Янгиланмоқда, Тоғли Қорабоғ уруши - Россия музокара мезбонлигини таклиф қилди, видео Tog’li Qorabog’, Rossiya, Turkiya, dunyo, yangiliklar

Тоғли Қорабоғ

Сурат манбаси, EPA

Россия Тоғли Қорабоғда кечаётган жангларни тўхтатиш учун душман томонларга мезбонлик қилиш таклифи билан чиқди.

Тоғли Қорабоғ: Арманистон ва Озарбайжон охиригача жанг қилмоқчи - yangiliklar, dunyo BBC News O'zbek

Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Озарбайжон ва Арманистон раҳбарларини Россияга музокараларга таклиф этгани ҳақида хабар қилди.

Жаноб Лавров ўзларининг таклифини Озарбайжон ва Арманистон ташқи ишлар вазирларига телефон қўнғироқлари билан етказганини билдирди.

27 сентябрь тонгидан бошланган жанговар амалиётлар оқибатида икки томондан ҳалок бўлган ҳарбий ва тинч фуқароларнинг сони 100 дан ошгани хабар қилинди.

Орада Россия Президенти Владимир Путин Франция Президенти Эммануэл Макрон билан телефон мулоқотида Тоғли Қорабоғ можаросини муҳокама қилганлар.

Франция ва Россия президентлари халқаро ҳамжамиятнинг зудлик билан ўт очишни тўхтатиш чақириқларига қўшилганлар.

Бироқ Озарбайжон ва Арманистон раҳбарлари тинчлик музокараларига ўтириш чақириқларини рад этмоқдалар.

1 октябр куни Тоғли Қорабоғда бўлган франциялик икки журналист, бир арманистонлик телеоператор жароҳатлангани хақидаги хабарлар тарқалди.

Арманистон расмийларига кўра, Озарбайжон ҳарбий кучлари атайин журналистларни нишонга олганлар, Озарбайжон томони эса буни рад этади.

Шу куни жанглар бир неча жабҳада кучайгани кузатилган.

30 сентябрь

Тоғли Қорабоғ: Қақшатқич жанглар бугун, тўртинчи кун ҳам давом этган - ҳар икки рақиб томон бир-бирларининг катта талафотларга учрашаётганини даъво қилишмоқда. Бу баёнотларни мустақил манбалардан текшириш ҳали-ҳануз имконсизлигича қолаётир.

Томонлар оғир техника ва замбараклар қўллашмоқда, яна ҳар икки тарафдан инсоний талафотларга оид хабарлар бор.

Тоғли Қорабоғда нималар бўлмоқда? Видео:

Арманистон ва Озарбайжонда ҳарбий ҳолат эълон қилинган, умуммиллий сафарбарлик давом этмоқда.

Худди шу манзарада Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги янги баёнот билан чиққан.

"Арманистон кучлари баҳсли ҳудуддан буткул чиқиб кетмагунча ҳарбий амалиётлари давом этиши"ни баён қилган.

Бу - Озарбайжоннинг ҳали-вери ортга қайтмаслик руҳида эканига далолат қилиши мумкин.

Можаролар остидаги ҳудудлар эса, Тоғли Қорабоғ ва уни ўраб турган туманлар бўлади.

Расмий Бокунинг бу баёнотига Ереван ҳалича ўз муносабатини билдирмаган.

Фавқулодда йиғин

Сурат манбаси, EPA

Тоғли Қорабоғ, БМТ Хавфсизлик Кенгаши: Арманистон ва Озарбайжон, жангларни зудлик билан тўхтатинг - Хавфсизлик Кенгаши кеча, сешанба куни тунда Нью-Йоркда фавқулодда йиғин ўтказди, резолюция қабул қилди. Тоғли Қорабоғдаги рақиб томонларга худди ана шундай даъват билан чиқди.

Бирлашган Миллатлар Хавфсизлик Кенгаши Арманистон ва Озарбайжонни "зудлик билан жангларга чек қўйиш" ва музокараларни бошлашга чақирди.

Бу ҳақда Франциянинг "Франс-Пресс" ахборот агентлиги хабар бермоқда.

Ўтган уч кун ичида дунёнинг барча йирик ҳарбий ва ноҳарбий ташкилотлари, қудратлари ва уларнинг лидерлари ҳам худди шундай даъват билан чиқишган, аммо жанглар ҳалича тинмаган.

Тоғли Қорабоғ замонавий дунёнинг узоқ йиллик можароларидан бири бўлади, тарихи қарийб 30 йилга бориб тақалади, аммо шу пайтгача тинч музокаралар йўли иш бермай келаётгани кўрилади.

Сурат манбаси, Reuters

30 сентябрь кунги жанглар силсиласи:

  • Жанглар бир вақтнинг ўзида туташув чизиғининг бир нечта қисмида кузатилган. Асосан Тоғли Қорабоғ шимоли ва жанубида кечган.
  • Ҳар икки рақиб томон ҳам тинч аҳоли орасида яна талафотлар борлигига оид янги баёнотлар билан чиқишган.
  • Расмий маълумотларга кўра, уч кунлик жангларда ҳар икки томондан камида 100 киши қурбон бўлган. Оддий одамлар ҳам ўлган.
  • Озарбайжон ўз ҳарбийлари орасидаги талафотларни ҳалича расман эълон қилмаган.
  • Туркия Озарбайжонни фаол дастаклаётгани сабаб, бу галги тўқнашувлар аввалгисидан фарқ қилади.
  • Анқаранинг Тоғли Қорабоғдаги ҳарбий иштироки ҳалича расман тасдиқланмаган. Аммо Туркия Ташқи ишлар вазирлиги ўзларига қардош халққа кўмак беришга тайёр эканликларини айтиб келмоқда.
  • Арманистоннинг баён қилишича, кеча, сешанба куни ўз қирувчи самолётлари Туркиянинг F-16 си томонидан уриб туширилган. Расмий Анқара ва Боку Ереваннинг бу даъвосини рад этиб чиққан.
  • Россия ҳозирча нейтрал мавқеъда - ҳар икки томонни тинч музокараларга ундаб келмоқда.
  • Туркия кеча, чоршанба куни Озарбайжонни дастакловчи баёнотлари оҳангини кучайтирган: Туркия Ташқи ишлар вазирлиги тинч музокаралар ўз маънисини йўқотгани ва Тоғли Қорабоғ муаммоси "туб"дан ҳал этилиши лозимлигини баён қилган.

Сурат манбаси, Reuters

Арманистон Россия шамсияси остидаги Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотининг аъзоси бўлади, аммо Озарбайжон бу иттифоққа кирмайди.

Коллектив Хавфсизлик Шартномаси ташкилоти жиддий низолар ичида қолган аъзо давлатга кўмакка келиш, у ерга ўзининг тинчликни сақлаш кучларини юбориш ҳуқуқига эга саналади.

Аммо, шуниси ҳам борки, Тоғли Қорабоғ расман Арманистонга кирмайди.

Халқаро ҳамжамият томонидан Озарбайжоннинг ҳудуди, деб саналади.

Жанглар эса, фақат Тоғли Қорабоғда бормоқда. Худди шу боис ҳам, Россия етакчилигидаги ташкилотнинг унга аралашишга расман ҳаққи бўлмайди.

Россия ҳам ҳозирча бундай қилаётгани йўқ, рақиб томонларни ўт очишни тўхтатишга ундаш билан чекланмоқда.

Арманистоннинг Россиядаги элчиси кеча, сешанба куни Ереван ҳалича ёрдам сўраб, Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига мурожаат қилмаганини айтган.

Аммо мамлакат раҳбарияти бу масалани кўриб чиқаётганини айтган.

Бу ҳақда Россиянинг "Новости" ахборот агентлиги хабар берган.

Сурат манбаси, EPA

29 сентябрь

Тоғли Қорабоғдаги рақиб томонларнинг жанг жабҳасидаги вазият борасида бераётган маълумотлари жуда чекланган ва уларни мустақил манбалар орқали тасдиқлаш ҳали-ҳануз имконсизлигича қолмоқда.

Агар, кеча имконли бўлганларидан хулоса қилинса, сешанба куни жанг жабҳасида жиддий ўзгаришлар бўлмаган.

Тоғли Қорабоғ минтақаси устида Озарбайжон ва Арманистон ўртасида бошланган жангларда 100 нафарга яқин одам нобуд бўлди.

Қурбонлар орасида тинч фуқаролар ҳам бор. Жанглар ҳамон давом этмоқда.

Ҳар икки тараф ҳам аҳоли ўлимида бир-бирини айбламоқда.

Тоғли Қорабоғ расман Озарбайжон ҳудуди саналади.

Аммо 1994 йилдан бери бу минтақани арманлар бошқаради.

Айни пайтда, Тоғли Қорабоғ атрофидаги Озарбайжон ҳудудлари ҳам арманилар назоратида қолмоқда:

28 сентябрь

Сурат манбаси, official

Тоғли Қорабоғ: Ўзбекистон жиддий ташвишда, иккинчи кундирки, отишмалар "давом этмоқда" - ҳар икки томондан оғир артиллерия ҳам ишга солинган. Озарбайжон ва Арманистон зиддиятли минтақа устидан яна тўқнашди. Ўнлаб талафотларга оид хабарлар бор. Тоғли Қорабоғ ортидан, ҳар икки давлатда ҳарбий ҳолат, айрим ҳудудларида умуммиллий сафарбарлик эълон қилинган. Ўзбекистон МДҲ раиси сифатида можарони тинч йўл билан ечишга чақирмоқда:

Арманистон ва Озарбайжон ўртасида қақшатқич жанглар, иккинчи кундирки, давом этмоқда, ҳар икки томон ҳам ўзларининг қўллари баланд келаётганини иддао этишаётир.

Ўзбекистон Озарбайжон ва Арманистон муносабатларидаги кескинликнинг кучайишидан "жиддий хавотирда".

Мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги янги тўқнашувлар фонида кеча, якшанба куни худди шу мазмундаги баёнот билан чиқди.

Боку аэропорти ёпилган, Тоғли Қорабоғдаги қуролли можаролар сабаб, Москва биржасида рубль арзонлаган.

Тоғли Қорабоғ замонавий дунёнинг ҳали-ҳануз ўз ечимини топмай келаётган муаммоларидан бири бўлади, тарихи бир неча ўн йилга бориб тақалади.

Қорабоғ томонига кўра, душанба куннинг ўзида камида 28 арман ҳарбийси ўлдирилган.

Бундай баёнот билан шу соатларда расман тан олинмаган Тоғли Қорабоғ респубикаси Мудофаа вазирлиги чиққан.

Вазирлик уларнинг рўйхатини ҳам келтирган.

Аммо бу баёнотга расмий Боку муносабати ҳозирча имконсиз.

Озарбайжон томонига кўра, Арманистоннинг замбарак ҳужумларида 26 нафар тинч фуқароси яраланган. Бундан аввал камида беш кишисини қурбон берганлигини айтганди.

Можаро иштирокчиларининг рақиблари талафотини ўзлариникидан кўп, деб кўрсатишга мойилликлари кузатилади.

Ҳар икки томон бир-бирларини тинч фуқаролар ўлимида ҳам айблашаётир.

Вазирлик матбуот хизматининг билдиришича, Арманистон Мудофаа вазири ҳозир Тоғли Қорабоғда.

Туркия президенти Режеп Таййип Эрдўған эса, "Арманистон Озарбайжоннинг ишғол этиб турган ерларидан зудлик билан чиқиб кетиши шарт" эканини баён қилган. Бу ҳақда Рейтер хабар берган.

Арманистон Бош вазири, ўз навбатида, Туркия Озарбайжонга F-16 русумидаги қирувчи самолётлари билан ёрдам бераётганини даъво қилган.

Унинг бу сўзларига Озарбайжон томони ҳалича ўзининг муносабатини билдирмаган.

Европа Иттифоқи Тоғли Қорабоғ можаросига четдан аралашмаслик билан огоҳлантирган.

Сурат манбаси, Foreign Ministry of Armenia

Томонлар бу гал шу шанбадан якшанбага ўта кечаси тўқнашишган, тўқнашувларнинг бу яқин йилларда кузатилмаган даражада қақшатқич бўлгани айтилмоқда.

Хабарларга кўра, ҳар икки томондан аскарий, инсоний ва ҳарбий талафотлар бор.

Бунгача қурбонларнинг жаъми сони камида 23 тага нисбат берилган.

Аммо аниқ маълумотлар ҳали-ҳануз имконсиз. Рақамлар томонларнинг даъволарига таянган.

Биринчи бўлиб ўт очганликда томонлар бир-бирларини айблашмоқда.

Бу каби қақшатқич тўқнашув минтақада сўнгги бор 2016 йилда юз берган, ўшанда камида 200 киши қурбон бўлган.

Туркия Озарбайжонни дастаклаб чиқди. Арманистон Бош вазири Путинга сим қоқди.

Сурат манбаси, official

Россия Тоғли Қорабоғ минтақасида кенг кўламли тўқнашувлар бошланиб кетганидан жиддий хавотир билдирди.

Вазият янада оловланиб кетмаслиги учун ҳозир лозим барча чора кўрилиши кераклигини айтди.

Энг муҳими дея, ҳарбий ҳаракатларга чек қўйилиши зарурлигини таъкидлади.

Россия томонининг бу каби баёнотига расмий Бокунинг муносабати ҳозирча имконсиз.

Россия Арманистонда ўз ҳарбий базасига ҳам эга.

Орада Греция ҳам Арманистонни қўллаб чиққан.

Арманистон халқаро ҳамжамиятдан Туркияни бу можародан четда тутишни сўрамоқда.

Европа Иттифоқи вакили Озарбайжон томонига сим қоққан. Иттифоқ ҳам вазиятни юмшатишни сўрамоқда.

Нато ва КХШТ ҳам худди шу каби мавқеъда. Улар ҳам томонларни музокаралар столига ўтиришга даъват этиб чиқишди. Бу можарога ҳарбий ечим йўқлигини айтишди.

Эрон томонига кўра, ҳар икки қўшнисидаги вазиятни яқиндан кузатиб турибди.

Бунинг ортидан, Рим Папаси, АҚШ Давлат департаменти ва Бирлашган Миллатлар Бош котиби ҳам томонларни тинчликка чақириб чиқишди.

Вазиятга АҚШ президенти ҳам эътибор қаратди, муроса йўлларини ахтараётганини айтди.

АҚШнинг Озарбайжондаги собиқ элчиси ҳар икки томонга санкциялар киритишга чақирди.

Минтақадаги вазият миллати арман америкалик теле-юлдуз Ким Кардашьян эътиборидан ҳам четда қолмаган.

У "Озарбайжонни агрессия"да айблаб чиққан.

"Халқаро кузатувчилар текширув ўтказишлари кераклиги, кераксиз эскалация ва фожеага йўл қўймаслик учун сиёсий ва дипломатик чоралар кўрилиши лозим"лигини ёзиб, твит қилган.

Қуролли тўқнашувлар

Сурат манбаси, Reuters

Расман тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси президенти Араик Арутюнаннинг айтишича, бир қанча мавқеъларини Озарбайжонга бой беришган.

Бундан аввал Озарбайжон Мудофаа вазирлиги баёнот билан чиққан, зиддиятли минтақадаги олтита қишлоқ ва стратегик аҳамиятга эга қатор тепаликларни қўлга киритганликларини даъво қилган.

Арманистон томони расмий Бокунинг бу баёнотини рад этиб чиққанди.

Озарбайжон президенти кеча, якшанба куни зиддиятли минтақа устидан ўз назоратларини ўрнатишга ишончи комиллигини айтган.

Илҳом Алиевнинг даъво қилишича, Арманистон Қуролли кучларининг ҳужумларига жавобан кенг кўламли амалиётларни бошлашга буйруқ берган.

"Ўзларининг муваффақиятли аксиламалиётлари 30 йиллик ишғол, адолатсизликка чек қўйишига амин эканлиги"ни таъкидлаган.

Хабарларга кўра, отишмалар бугун, душанба куни ҳам давом этмоқда.

Россиянинг "Интерфакс" ахборот агентлигига кўра, шу соатларда Арманистон Озарбайжоннинг Тертер шаҳрини ўққа тутмоқда.

Агентликнинг Арманистон Мудофаа вазирлигидан иқтибосига таянилса, расмий Ереван Озарбайжонни "сўнгги бор огоҳлантирган".

"Озарбайжон Қуролли кучларига муносиб жавоб зарбаси беришлари"ни айтган.

"Интерфакс"нинг бу хабарига расмий Бокунинг муносабати ҳозирча имконсиз.

Озарбайжон томонига кўра, душманларининг фаол ҳарбий амалиётларини даф этиш жараёнида икки танкини вайрон этишган.

Боку кеча, якшанба куни ўзлари ҳам бир тикучарларини бой беришганини тасдиқлаган, аммо экипажи омон қолганини айтган.

Расмий Тошкентнинг кеча, якшанба кунги баёнотида огоҳлантиришича, " ўзаро қарама-қаршилик чоғида ҳарбий куч ишлатилиши ҳар икки томондан ҳам кўплаб инсонларнинг қурбон бўлишига олиб келиши мумкин".

Сўнгги тўқнашувлар глобал коронавирус пандемияси фонида бўй кўрсатмоқда.

Тоғли Қорабоғ можароси

Сурат манбаси, EPA

Тоғли Қорабоғ уруши 1988 йили бошланган.

Бироқ бу ҳудудда яшовчи насроний ва мусулмонлар ўртасида ер учун қарама-қаршиликлар 100 йилларга бориб тақалади.

Аҳолисининг аксарини арманлар ташкил қилган Тоғли Қорабоғ Мухтор вилояти СССР замонида Озарбайжон таркибида бўлган.

Арманларнинг Тоғли Қорабоғни Озарбайжон таркибидан олиб чиқиб, Тоғли Қорабоғ республикасини ташкил қилиш ғояси қонли ҳодисаларга сабаб бўлган.

1994 йилгача давом этган уруш оқибатида Озарбайжон Тоғли Қорабоғ билан бирга ўзининг етти тумани устидан назоратни йўқотган.

Тоғли Қорабоғ ўзини республика деб эълон қилган, бироқ бу республика халқаро ҳамжамият томонидан тан олинмаган.

1992 йилдан буён Тоғли Қорабоғ можаросини ҳал этиш мақсадидаги музокаралар давом этмоқда.

Озарбайжон ўзининг ҳудудий яхлитлиги таъминланишини талаб қилади. Арманистон эътироф қилинмаган республика тарафини олиб келади.

Ўзбекистон ҳам томонларни "ҳарбий ҳаракатларни тезда тўхтатиш"га даъват этаркан, "можарони суверенитет ва ҳудудий яхлитлик тамойилларига риоя қилган ҳолда тинч йўл билан бартараф этиш мақсадида дипломатик музокараларни бошлашга чақириб" қолган.

Сурат манбаси, official

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek