Қирғизистонда қўрқув ва мавҳумлик: Умидлар сўниб, бошбошдоқлик кучаймоқда - Mirziyoyev, Qirg’iziston, O’zbekiston, dunyo, yangiliklar

  • Абдужалил Абдурасулов
  • Марказий Осиё бўйича мухбир, BBC News
Demonstrations against the result of the elections in Kyrgystan

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи,

Зиддиятли парламент сайлови натижаларига қарши намойишлар парламент биноси ишғоли билан якунланди

Қирғизистонда қўрқув ва мавҳумлик: Умидлар сўниб, бошбошдоқлик кучаймоқда - зиддиятли парламент сайлови ортидан ҳокимиятда пайдо бўлган бўшлиқ Қирғизистондаги вазиятни янада издан чиқариши, мамлакатни пароканда қилиши мумкин.

Мамлакат баҳсли парламент сайлов натижаларидан сўнг кўтарилган зўравонликлар ортидан ҳокимиятнинг қонуний йўл билан алмашуви учун уринмоқда.

Мухолифат гуруҳлари парламент биносини эгаллаб олгандан сўнг пайдо бўлган эйфория бир зумда хавотир ва таҳликага айланди.

Ҳукумат бўлган воқеалардан сўнг қатъиятсизлик ва умидсизликка тушар экан, мамлакат бўйлаб оломон ҳокимияти ўрнатила бошлади.

Одамлар ҳокимият биноларига бостириб кириб, ўз етакчиларини раис, ҳоким, вазир лавозимларига тайинламоқда.

Шундай бўлса-да, ўзбошимчалик билан қилинган бу "тайинловлар"ни янада каттароқ оломон тезда бекор қилмоқда.

"Бир бўл" партияси етакчиси Алмамбет Шикмаметов билан ҳам шундай бўлди. У ўзини Бош прокурор деб эълон қилгач, бинода пайдо бўлган бир неча юз одам бошқа бир партия етакчисини унинг ўрнига қўйиб кетди.

Ҳокимлар "ағдарилмоқда", ҳукумат вакиллари истеъфо беришга мажбурланмоқда.

Кўчаларда тартиб ўрнатиш, ҳокимият алмашинувини амалга ошириш учун бир нечта мувофиқлаштирувчи кенгашлар тузилди. Уларнинг ҳар бири ўтиш даврида муваққат ҳукумат бўлишга даъво қилди.

Айрим гуруҳлар бошқарувдаги бу бўшлиқдан фойдаланиб, тарихи баҳсли бўлган қамоқдаги сиёсатчиларни озод қилмоқда. Улар орасида коррупция айблови билан қамалган собиқ президент Алмазбек Атамбаев, миллатчи "Ота юрт" партиясидан собиқ депутат, гаровга олиш айблови билан 10 йилга қамалган Садир Жапаров ҳам бор.

Қирғизистондаги иккинчи йирик шаҳар бўлмиш Ўшнинг собиқ мэри Мелис Мирзакматов сургундан қайтиб, тарафдорларини тўплаб, кампания бошлади. Мирзакматов 2010 йилда - мэр лавозимида бўлганида этник тўқнашувлар юз берган ҳудудда миллатчилик кайфиятидаги нутқлар сўзлагани билан танилган.

Ҳар бири ўзининг манфаатларини илгари сурувчи шахс ва гуруҳлар пайдо бўлиши муқаррар равишда ҳокимият учун курашларга олиб боради.

Қонунсизлик

Асосий курашлар Бош вазирлик лавозимига қаратилгандир.

Сешанба куни меҳмонхонада, ёпиқ эшиклар ортида тўпланган 35 депутат Жапаровни Бош вазир деб эълон қилди.

Эртаси куни бошқа бир гуруҳ рақиб партиядан бўлган Тилек Токтогазиевни ана шу лавозимга тасдиқлади. Бу кетишда Қирғизистонда ҳар куни янги Бош вазир бўлади, деб ҳазил қилади кузатувчилар.

Бу янги кенгашлар ва тайинловлар қисман ёки бутунлай қонуний асосга эга эмас. Қонституцияга кўра, парламентда кўпчилик ўринга эга партия ёки коалиция Бош вазирликка номзод кўрсатиши мумкин, шундан сўнг парламент номзодни лавозимга тасдиқлаши ёки рад қилиши мумкин. Ва 120 депутатдан 61 таси бунда ҳозир бўлиши лозим. Сессия эса ОАВ ва жамоатчилик учун очиқ бўлиши керак. Буларнинг бирортасига амал қилинаётгани йўқ.

Ягона легитим орган парламентнинг ўзи, дейди ҳуқуқшунос, конституцион ҳуқуқ бўйича эксперт Сания Токтогазиева.

"Вазиятдан чиқишнинг ягона йўли парламентнинг фавқулодда йиғилишини ўтказиш ва ўша ерда янги ҳукумат таркибини тайинлаш".

"Сўнг президент ўз ихтиёри билан истеъфо беришни истамаса, парламент унга нисбатан импичмент қўллаши керак. Парламент спикери президент вазифасини бажариб туради ва сайловларни қайта ташкиллайди", - дейди у.

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи,

Намойишчилар пойтахт Бишкекдаги президент маъмурияти биноси қаршисида

Қирғизистонда кўпчилик Президент Сооронбай Жээнбековни тизимли тарзда овозларни сотиб олиш, ўзига садоқатли партиялар парламентни эгаллаши учун парламент сайловларида тартибсизликларга йўл қўйиб беришда айблайдилар.

Норозилик намойишчиларига қарши куч ишлатилганидан сўнг мухолиф партиялар Жээнбековнинг кетишини истамоқда.

Қирғизистоннинг Британиядаги элчиси Эдил Байсалов президент ва парламентдан ҳозирги инқироздан чиқиб кетиш учун фойдаланиш керак, дейди.

"Уни ҳисобдан чиқаришимиз мумкинмас - [Сооронбай Жээнбеков] ҳозир ҳам давлат раҳбари. Ўзи Би-би-си Қирғиз хизматига айтганидек, у ҳокимият алмашинуви ва қонунийлик кафолати бўлишга тайёр. Импичмент талаб қилаётганлар бу нималарга олиб боришини тушунмаяпти. Қароқчилик, маҳаллий қиролчалар пайдо бўлиши, ҳокимиятни эгаллаш учун кенгашлар тузилишига олиб боради."

Би-би-си Қирғиз хизматига берган интервьюсида Жээнбеков "кучли етакчиларга масъулиятни топширишга тайёр" эканини айтди, аммо халққа қилган мурожаатида мулоқотга ва қонуний йўлларга қайтишга чақирди.

Ўзини ҳимоялаш гуруҳлари

2005 йилдан буён бу учинчи тартибсизликдир. Президентларни лавозимидан кетказган 2005 йилдаги "Лола инқилоби" ва 2010 йилдаги "Апрель инқилоби"дан сўнг талончилик, хусусий бизнесларни тортиб олиш, 2010 йилдагида этник тозалашлар бошланган эди.

Бу сафар, ҳозирда "Октябрь инқилоби" дея тилга олинаётган ҳодисалардан сўнг, кўпчилик яна тартибсизлик ва зўравонлик бошланиб кетишидан хавотирда. Мамлакат пойтахтида ҳам, ҳудудларда ҳам аллақачон бетартиблик бошланган.

Жиноий гуруҳларга алоқадор шахслар Иссиқкўл, Норин ва бошқа ҳудудлардаги бир қанча олтин ва қўмир конларига ҳужум қилиб, эгаллаб олган. Айрим жойларда улар қурилмаларга ўт қўйган, ишчиларга ҳужум қилган.

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи,

Бишкекдаги намойишчилар президент истеъфосини талаб қилишмоқда

Бишкекликлар ва фаоллар шаҳардаги катта дўконлар ва бизнес марказларини қўриш учун ўз ўзини ҳимоялаш гуруҳларини ташкил қилди.

"Чоршанба куни тунда катта бир гуруҳ одам пайдо бўлди, - дейди Ислоҳот партияси аъзоси Таалай Насирдинов. - Улар йўл бўйлаб юриб, тош ирғитарди. Бир кор-ҳол бўлмаслиги учун уларга эргашиб юрдик. Улар дўконларни талаш орқали бизни - холис ва эркин сайловлар учун курашаётган намойишчиларни обрўсизлантиришни истайдиган провокаторлар эди."

Ўз-ўзини ҳимоялаш гуруҳлари Бош вазир офиси олдида ҳам тўпланган. Улар Жапаров тарафдорларининг бинони эгаллаб олиши олдини олдилар.

Рақиб сиёсий гуруҳлар бошқаларга ўз талабини ўтказишга уринар экан, танглик юқорилигича қолмоқда.

"Бизда шунақа хаос, - дейди Насирдинов. - Аҳвол шу зайл давом этса, биз ҳеч қачон муросага келолмаймиз. Битта аждар - Президент Жээнбеков ўрнига уч ё тўрттаси пайдо бўлади. Бу бизни турли манфаатлар кетидан турли томонга бўлиб ташлайди. Бундан ҳам баттари - фуқаролар уруши бўлишидан қўрқяпман. Мамлакатимизни йўқотиб қўйишдан қўрқяпман", - дейди у.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek