Ўзбекистон: Киракашликка рухсат берилмоқда, портлаш ва президент ҳам ўз даромадини очиқлайдими? (видео)- Mirziyoyev, O'zbekiston, yangiliklar

O'zbekiston

Сурат манбаси, official

Ўзбекистон: Киракашликка рухсат берилмоқда, портлаш ва президент ҳам ўз даромадини очиқлайдими? - Тайёрланаётган янги фармон, мажбурий декларация ва жиноий иш. Tафсилотлари bbcuzbek.com дайжестида.

6 октябрь куни Коррупцияга қарши курашиш агентлигида ташкил этилган матбуот анжумани давомида агентлик директори Акмал Бурҳонов Самарқанд вилояти мисолида коронавирус билан боғлиқ статистика нотўғри кўрсатилаётганини билдирган.

"Статистика масаласига келсак, унинг нотўғри эканини ҳамма айтяпти. 5 октябрь соат 23:30 ҳолатига кўра, Самарқанд вилоятида 2,160 кишида коронавирус қайд этилган, 2,017 нафари соғайган. Яъни, 6 октябрь ҳолатига 143 киши касал, дейилган. Биздаги маълумотлар бўйича эса бугунги кунда Самарқандда шифохоналарда даволанаётган беморлар сони 1,155 нафар. 10 баравар қисқартириб кўрсатишнинг нима кераги бор?" таъкидлаган Бурҳонов.

Шунингдек, у бошқа вилоятларда ҳам айни ҳол мавжуд эканини қўшимча қилган.

"Бу балки коррупция эмасдир, аммо сабабини биз ўрганишимиз керак. Яна бир бор айтаман -- бу Самарқанд вилояти мисолидаги ҳолат. Ҳамма вилоятларда шу аҳволлигини аниқ айта олишим мумкин".

Сурат манбаси, official

7 октябрь куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги Бурҳоновнинг ушбу таъкидларига нисбатан раддия эълон қилган.

Коронавирус билан боғлиқ статистик рақамларни яширишдан манфаатдор эмаслигини таъкидлаган вазирлик коронавирус статистикасига махсус лаборатор (ПЗР) тиббий текширувлар орқали касаллиги тасдиқланган беморларгина киритилишини маълум қилган.

"Айрим симптомлар мавжуд бўлиб, коронавирусга гумон қилинган, лекин инфекция тасдиқланмаган, шунингдек, пневмония ёки ўткир респиратор инфекциясига чалинган ёки уларга гумон қилинган беморлар, табиийки, умумий расмий статистикада ҳисобга олинмайди", дейилади вазирлик баёнотида.

Шунингдек, 7 октябрь куни Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг ўзи ҳам Акмал Бурҳоновнинг сўзларини билвосита рад этувчи баёнот эълон қилган.

Агентлик ўрганишлар ортидан Самарқанд вилоятида бугунги кун ҳолати [7 октябрь]га 136 нафар бемор COVID-19, қолган беморлар эса ОРВИ, пневмония ва бошқа касаллик белгилари билан даволанаётгани аниқланганини билдирган.

Давлат раҳбари ва даромад декларацияси

Сурат манбаси, official

6 октябрь куни ўтган матбуот анжуманида Акмал Бурҳонов амалдорлар ва уларнинг оила аъзолари ҳамда яқин қариндошлари 2021 йилдан бошлаб даромад ва мулклари тўғрисида мажбурий декларация тўлдиришини ҳам маълум қилган.

"Бизнинг мақсадимиз давлат бюджетидан маош оладиган ҳамманинг мол-мулки декларацияланиши керак. Давлат раҳбаридан тортиб, ҳукумат раҳбари, судьялар, прокурорлар, ҳокимлар, вазирлик идоралари раҳбарлари, бошқарма ва бўлим бошлиқларининг ҳаммаси декларацияланади. Фақат бу босқичма-босқич, яъни энг юқоридан бошлаб пастга қараб кетилади. Босқичма-босқич амалга оширилаётганлигининг сабаби — тизим бўлиши кераклигида", деган у.

Акмал Бурхонов тез кунларда давлат хизматчиларининг даромадларини декларация қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилишини қўшимча қилган.

Киракашликка рухсат

8 октябрь куни "Яширин иқтисодиётни кескин қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида" президент фармони лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Фармон лойиҳасида жисмоний шахсларга ўзини ўзи банд қилган шахслар сифатида 5 кишидан кўп бўлмаган ўриндиқли (ҳайдовчини ҳисобга олган ҳолда) енгил автомобиль транспортида ташиш фаолиятини амалга оширишга рухсат берилиши кўзда тутилган.

Вазирлар Маҳкамасига бир ой муддатда ўзини ўз банд қилган шахслар томонидан йўловчилар ташишни ташкил этиш тартибини тасдиқлаш вазифаси юклатилган.

Ушбу тартибда қуйидагилар назарда тутилиши белгиланмоқда:

  • тиббий кўрикдан ўтишнинг қулай тартиби, транспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказиш ва транспорт воситаларининг ташқи қиёфаси ва жиҳозланишига қўйиладиган талаблар соддалаштирилиши
  • йўналишсиз таксиларга мижозларни топиш учун интерактив хизмат кўрсатувчи ихтисослаштирилган электрон дастурий маҳсулотларида (агрегаторлар) мажбурий рўйхатдан ўтиш
  • контактсиз тўловлар асосида ўзаро ҳисоб-китобларни амалга ошириш имконияти.

Мажбурий меҳнат ва банк ходимлари

Сурат манбаси, courtesy

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги матбуот котиби Раҳим Маҳкамов банк ходимлари ҳамда фуқаролар пахта теримига мажбуран жалб этилаётгани ҳолатлари кузатилаётгани ҳақида сўзлаган.

7 октябрь куни ўтган брифинг чоғида Маҳкамов шу вақтга қадар Давлат меҳнат инспекциясига мажбурий меҳнат ҳамда меҳнат ҳуқуқлари бузилишига оид жами 141 та мурожаат келиб тушгани, мурожаатларнинг энг кўпи Қашқадарё вилояти (20 та), Тошкент вилояти (19 та), Наманган вилояти (17 та), Жиззах вилояти (16 та) ва бошқа ҳудудларга тўғри келишини маълум қилган.

"Мурожаатларнинг мазмунига кўра, 20 та ҳолатда маҳалла фуқаролар йиғини томонидан фуқаролар, 9 та ҳолатда банк ходимлари мажбурий меҳнатга жалб қилинаётганлиги тўғрисида хабар қилинган", деган у.

Гулистондаги портлаш бўйича жиноий иш

Сурат манбаси, official

Бош прокуратура 7 октябрь куни Гулистон шаҳрида юз берган портлаш бўйича Жиноят кодексининг 257-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилган.

7 октябрь куни эрта тонгда шаҳардаги "Алпомиш" спорт мажмуасида ташкил этилган COVID-19 инфекциясига гумон қилинган ва касалланган беморларга тиббий ёрдам кўрсатиш, саралаш ва тақсимлаш марказида кислород балони портлагани тўғрисида хабар берилган эди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Сирдарё вилояти бошқармаси матбуот хизмати раҳбари Беҳзод Ҳамроев Севимли телеканалига берган интервьюсида портлаш вақтида марказда 403 нафар бемор ва 50 дан ортиқ тиббиёт ходимлари бўлганини маълум қилган.

ФВВ портлаш оқибатида бир нафар инсон тан жароҳати олганини хабар қилган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek