Ўзбекистон: Президент айтди – энди машиналар арзон бўладими? – янгиликлар, Мирзиёев, O‘zbekiston, Mirziyoyev, dunyo, yangiliklar

O'zbekiston

Сурат манбаси, Shavkat Mirziyoyev

Ўзбекистон: Президент айтди - энди машиналар арзон бўладими? Ўзбекистонда кадрлар алмашинуви, $15 миллиард долларлик экспорт - бу Ўзбекистон учун кўпми ёки кам? bbcuzbek.com дайжести.

Президент Мирзиёев йилига 50-60 мингта ҳамёнбоп автомашина ва электромобиллар ишлаб чиқариш зарурлигини таъкидлаган.

13 январь куни у локализация даражасидан келиб чиқиб, автомобиль ишлаб чиқарувчилар учун бир хил шароит яратишга кўрсатма берган.

Президентнинг бу кўрсатмалари автомобиль ишлаб чиқаришда Ўзбекистонда монополь бўлган UzAutoMotors фаолиятига нисбатан танқидлар ортиб бораётган бир вақтда юзага чиқмоқда.

Президент матбуот хизматининг ёзишича, бугунги кунда бир қатор компаниялар мамлакатда автомобиль ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш истагини билдирган.

Президент хорижий мутахассислар иштирокида "Ўзавтосаноат" фаолиятини трансформация қилиш офисини ташкил этиш бўйича топшириқ берилган.

Шунингдек, у автомобилсозлик учун зарур бутловчи қисмларни маҳаллийлаштириш масаласига ҳам тўхталган.

Сурат манбаси, Uzavtosanoat

"Ҳамёнбоп техникалар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, шу йил якунигача уларнинг локализациясини 30 фоизга, келгуси йилда эса камида 45 фоизга етказиш вазифаси қўйилди", дейилади расмий хабарда.

Ўтган йилнинг март ойида президент Шавкат Мирзиёев мамлакатда ишлаб чиқарилаётган машиналар нархи оширилганини танқид қилган эди.

"Мана кўряпсизлар, автосаноатимиз раҳбарлари машиналар нархини оширишга қарор қилгани одамларнинг норозилигига сабаб бўлди.

Бу иқтисодий жиҳатдан керакдир, лекин ҳозирги шароитда тўғри эмас. Биз халққа енгиллик яратишимиз лозим", деган эди у ўшанда.

Президент Мирзиёев ўзининг декабрь ойида Олий Мажлисга мурожаатида ҳам автомобиль саноатида соғлом рақобат муҳитини ривожлантириш ва корхоналарга тенг шароит яратиш орқали мамлакатда автомашина ишлаб чиқарувчилар сони кўпайтирилишини маълум қилган эди.

Ўтган вақт давомида ўзбек автобозорига KIA, Volkswagen, Skoda каби йирик ишлаб чиқарувчилар кириб кела бошлаган.

Янги вазирлар

Сурат манбаси, official

Депутатлар Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига янги раҳбарлар номзодини маъқуллаганлар.

Халқ вакиллари маъқулловига кўра, Шерзод Ҳидоятов уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири лавозими эгаллайди.

У бунга қадар қурилиш вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди.

Термиз давлат университети ректори Абдуқодир Тошқулов эса олий ва ўрта махсус таълим вазири вазифасига киришадиган бўлган.

$15 миллиард экспорт

2020 йилда Ўзбекистонда экспорт ҳажми 15,1 миллиард долларни ташкил этган.

Бу ҳақда 14 январь куни ўтган матбуот анжуманида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари Азиз Воитов маълум қилган.

Воитов хорижий инвестициялар ҳажмига ҳам тўхталиб ўтган.

Унинг сўзларига кўра, 2020 йилнинг якунлари бўйича асосий воситаларга киритилган тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми $6,6 миллиард долларни ташкил этган.

Никоҳ ва миллий қадриятлар

Сурат манбаси, UzA

30 ёшдан ошмаган никоҳланувчи шахслар 16 соатлик дастур асосида бепул ўқитилади.

Бу ҳақда маълум қилган Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги бошқарма бошлиғи Мукаррам Нурматова ўқув машғулотларида қатнашиш розилик асосида кечишини билдирган.

У ўқув машғулотлари ташкил этилаётган Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш марказларида олиб борилишини қўшимча қилган.

"Марказлар очишдан асосий мақсад — никоҳланувчи фуқаролар онгига миллий қадриятлар руҳини сингдириб бориш, уларни оилавий-ҳуқуқий муносабатлар, оилавий ҳаёт психологияси, оила иқтисоди ва бюджети, репродуктив саломатлик асослари, маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш масалалари бўйича билимларини ошириш, оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, оилавий ажралишларнинг олдини олиш ҳамда ибратли ота-она бўлиш кўникмаларини шакллантиришдан иборатдир", деган у.

Шунингдек, Нурматова ўттиз ёшдан ошган никоҳланувчи, муқаддам никоҳ тузган шахслар, ажралиш ёқасига келиб қолган оилалар аъзолари ҳам алоҳида дастур асосида марказларда ихтиёрий ўқишлари мумкинлигини айтган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek