“Чўзилган Ковид”: Нега айрим одамлар буткул соғая олмаяпти? - O'zbekiston, koronavirus, dunyo, yangiliklar

  • Жеймс Галлаҳер
  • Би-би-сининг Саломатлик ва илм-фан масалалари бўйича мухбири
Woman with fatigue

Сурат манбаси, Getty Images

"Чўзилган Ковид": Нега айрим одамлар буткул соғая олмаяпти? - "Чўзилган Ковид" деб аталган бу ҳолат одамларга ҳолдан тойдирувчи таъсир қилади. Бироз юрса, ҳарсиллаб қолаётганлар ҳақида кўп гапирилмоқда. Сизни ҳам шу савол қизиқтирганми? Дунёнинг етакчи мутахассислари бунга жавоб топишга уринишди.

"Чўзилган Ковид" деб аталган бу ҳолат одамларга ҳолдан тойдирувчи таъсир қилади. Бироз юрса, ҳарсиллаб қолаётганлар ҳақида кўп гапирилмоқда.

Ҳозиргача пандемия даврида инсонлар ҳаётини сақлаб қолишга эътибор қаратилди, аммо одамлар Ковид инфекциясидан сўнг унинг узоқ муддатли асоратларига юз тутаётгани борган сари аён бўлиб боряпти.

Нега одамлар бундай давомли Ковидга учраяпти ёки ҳамма ундан бутунлай соғаймоқдами ўзи каби саволларга жавоблар жумбоққа, ноаниқликка тўла.

Чўзилган Ковид нима?

Бунинг аниқ тиббий таърифи йўқ, беморлар шикоят қилаётган симптомлар ҳам бир бирига ўхшамайди - чўзилган Ковидга йўлиққан икки одам икки тур тажрибани бошдан кечириши мумкин.

Шундай бўлса да, энг кўп такрорланадиган симптом - одамни эзадиган чарчоқдир.

Бошқа симптомлар қаторида нафас етишмай қолиши, давомли йўтал, бўғим ва мушаклар оғриши, эшитиш ва кўришдаги муаммолар, бош оғриғи, ҳид ва таъм билишнинг узоқ вақт тикланмаслиги, шунингдек, юрак, ўпка, буйрак ва ошқозон ичаклардаги асоратлар.

Психологик муаммолар ҳам кузатилган, жумладан, депрессия, давомий хавотир, тиниқ фикрлай олмаслик.

Бу касаллик одам ҳаёти сифатига жуда салбий таъсир қилиши мумкин. "Аввал ҳеч бу қадар чарчаганимни эслай олмайман," дейди азият чекаётганлардан бири Жейд Грей Кристи.

Чўзилган Ковид касалликнинг оғир шаклини бошдан ўтказганлардагина эмас, ҳатто унинг енгил шакли билан оғриганларда ҳам давомли ва оғир соғлиқ асоратлари қолмоқда.

"Чўзилган Ковид борлигига шубҳамиз йўқ," дейди Би-би-сига Экзетер университетидан Дэвид Стрейн. У ўзининг Сурункали Чарчоқ Синдроми клиникасида айни шу касалликка чалинганларни ҳам қабул қилмоқда.

Бу қанча одамда кузатилмоқда?

Америка Тиббиёт Ассоциацияси журналида чоп қилинган тадқиқот Римда 143 беморни кузатиш натижаларига таянади. Бу беморлар касалхонадан чиққан заҳоти кузатувга олинган.

Улардан 87 фоизида орадан икки ой ўтиб ҳам камида битта симптом қайд қилинган, ярмидан кўпида ҳамон чарчоқ сезилади.

Шундай бўлса да, бу каби тадқиқотлар касалхонада даволанган оз сонли одамларнигина қамраб олади.

"Ковид Симптомини Кузатиш" иловасини Британияда тахминан тўрт миллион одам ишлатади. Ундаги маълумотларга кўра, 12 фоиз одам касалликдан кейинги ўттизинчи кунда ҳам баъзи симптомлардан қутилмаган. Нашр қилинмаган охирги маълумотга кўра, ҳар 50 одамдан биттаси (2%) орадан 90 кун ўтиб ҳам чўзилган Ковид симптомлари билан юрибди.

Чўзилган Ковидга чалиниш учун Ковид билан оғир касалланиш керакми?

Афтидан ундай эмас.

Дублинда ўтказилган ўрганишларга кўра, текширилган одамларнинг ярми коронавирусга чалингандан 10 ҳафта ўтиб ҳам, чарчоқдан азият чекмоқда. Уларнинг учдан бири ишга чиқа олмаяпти.

Муҳими, докторлар инфекциянинг оғирлиги ва чарчоқ ўртасида боғлиқлик топа олмаяпти.

Аммо ўта чарчоқ чўзилган Ковиднинг симптомларидан бири, холос.

Лестер университетидан проф. Крис Брайтлинг беморларнинг тузалиш жараёнини кузатувчи "PHOSP-Covid" лойиҳаси раҳбари. Унинг айтишича, ўпкасига зарар етгани учун пневмонияга чалинганлар кўпроқ қийналишлари мумкин.

Сурат манбаси, SPL

Сурат тагсўзи,

Коронавирусдан зиён чеккан ўпканинг тасвири

Вирус қандай қилиб чўзилган Ковидга сабаб бўлмоқда?

Турли фаразлар бор, аммо аниқ жавоблар йўқ.

Вирус тананинг аксар қисмидан йўқолиши мумкин, аммо унинг айрим қисмларида сақланиб қолиши эҳтимоли бор.

"Агар узоқ давом этган диарея кузатилса, вирусни ичаклардан топиш мумкин, агар ҳид йўқолган бўлса, асаб толаларидан топилади ва бу ўша жойда муаммо чиқаради," дейди Лондон Қироллик коллежидан проф. Тим Спектор.

Коронавирус танадаги турли ҳужайраларни бевосита зарарлайди ва иммун тизимини меъёрдан ортиқ фаоллаштиради, бу эса бутун тана бўйлаб асоратлар қолдириши мумкин.

Яна бир тахминга кўра, Ковиддан сўнг иммун тизими нормал ҳолатга қайтмайди ва соғлиқни заифлаштиради.

Инфекция, шунингдек, инсон органлари функциясида ҳам ўзгаришларга сабаб бўлиши мумкин. Бу айниқча ўпкалар зарарланганда янада яққолроқ кузатилади. Узоқ муддатли муаммолар Сарс ва Мерс инфекцияларидан сўнг ҳам кузатилган. Буларнинг ҳар иккиси ҳам коронавирус турлари саналади.

Аммо Ковид одамда метаболизм жараёнига ҳам таъсир қилиши мумкин. Ковид сабабли ривожланган диабетдан сўнг қондаги шакарни назорат қилишга қийналаётган одамлар ҳам бўлди. Сарсдан сўнг бир йилгача тананинг ёғни қайта ишлаши ўзгариб қолган ҳолатлар ҳам қайд этилган.

Мия структурасида ҳам ўзгариш белгилари кузатилган, аммо булар хали ўрганиш босқичида. Ковид 19 қонда ҳам ғалати ўзгаришларга сабаб бўлмоқда, жумладан, қоннинг ноодатий қуюлиши, уни бутун тана бўйлаб ҳаракатини таъминлайдиган томирлардаги жароҳатлар.

"Мен тўқималарга кислород ва озуқа етказувчи майда қон томирлар вақтидан олдин қариши ҳақидаги назария устида ишлаяпман," дейди проф. Стрейн Би-би-сига. Чўзилган Ковидга нима сабаб бўлаётганини билиб олмагунча, "унга даво топиш қийин", деб огоҳлантиради у.

Бу ғайриодатий ҳолатми?

Вирусдан кейинги чарчоқ ёки вирусдан кейинги йўтал яхши ўрганилган ва кўп учрайди. Бизнинг деярли ҳар биримиз тузалиши йилларча давом этган инфекцияга чалинган бўлсак керак.

Гландулар иситмага чалинган ҳар ўн бемордан тахминан биттасида чарчоқ ойларча давом этади. Грипп ҳаттоки - айниқса, 1918 йилдаги пандемиядан сўнг - Паркинсон касаллигига ўхшаш симптомлар пайдо қилиши ҳақида ҳам тахминлар мавжуд.

"Ковид сабабли узоқ давом этадиган симптомлар борга ўхшайди ва бунга йўлиқаётган одамлар сони ҳам анча катта афтидан," дейди проф. Брайтлинг.

Бу ерда урғу "афтидан" сўзига тушаётган бўлса-да, қанча одам касаллангани ҳақида тўғри маълумотларга эга бўлмагунимизгача, бу симптомлар канчалик кенг тарқалганини била олмаймиз, дейди у.

"Бу вируснинг организмга ҳужум қилиши ва унинг ҳужайраларнинг ишлаш тарзига таъсир қилишидаги ўзига хослик бошқа вируслар ва давомли симптомларга нисбатан одамларни кўпроқ қийнамоқда," дейди проф. Брайтлинг Би-би-сига.

Одамлар тўлиқ тузаладими?

Чўзилган Ковиддан азият чекаётганлар сони вақт ўтиб камаяётган кўринади.

Шунга қарамай, бу вирус 2019 йил охирларида пайдо бўлди ва 2020 йил бошларида дунё бўйлаб тарқалди. Шунинг учун бизда узоқ вақт давомида тўпланган маълумотлар йўқ.

"Биз 25 йил давомида одамларни кузатишни сўрадик. Умид қиламанки, жуда оз одамда бу симптомлар бир йилдан ортиқ давом этади. Аммо адашаётган бўлишим ҳам мумкин," дейди проф. Брайтлинг.

Аммо одамлар ҳозир тузалаётгандек кўрингани билан улар бир умрлик асоратлар билан қаршиланиши мумкинлиги ҳақида хавотирлар ҳам йўқ эмас.

Сурункали чарчоқдан азият чекаётганлар ундан келажакда ҳам қийналиши эҳтимоли бор. Хавотир шундаки, келажакдаги инфекциялар уни янада кучайтириши мумкин.

"Агар чўзилган Ковид бир суръатда ривожланса, ундан фориғ бўлишни кутишимиз мумкин. Аммо реакция учун яна бир коронавирус инфекциясига чалинса, бу ҳар қишда такрорланиши мумкин," дейди проф. Стрейн.

Келажакда мураккаброқ муаммолар чиқиши эҳтимоли йўқ эмас.

Жаҳон Соғлиқ ташкилоти коронавирус сабабли кенг тарқалган яллиғланишлар ёши анча кичик одамларда ҳам юрак муаммоларини келтириб чиқариши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Ўзимда чўзилган Ковидни сезсам, нима қилай?

Британиянинг Миллий Соғлиқ хизмати йўлга қўйган "Сизнинг Ковиддан тузалиш режангиз" сайтига, айниқса, касалхонада даволанганлар учун керакли маслаҳатлар жойланган.

У ерда қувватингизни сақлашингиз учун уч маслаҳат берилади:

  • Маромни сақланг, ўзингизни зўриқтирманг, етарлича дам олаётганингизга эътиборли бўлинг.
  • Кунларингизни шундай режалангки, энг оғир ишларингизни бутун ҳафта давомида қилиш учун кунларга тақсимлаб юборинг.
  • Муҳимини белгиланг - нимани ҳозир қилиш керак ва нимани ортга сурса бўлишини белгилаб олинг.
  • Кутилгандек вақтда соғаймаётганингизни билсангиз, шифокорингизга мурожаат қилинг.

Айримлар чўзилган Ковиддан қийналаётганларга етарли эътибор берилмаётганидан хавотир билдирди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek