари керак, уни A4 қоғозда икки бетдан оширманг. "Агар сизнинг CV мураккаб ёзилган бўлса, иш берувчи ўқишга ҳафсала қилмаслиги мумкин," дейди "CareerTree"дан Сара Арчер.

"Уларга қилган ишларингизнинг барини эмас, кераклигини айтинг. Ёдда тутинг, камроғи кўпроқдир - матнлар зич бўлмасин, ўқилишига қулай шаклда матн атрофи бўш қолсин."

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи,

Ишга ёлловчига нега орада ишсиз юрганингиз сабабини очиқ-ойдин қилиб тушунтиринг

Аввалги ишларингиз ҳақида узун абзацларни тўлдиргандан кўра, асосий маълумотни қисқа бандларда беринг. Ёдда тутинг, CV биринчи қадам. Қолган тафсилотларни суҳбатга чақирилганда айтасиз. Аввалги ишингиз номинигина ёзманг, унда нима иш қилганингизни ҳам қўшиб қўйинг. Мақсад - сизнинг маҳоратингиз ва тажрибангизни кўрсатишдир.

3. Каръерангиздаги бўшлиқларни изоҳланг

Ишламаган вақтларингизни керакли шаклда изоҳланг. Агар бўш қолдирсангиз, иш берувчи ўша вақтда қилган ишингиз ҳақида гапиришни истамаяпсиз деб ўйлайди.

"Агар ишламаган вақтинг жуда узун бўлса, буни CVда эмас, бошқа жойда тушунтиришга имконингиз бўлиши мумкин," деб маслаҳат беради "Reed.co.uk"дан Майкл Чари.

"Илова қилинадиган хат ўша бўшлиқни ва нима учун яна ишга қайтаётганингизни изоҳлаш учун яхши йўл. Агар ҳозир ишсиз бўлсангиз, фаол бўлинг, онлайн курслар, волёнтерлик ишларида қатнашинг," дейди у. Шу билан сиз ўрганишга иштиёқингиз борлигини кўрсатасиз.

4. Имло хатоларини текширинг

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи,

Таржимаи ҳолингиз хатосиз ёзилганига комил ишонч ҳосил қилинг, бу муҳим

CVнинг қабул қилинмаслигида асосий сабаблардан бири имловий хатолардир. Шунинг учун доим текширинг. Кимгадир бериб, ўқитинг. Бошқалар хатоингизни осонроқ илғайди. Бошқа бир йўли уни бир марта мазмунини тўғрилаш учун ўқиш, сўнг имлосини текшириш учун ўқиш. Иккисини ҳам бир вақтда тўғрилаб кетмоқчи бўлсангиз, ниманидир ўтказворасиз.

"Одамлар жуда оддий хатоларга ҳам йўл қўйишади, - дейди Корин Миллс. - 90 % CVда хатолар учрайди. Агар сиз қунт билан ишлашингизни ёзсангиз у, "қунт"ни хато ёзсангиз, гапингизни ёлғонга чиқариб қўясиз."

Сара Арчер тилга ҳам эътиборли бўлиш кераклигини айтади. "Мажҳул нисбатни ишлатаётганда эҳтиёт бўлинг, CVингиз салмоғини ошириш учун эришган муваффақиятларингиз ҳақида актив феъл билан ёзинг."

Сийқаси чиққан гаплардан қочинг. Рекрутерлар "Мен жуда киришимлиман" ёки "Жамоа билан яхши ишлайман" каби қийматга эга бўлмаган гапларни кўп ўқишади. "Сиз рекрутернинг эътиборини тортмоқчисиз, аммо буни тўғри асосларда қилиш керак," дейди Майкл Чари.

5. Қўлингиздан келмайдиган ишлар ҳақида ёзманг

Тажрибангиз ва маҳоратингиз ҳақида доим тўғри сўзланг, акс ҳолда, бир кун фош бўлиб қолади.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи,

Таржимаи ҳолингизда ёлғон нарсалар ҳақида ёзманг, кун келиб, ошкор бўлиб қолиши мумкин

"Агар CVда бирор нарсани уйдирсангиз, суҳбатда уларни асослаб бера олмаслигингиз мумкин, - дейди Сара Арчер. - Агар иш учун керакли кўникма сизда бўлмаса, қандай қилиб тажриба орттириш ва қандай тез ўрганишингиз ҳақида гапиринг."

Алдаманг "чунки ишончни бутунлай йўқотасиз", дейди Корин Миллс. Аммо "бу кўпчиликнинг муаммоси эмас."

"Улар кўпинча ўзларини етарлича баҳолай олмайди. Масалан, агар сиз 18 яшарли, энди иш қидираётганлардан бўлсангиз, сизда бор йўғи амалиёт ўтаган кунларингиз бор, унга яна бунда қандай тажриба орттирганингиз ҳақида қўшинг. Компаниялар ўз тажрибасининг қийматини биладиганларни қидиради."

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek