Франция: Charlie Hebdo билан боғлиқ ҳукм кутилмоқда – журнал Муҳаммад пайғамбар (с.а.в)ни ҳажв этган, Fransiya, O'zbekiston, Turkiya, Islom dini, dunyo, yangiliklar

charlie ebdo

Сурат манбаси, Reuters

Франция: Charlie Hebdo билан боғлиқ ҳукм кутилмоқда - журнал Муҳаммад пайғамбар (с.а.в)ни ҳажв этган. Париж маҳкамаси бугун 14 судланувчига қарши ўз ҳукмини ўқийди.

Улар 2015 йилда Charlie Hebdo журнали ва яҳудийларнинг кошер дўконига уюштирилган ҳужумларда айбланишмоқда.

Бу ҳужумлар жами 16 инсоннинг ҳаётига зомин бўлган.

Ҳужумларга мазкур журнал томонидан айнан Ислом дини пайғамбари ҳажв этилган карикатураларнинг чоп этилиши сабаб бўлган.

Уч ҳужумчи - ака-ука Саид, Шариф Қуаший ва Амеди Кулибали ҳужумлардан бир неча кун ўтиб, полициянинг махсус амалиёти чоғида ўлдирилган.

Шу йил сентябрь ойидаги маҳкама эса, уларга кўмак беришда гумон қилинаётган шахслар устидан бошланган.

Аммо судланувчилар ўзларига қарши илгари сурилаётган айбларни тан олишмаган.

Маҳкама жараёнида бир неча киши коронавирус юқтириб олган, шу боис, орада тинглов маълум муддат тўхтаб ҳам қолган.

14 айбланувчидан уч нафари сиртдан судланмоқда. Уларнинг орасида Кулибалининг маъшуқаси ҳам бор.

Учовлон ҳужумлар арафасида Суриянинг ўша пайтда ИШИД назорати остида бўлган ҳудудларига жўнаб кетишган. Тақдирлари номаълум.

Сурат манбаси, EPA

Charlie Hebdo худди шу маҳкама арафасида Муҳаммад пайғамбар (с.а.в.) ҳажв қилинган карикатурларни хосан қайта чоп этишга қарор қилган.

Бунинг ортидан, Франция яна қатор ҳужумларга саҳна бўлган.

Аввалига асли покистонлик шахс журнал эски биноси яқинида икки кишини яралаган.

Октябрь ойида келиб чиқиши чеченистонлик ҳужумчи Париж яқинида франциялик ўқитувчининг бошини танасидан жудо қилган.

У ҳам ўқувчиларига Ислом дин пайғамбари ҳажв қилинган карикатурани кўрсатган бўлган.

Полиция ўқитувчининг қотилини отиб ўлдирган.

Худди ўша ой охирида Тунисдан Францияга келганига унча кўп бўлмаган яна бир эркак Ниццада уч кишининг ҳаётига зомин бўлган.

Ҳар уч воқеълик ортидан, Франция президентининг Ислом динига қарши кескин чиқиш қилган.

Унинг Ислом дини "бўҳрон"да экани қабилидаги сўзлари мусулмон оламида кескин қарши олинган, дунёнинг қатор мусулмон давлатларида давомий оммавий норозилик намойишларига сабаб бўлган, Франция маҳсулотларини бойкот қилиш чақириқлари янграган.

Франция ва Туркия президентлари ўртасида даҳанаки жанг қизиган.

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи,

Париж Жомеъ масжидида ваъзхонлик

Аммо, бунинг ортидан, Франция президенти икки ҳафтанинг ичида "Республика қадриятлари низоми"ни қабул қилишлари учун Ислом дини пешволарига ультиматум қўйган.

Янги низом Францияда радикал Исломга қарши кенг қамровли курашнинг бир қисми сифатида тақдим этилган.

Низомда сиёсий Исломдан воз кечиш ҳақида сўз борган. Ислом сиёсий ҳаракат эмас, дин экани қатъий таъкидланган.

Бундан ташқари, мусулмон жамоаларининг фаолиятига "четдан аралашув" ҳам тақиқланган.

Куни-кеча Франция ҳукумати "радикал исломчиларни жиловлашни кўзда тутувчи" қонунни маъқуллаган.

Янги қонун ҳам мамлакат ичкариси ва ҳам ташқарисида танқидлар билан қарши олинган.

Айнан мусулмонларга қаратилганига оид хавотирлар янграган.

Худди шу манзарада ўнлаб масжид текширилиши ва айримлари ҳатто ёпиб қўйилиши мумкинлигига оид хабарлар ҳам олинган.

Франция Ички ишлар вазири мамлакат ҳуқуқ-тартибот идоралари диний экстремизмга қарши "кенг кўламли ва шу пайтгача мисли кўрилмаган" кампания ўтказишларини айтган.

Сурат манбаси, Reuters

Эммануэль Макрон орада Франция Мусулмонлар Кенгаши билан Имомлар Кенгашини тузишга ҳам келишиб олган.

Президент хориждан келган юзлаб имомларнинг Францияда ваъз ўқишига чек қўйиш қарорида экани маълум бўлган.

Францияда 5,7 миллиондан ортиқ мусулмон яшайди - бу мамлакат аҳолисининг тахминан 8,8 фоизини ташкил этади.

Қолган Европа давлатлари билан қиёсланганда, энг кўп сондаги мусулмон айнан Франция ҳисобига тўғри келади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek