Ички кийимлар шоуси: Рианна бу гал исломий ҳадислар учун узр сўради - dunyo, Islom dini, moda, yulduzlar, yangiliklar

  • Набина Паркар
  • BBC Minute
Rihanna

Сурат манбаси, Getty Images

Ички кийимлар шоуси: Рианна бу гал исломий ҳадислар учун узр сўради - ҳадислар мусулмонлар учун Қуръондан кейинги энг муқаддас диний манба ҳисобланади. Бу Рианнанинг Исломга нисбатан беписанд муносабатда бўлишда биринчи марта айбланиши эмас.

Рианна "Savage X Fenty" мода намойишида тортишувларга сабаб бўлган қўшиқ куйлангани учун узр сўради.

У Куку Хлоенинг "Doom" қўшиғидан фойдалангани учун интернетда жиддий танқидларга учради. Қўшиқда исломий ҳадисдан фойдаланилган экан.

Рианна қўшиқдан фойдаланиш "масъулиятсизлик" ва "самимий, аммо эҳтиётсизлик орқасидан қилинган хато" бўлган, деб айтди.

Ҳадис Муҳаммад пайғамбар томонидан сўзлангани ишониладиган матнлардир.

Ҳадислар мусулмонлар учун Қуръондан кейинги энг муқаддас диний манба ҳисобланади.

Қўшиқ орасида айтилган арабча матн қиёмат куни ҳақидаги ҳадис бўлган.

Куку Хлое қўшиқда исломий муқаддас матн борлигидан хабари бўлмаганини айтиб, узр сўради.

"Ислом эстетика эмас"

Рианнанинг мода ва гўзаллик бренди бўлмиш "Fenty" маданий турфахилликка эътибор қаратиши билан ўтмишда олқишларга сазовор бўлиб келган.

Аммо айрим мусулмонлар 2 октябрь куни "Amazon Prime" орқали узатилган ички кийимлар шоусида бундай қўшиқдан фойдаланилганини сўроққа тутган.

26 ёшли Ҳодҳен Лиаден мода бўйича ёзувчи блогер, у Рианна ва "Fenty"нинг мухлиси, аммо шоуда бу қўшиқдан фойдаланилгани хато иш бўлганини айтади.

У Рианнанинг узр сўраши уни "тетиклаштиргани"ни, аммо катта брендларга "мана шундай ҳолатларни аввалдан илғайдиган мусулмонлар керак"лигини айтади.

"Ислом эстетика эмас, дин эстетика эмас," дейди Ҳодҳен "Radio 1"га.

Сурат манбаси, Instagram/BadGalRiri

Ҳодҳен аввал "Fenty" маҳсулотларини сотиб олган, аммо бу воқеа унинг фикрини ўзгартириши мумкинлигини айтади.

У ҳатто интернетда реклама қилиш учун бренд юборган бепул маҳсулотлардан ҳам фойдаланмаслиги мумкин.

"Бу маҳсулотларни сотиб оламан ёки "Instagram"да тарғиб қиламан деб ўйламайман. Менда реклама қилиш учун юборилган бир қути "Fenty" маҳсулотлари турибди, уларни нима қилишни билмайман."

Сурат манбаси, Hodhen Liaden

Сурат тагсўзи,

Ҳодҳен кўнгли қолган биргина одам эмас

Ҳодҳен кўнгли қолган биргина одам эмас. Аруж Афтаб ҳам мода блогери. У брендларнинг маданий жиҳатдан турфа хил бўлиши кераклиги ҳақида ёзиб келади.

Рианна ва Куку Хлоенинг узри чиқмасдан аввал Би би си Осиё тармоғига гапирар экан, Аруж "Ўша видео кўрганимда кўнглимни бехузур қилди", деб айтди.

"Бу ҳадис. Ва у аёллар ички кийимда рақс тушаётган қўшиқда тилга олинди."

"Ислом мўътадил - [бу эса] унга зид. Ҳар бир мусулмон бундан ўзини ҳақоратлангандек ҳис қилишга ҳақли".

Сурат манбаси, Arooj Aftab

Сурат тагсўзи,

Аруж "Ўша видео кўрганимда кўнглимни бехузур қилди", деб айтди.

"Ножоиз суратлар"

Бу Рианнанинг исломга нисбатан беписанд муносабатда бўлишда биринчи марта айбланиши эмас.

2013 йили у "ножоиз шаклда" суратга тушгани учун Абу Дабидаги масжиддан чиқиб кетишини сўрашган.

Мода саноати аввал ҳам исломни "ўзлаштириш"да айбланган эди.

Августда Канье Уест ўзининг "Yeezy Boost" кроссовкаларини икки исломий фаришта Исрофил ва Азроил номи билан атагани учун танқид қилинганди.

Онлайн дўкон "Shein" июль ойида жойнамозни "бурмали юнон гиламлари" деб реклама қилгани учун узр сўраган эди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek