Байден ғалабаси, Туркия санкция остида ва Озарбайжонда уруш жинояти айбловлари - видео, O‘zbekiston, Tog‘li Qorabog‘, Rossiya, Turkiya, yangiliklar

Jo Bayden

Сурат манбаси, AFP

Байден ғалабаси, Туркия санкция остида ва Озарбайжонда уруш жинояти айбловлари - демократчи номзодни коллегия сайлади. Путин ҳам Байденни сайловдаги ғалабаси билан бугун, 15 декабрь куни ва ниҳоят расман қутлади. Ўзбекистон президенти демократчи номзодни ҳалича табрикламаган - халқаро дайжест.

Россия қуроли учун АҚШ Туркияга санкция жорий этди - Turkiya, yangiliklar, BBC News O'zbek

Байден ғолиб

Сайловчилар коллегияси демократчи номзоднинг АҚШ президент сайловидаги ғалабасини расман тасдиқлади.

Кеча, душанба куни барча штатларда бўлиб ўтган овоз беришлар сайлов натижалари бўйича узоқ давом этган баҳсларга чек қўйди.

Сўнгги АҚШ президент сайлови шу йилнинг 3 ноябрь куни бўлиб ўтганди.

Сайлов ортидан қилинган барча ҳисоб-китоблар худди тахмин қилинганидек чиқди.

Жо Байден 306, Дональд Трамп 232 та овозни қўлга киритди.

Коллегияда овоз бериш, одатда, расмий процедура, деб кўрилади.

Аммо, АҚШ Конституциясига кўра, президентликка ким келишини айнан сайловчилар ҳал қилишади.

Сурат манбаси, Getty Images

Жой Байденнинг сайловдаги рақиби, амалдаги президент ва республикачи номзод Дональд Трамп сўнгги янгиликни ҳалича шарҳламаган.

Душанба куни кундузи қилган твитида эса, яна президент сайловини "ўғирланган" ва "сохталаштирилган", деб айтган.

Аммо унинг тарафдорлари охиригача курашиш аҳдида қатъий эканликларини баён қилишган.

Сайланган президент Жо Байден кечанинг ўзида чиқиш қилган.

У америкаликларни сайловдаги зиддиятларни унутишга чақирган.

Дональд Трампнинг сайлов натижасини бекор қилиш уринишларини қоралаган.

Жо Байден, "Америка қалби учун курашда демократия ғалаба қозонгани"ни айтган.

Энди овоз бериш натижалари Вашингтонга юборилади.

6 январь куни вице-президент Майк Пенс бошчилигидаги Конгресснинг қўшма мажлисида расмий равишда саналади.

Бу Жо Байденнинг 20 январда президент сифатида расман қасамёд қабул қилишига замин яратади.

Туркияга қарши янги санкциялар

Сурат манбаси, ANADOLU AGENCY

Худди шу манзарада АҚШ Нато бўйича иттифоқчиси Туркияга қарши янги санкциялар киритган.

Хабарларга кўра, бунга Туркиянинг ўтган йили Россиядан сотиб олган ракетага қарши мудофаа тизимини жойлаштиргани сабаб бўлган.

АҚШнинг таъкидлашича, Россиянинг С-400 "ер-ҳаво" ракета тизими Нато технологиясига мос келмайди ва Евро-Атлантика иттифоқига таҳдид солмоқда.

Душанба куни давлат департаменти томонидан эълон қилинган санкциялар Туркиянинг қурол-аслаҳа сотиб олиш секторига қаратилган.

Сурат манбаси, official

АҚШнинг янги санкцияларга оид қарори Туркия ва Россия расмийлари томонидан тезда қораланган.

АҚШ Россияда ишлаб чиқарилган ракета тизимини сотиб олгани учун Туркияни аллақачон F-35 қирувчи самолётлари дастуридан чиқариб юборган.

Озарбайжон ва уруш жиноятлари

Сўнгги Тоғли Қорабоғ уруши тугашидан саноқли ҳафталар ўтиб, Озарбайжон икки аскарини уруш жиноятларида айблаган.

Хабарларга кўра, улар қуролли низолар пайти икки арман ҳарбийси жасадини нимталашда айбланишмоқда.

Айтилишича, улар ўз хатти-ҳаракатларини тасвирга ҳам олишган ва ижтимоий тармоққа жойлаштиришган.

Озарбайжон яна икки аскарини арманларга тегишли қабр тошларини вайрон қилиш гумони билан ҳам қўлга олган.

Мамлакат Бош прокурори бу ҳодисалар "Озарбайжон халқи менталитетига зид" эканини айтган.

Сурат манбаси, ANADOLU AGENCY

Озарбайжон ва Араманистон кеча, душанба куни асирларни айирбошлашга киришганликлари маълум бўлган.

Хабарларга кўра, айрим асирлар аллақачон ортга қайтишга ҳам улгуришган.

Сўнгги Тоғли Қорабоғ уруши шу йилнинг 27 сентябрь куни бошланган.

9-10 ноябрь кунлари Россия воситачилигида эришилган сулҳ билан расман ниҳоя топгани эълон қилинган.

Орада арман томони худди шу мазмундаги иддаолар билан чиққан, расмий Боку уларни рад этганди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek