Тоғли Қорабоғ: Путин Арманистон Бош вазири билан мунтазам алоқада – Озарбайжон ва Арманистон, Tog’li Qorabog’, O’zbekiston, Rossiya, Turkiya, yangiliklar

Prezidentlar

Сурат манбаси, official

Тоғли Қорабоғ: Путин Арманистон Бош вазири билан мунтазам алоқада - Россия президентининг айтишича, Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти доирасидаги масъулиятларини бажаришган, бажаришмоқда ва бундан кейин ҳам бажаришади.

Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги Тоғли Қорабоғ устидан жанглар ҳануз давом этмоқда. Бугун жанглар бошланганига 12 кун бўлади.

Россия президенти Тоғли Қорабоғдаги вазият борасида "Россия" давлат телевизион каналига берган суҳбати чоғида батафсил тўхталиб ўтган.

Путин Арманистон Бош вазири билан узуккун алоқада эканини айтган.

Россия президенти ҳозирги Тоғли Қорабоғ можаросига "фожеа", деб баҳо берган.

"Озарбайжон, Арманистон ва Тоғли Қорабоғда ўзларига бегона одамлар яшамаётгани учун жуда қайғураётганлари"ни айтган.

Шу ўринда Путин, "ўз ҳисоб-китобларига таяниб, Россияда ҳам икки миллионга яқин озарбайжонлик, 2 миллиондан ортиқ арманистонлик яшаши"ни қўшимча қилган.

"Сўзсиз, бу фожеа. Одамлар қурбон бўлаяпти. Ҳар икки томон катта талафотлар бераяпти", дея таъкидлаган.

Ўзлари "можаро тезда барҳам топишига умид қилишаётгани"ни айтган.

Аммо бундай бўлиши эҳтимолини яна ўзи назардан соқит ҳам этмаган.

"Нима бўлган тақдирда ҳам, яна бир бор рақиб томонларни имкон қадар тезликда ўт очишни тўхтатишга чақириб қолиши"ни айтган.

Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти

Сурат манбаси, official

Ўз ўрнида, Россия президенти Арманистон Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти аъзоси эканини эслатган.

"Худди шу боис ҳам, мазкур шартнома доирасида Арманистон олдида муайян масъулиятлари бор"лигини таъкидлаган.

Бунинг ортидан, "Минг афсуски, жанглар ҳозирга қадар давом этаяпти", - деркан, Путин уларнинг Арманистон ҳудудида кечмаётганини ҳам қистириб ўтишни унутмаган.

"Россиянинг мазкур шартнома доирасида ўз зиммасига олган масъулиятларига келсак, уларни бажарганликлари, бажараётганликлари ва бундан кейин ҳам бажаришлари"ни баён қилган.

Россия президенти иш юзасидан Арманистон Бош вазири билан мунтазам алоқада экани кўпчилик учун сир эмаслигини айтган.

Путин, ўз навбатида, "Арманистон раҳбариятида Россиянинг иттифоқчилик мажбуриятларини сифатли бажариши тўғрисида саволлар йўқ"лигини таъкидлаган.

Россиянинг стратегик ҳамкори ва иттифоқчиси саналса-да, Озарбайжон бу ташкилотга кирмайди.

Коллектив Хавфсизлик Шартномаси ташкилоти ҳам жиддий низолар ичида қолган аъзо давлатга кўмакка келиш, у ерга ўзининг тинчликни сақлаш кучларини юбориш ҳуқуқига эга саналади.

Аммо жанглар ҳозир фақат Тоғли Қорабоғда бораётгани боис, Россия етакчилигидаги мазкур ташкилотнинг ҳам унга аралашишга расман ҳаққи бўлмайди.

Ереван Тоғли Қорабоғ республикасини алоҳида давлат ёки ўз ҳудуди, деб расман тан олмайди.

Амалда эса, Тоғли Қорабоғ иқтисоди ва армиясининг Арманистонники билан чамбарчас боғлиқ экани кўрилади.

Сўнгги кунларда Тоғли Қорабоғдаги рақиб томонлар бир-бирларининг йирик шаҳарларини ҳужумга тутишга ўтишаркан, можаронинг минтақадан ташқарига ёйилиши, агар, учинчи кучлар аралашадиган бўлса, ҳозирги жангларнинг катта урушга айланишига оид хавотирлар ҳам бўй кўрсатиб бўлган.

Бу галги Тоғли Қорабоғ можаросида Туркия Озарбайжонни расман, янада ошкора ва кучлироқ қўллаб келаётгани таҳлилчилар томонидан алоҳида қайд этилаётгани ҳам бор гап.

Эроннинг огоҳи

Сурат манбаси, official

Путиннинг худди шу суҳбати манзарасида Эрон президенти Тоғли Қорабоғ можароси минтақавий урушга айланиб кетиши хавфи билан огоҳлантириб чиққан.

Эрон дунёнинг ҳам Озарбайжон ва ҳам Арманистонга бевосита чегарадош давлати бўлади.

Ҳасан Руҳоний Тоғли Қорабоғдаги бир неча кунлик қақшатқич жанглар ортидан, минтақада тинчликни қарор топтириш умидида эканини айтган.

"Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги уруш минтақага ёйилмаслиги учун барча ҳушёр бўлиши шарт" эканини таъкидлаган.

"Тинчлик бизнинг саъй-ҳаракатларимиз маҳсули бўлади. Биз минтақада тинч йўл билан барқарорликни таъминлаш умидидамиз", - деб айтган Эрон президенти.

Тоғли Қорабоғ уруши

Сурат манбаси, Reuters

Орада Бош вазир Никол Пашинян Озарбайжон ён беришга борса, Арманистон ва Тоғли Қорабоғ ҳам шундай қилишини айтган.

Озарбайжон ҳалича ўз шартини ўзгартирмаган, арман қўшинларининг Тоғли Қорабоғ ва унга туташ ҳудудлардан чиқиб кетишлари лозимлигини таъкидлаб келмоқда.

Озарбайжон президенти яна бир қанча баёнотлар қилган.

Ҳарбий тўқнашувлар босқичи тугагач, Озарбайжон музокара столига қайтишини айтган.

Қорабоғ можаросини сиёсий йўл билан ҳал қилиш дунёнинг етакчи давлатларининг кафолатлари билан таъминланиши кераклигини таъкидлаган.

Россия ва Туркия можародан кейинги даврда Қорабоғ бўйича воситачилик қилиши лозимлигини қайд этган, бунинг прагматик ёндашув бўлишини урғулаган.

Жанглар глобал коронавирус пандемияси билан бир пайтга тўғри келган, дунёнинг аксарият давлатлари иккинчи тўлқиндан хавотирда бўлган бир манзарада бўй кўрсатмоқда.

Рақиб томонлар бир-бирларининг катта талафотларга учрашаётганини даъво қилишади.

Аммо уларнинг бу иддаоларини мустақил манбалардан текшириш ҳали-ҳануз имконсиз.

Арманистон ва Озарбайжон Тоғли Қорабоғ устидан 1988-94 йилларда ҳам урушган, алал-оқибат оташкесим ҳам эълон қилган, аммо ҳеч қачон якуний бир муросага келмаган.

Ҳозирги жанглар ўша оташкесимдан кейинги энг ёмони экани айтилмоқда.

Бу урушни очишда томонлар бир-бирларини айблаб келишаётир.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek