Ўқитувчилар куни: Янги имтиёзлар, рағбатлантириш ва мажбурий меҳнат - президент ўқитувчилар ҳақида нималар деди? - O'zbekiston, Mirziyoyev, yangiliklar

O'zbekiston

Сурат манбаси, konservatoriya.uz

Тошкентда 1 октябрь - Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросимда иштирок этган Президент Шавкат Мирзиёев мамлакатдаги таълим соҳасини ривожлантиришдаги муҳим масалалар борасида гапирган.

Аввалги йиллардан фарқли ўлароқ президент табрик нутқи билан чекланиб қолмай, соҳадаги муаммолар ва қилиниши зарур вазифаларни ҳам тилга олган.

Ўқитувчиларнинг нуфузи ва мавқеи

"Ўқитувчиларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясида бўлиши, уларнинг касбий фаолиятига ноқонуний аралашув, бошқа ишларга жалб қилиш жавобгарликка сабаб бўлишини қонун билан қатъий белгилаш керак", деган президент.

Шунингдек, у ўқитувчи ва муаллимларнинг ижтимоий ҳаётдаги нуфузи ва мавқейини ошириш мақсадида уларнинг мақомини қонун даражасида белгилашни таклиф қилган.

"Жумладан, мактаб директори, унинг ўринбосари, синф раҳбари, ўқитувчининг мақоми белгиланиши лозим. Ўқитувчиларга устама тўлаш, уларни рағбатлантириш мезонлари ҳам тўлиқ қайта кўриб чиқилиши керак".

Мажбурий меҳнат

Сурат манбаси, Ўзбекистон президенти матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев бунга қадар ўқитувчилар асосий вазифаси бир четда қолиб, уларни ўзларига мутлақо алоқаси бўлмаган ишларга жалб этиш чуқур илдиз олганини тан олган.

"Оқибатда соҳа ходимлари гўёки кераксиз ва ҳимоясиз қатламга айланиб қолди. Қанчадан-қанча тажрибали ўқитувчилар дили оғриб, севган касбини ноилож ташлаб кетганини ҳам биламиз», таъкидлаган президент.

Шунингдек, у ўқитувчиларнинг асосий вақти далада ўтгани, эндиликда, қишлоқ хўжалигининг фермер ва кластерларга топширилаётгани ортидан бундай салбий ҳолатлар тарихда қолганини тилга олган.

"Яқин-яқингача ўқитувчи-муаллимлар, айрим жойларда ўқувчилар ҳам, тўрт ойлаб пахта йиғим-терими, чопиқ ва яганага чиқарилгани сир эмас. Натижада ўқитувчи бир ойда ўртача 80 соат дарс ўтиши керак бўлса, тўрт ойда 320 соат йўқотадиган вазият вужудга келди. Ўз навбатида, ўқувчи бир ойда 136 соат сабоқ оладиган бўлса, тўрт ойда 544 соат дарсни бой беришга мажбур бўлди", сўзлаган президент.

Синф раҳбарлари учун қўшимча тўлов

Президент Мирзиёев сўнгги йилларда ўқитувчиларнинг ойлик маошлари оширилгани, бюрократик юкламалар кескин камайтирилгани, соҳа вакилларига эътибор сабабли мактабларга эркак ўқитувчилар қайта бошлагани ҳақида гапирган.

У синф раҳбарлари масаласига алоҳида тўхталган.

"Хусусан, 2020 йил 1 октябрдан бошлаб 242 минг нафар синф раҳбари учун қўшимча тўлов миқдори бир ярим баробар оширилади. Мазкур мақсадлар учун йиллик 400 миллиард сўмдан зиёд қўшимча маблағ йўналтирилади".

Мажбурий обуна

Сурат манбаси, Ўзбекистон президенти матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев кейинги йилларда мажбурий обуна баҳонасида ихтиёрий обунанинг ҳам йўқ бўлиб кетгани ҳақида гапирган.

"Шундай аянчли ҳол келдики, ҳатто айрим раҳбарлар газета ўқимаслиги билан мақтанадиган бўлиб қолдилар. Менинг компьютеримда ҳамма нарса бор, менинг телефонимда ҳамма бор деб. Йўқ, газета ҳам, журналлар ҳам ўқиш керак, бу замон талаби. Ўқитувчи ўзининг ижобий таълимини, билимини, методикасини ёзиши керак, муҳокама қилиши керак".

У бу масалада Японияни мисол қилиб кўрсатган.

"Ўзингиз биласиз, дунёда компьютер технологиялари энг ривожланган давлат бу Япония ҳисобланади. Лекин бу мамлакатда кунига уч-тўрт миллион нусха нашр этиладиган газеталар борлигини нима дейсиз? Газета ва журналлар мактабга керак".

Мактаб директорлари ва маҳаллий кенгашлар

Президент мактаб директорлари йил якуни бўйича дастурлари ижроси ҳақида маҳаллий кенгашларга ҳисобот тақдим этиши, уларнинг фаолиятига халқ вакиллари томонидан очиқ-ойдин баҳо берилишини билдирган.

"Нима учун маҳаллий кенгашларга халқ баҳо бериши керак? Агар ҳаётимизни ўзгартирамиз десак, халқ овози баралла жаранглаши керак. Мактаб директорига интизомий жазо бериш ва уни лавозимидан озод қилиш масаласи ҳам маҳаллий кенгашлар билан келишилган ҳолда амалга оширилиши зарур", деган давлат раҳбари.

ОАВ ва раҳбарлар

Президент Мирзиёев касб байрами муносабати билан ташкил этилган маросимда ОАВ билан мулоқот қилмаган раҳбарларнинг келажаги бўлмаслигини таъкидлаган.

"Халқ овози уларни [ҳокимларни] сергак бўлишга, сергак юришга, сергак ишлашга, ҳар бир гапини ўйлаб гапиришга мажбур қилиши керак. Ўзбекистон ҳозир очиқ, олдингидек ёпиб қўйишга иложимиз йўқ. Чегараларни ёпмаймиз энди. Интернет ёпилмайди. Оммавий ахборот воситаларига яна бир марта миннатдорчилик билдирмоқчиман. Улар билан мулоқот қилмаган раҳбарларнинг келажаги бўлмайди".

Президент раҳбарларнинг сўз эркинлигини қабул қилишга мажбурлигини билдирган.

"Катта синовлардан ўтяпмиз, айримлар оммавий ахборот воситаларининг саволларига, оммавий ахборот муҳитини яратишга чидамаяпти, адолат овозини эшитишни хоҳламаяпти. Лекин мажбур бўлади. Ёки хайрлашамиз".

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek