Қирғизистон: Ўзбекистон Қорасув тумани ҳокимини қўлга олдими? - Mirziyoyev, Qirg’iziston, O’zbekiston, dunyo, yangiliklar

  • Шоҳруҳ Соипов,
  • Мустақил журналист, Қирғизистон
Qo'lga olinganlar

Сурат манбаси, official

Қирғизистон: Ўзбекистон Қорасув тумани ҳокимини қўлга олдими? - Қирғизистон томони унинг ҳибсини тасдиқлади. Ҳозир Ўзбекистон билан ҳокимнинг экстрадицияси масаласини гаплашаётганини айтди. Бу хусусда расмий Тошкентнинг муносабати ҳалича кўзга ташланмайди.

Қорасув Қирғизистоннинг Ўзбекистонга бевосита чегарадош йирик тумани бўлади.

Тилек Матраимов Ўш вилоятига қарашли Қорасув туманини сўнгги 8 йил давомида бошқариб келган.

Ҳоким кеча, 7 октябрда Ўзбекистонда ҳибсга олинган.

Бу ҳақда Би-би-сига Қирғизистон Хавфсизлик Кенгаши котиби ўринбосари, ҳозирги пайтда мамлакатдаги ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари учун масъул бўлган Омурбек Суваналиев маълум қилган.

Ушбу маълумотни Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ҳам тасдиқлаган.

"Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси кўп маълумот бера олмайди. Биз қўшни давлатлар билан ишлаяпмиз. Ҳозирча чегарачиларимизга барча исм ва фамилиялар берилган. Улар чегарани ноқонуний равишда, Ўзбекистон ҳудудидан кесиб ўтаётганда ҳибсга олинган. Ҳозир улар ўша ерда қамоқда сақланмоқда. Уларни экстрадиция қилиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда", дейди расмий.

Унинг сўзларига кўра, қўлга олинганларни қисқа муддатда Қирғизистонга экстрадиция қилиш учун лозим ҳужжатлар билан боғлиқ расмий ишлар амалга оширилмоқда.

Омурбек Суваналиев қўлга олинган пайтда Тилек Матраимовнинг ёнида унинг акаси Раимбек Матраимов бўлмагани, ўз тансоқчиси ва бошқа одамлар билан бўлганини қўшимча қилган.

Интернетда тарқалаётган маълумотларга кўра, қўлга олинган Тилек Матраимов тансоқчиси ва жияни - акаси Искендер Матраимовнинг ўғли билан дарё орқали Ўзбекистонга ўтаётганда қўлга олинган. Қайси дарё экани очиқланмаяпти.

Уларнинг нега "Ўзбекистонга кесиб ўтмоқчи" бўлгани сабаби ҳозирча маълум эмас, масъуллар бу саволга ҳалича ойдинлик киритишмаган.

Хабар Қирғизистон 4 октябрь кунги зиддиятли президент сайлови ортидан, оммавий намойишлар ва тартибсизликлар ичида қолган бир манзарада бўй кўрсатган.

Мухолифат барча раҳбарлик лавозимларига ўз намояндаларини тайинлаш ҳаракатида экани кўрилган бир вазиятда ўртага чиққан.

Сурат манбаси, Getty Images

Қорасув

Тилек Матраимов саккиз йилдан буён мамлакатнинг энг йирик туманларидан бири бўлган Қорасувни бошқариб келган.

У соғлиғи ёмонлиги сабаб парламент сайловлари олдидан таътилга чиққан.

Қорасув тумани Ўзбекистоннинг Андижон вилояти билан чегарадош бўлиб, ҳудудни Шархонсой канали ажратиб туради.

Расмий маълумотларга кўра, бу туманда 440 мингдан ортиқ одам яшайди. Уларнинг кўпчилиги ўзбекларни ташкил этади.

Шунингдек, Қорасув шаҳрида Фарғона водийсидаги йирик ҳисобланган "Туратали" бозори ҳам жойлашган.

Бу бозорнинг асосий ҳаридорлари ўзбекистонликлар ҳисобланади.

Матраимовлар қирғиз сиёсатчилари ва амалдорларининг таъсирчан оиласидир.

Собиқ ҳоким Тилек Матраимов Қирғизистон Божхона хизмати раисининг собиқ ўринбосари Раимбек Матраимовнинг укаси.

Уларнинг яна бир акаси Искендер Матраимов эса парламент депутати.

Бу йилги парламент сайловида Искендер Матраимов "Мекеним Қирғизистон" партиясидан қатнашиб, партия 24 фоиз овоз олган ва ҳукумат партиясидан кейин, иккинчи ўринда парламент депутатлигини қўлга киритиши керак эди.

Бироқ, норозилик намойишлари ортидан иқтидорга келган "янги ҳукумат" сабаб, Марказий сайлов комиссияси овоз беришдаги жиддий қонунбузарликларни рўкач қилиб, сайлов натижаларини бекор қилган.

Раимбек Матраимов эса, Қирғизистондаги ноқонуний товар алмашуви (контрабанда), ҳамда пул ювиш ва порахўрлик бўйича журналистик суриштирувларда гумонланаётган шахс сифатида танилган.

Орада Қорасув тумани ҳокими ўрнига мухолифат ўз вакилини тайинлаганига оид хабарлар ҳам бўй кўрсатган, аммо бугун, пайшанба куни маълум бўлишича, Тилек Матраимов вазифасини жорий пайтда унинг муовини Капарбек Абдиев бажараяпти.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek