Ўзбекистон: Бу ерда коррупцион схема бўлган - расмийлар ва тадбиркор Жиззахда қулаган уй ҳақида – янгиликлар, video, Мирзиёев, O‘zbekiston, Mirziyoyev, dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, official
10 январь куни Жиззахда қулаб тушган бино иши бўйича мансабдор шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Бир вақтнинг ўзида расмийлар бинонинг ноқонуний қурилганини билдирганлар. Шу куннинг ўзидаёқ мазкур ҳолатни ўрганиш бўйича ҳукумат комиссияси тузилган. Бу ҳам нега эканига оид саволларни пайдо қилмай қўймаганди.
Расман ҳодисада бирор бир инсоний талафот бўлмагани айтилган.
10 январь куни кечга томон Жиззах шаҳри Мустақиллик кўчасида қурилиши ҳали тугалланмаган 6 қаватли бино қулаб тушган эди.
Бинонинг қулашига оид видео ва суратлар ижтимоий тармоқда кенг тарқалган.
Бунинг ортидан ўзбекистонликлар қурилиш хавфсизлиги талабларига риоя этиш ва ушбу соҳадаги коррупция масаласини яна бир бор кўтара бошлаганлар.
Шу куннинг ўзидаёқ мазкур ҳолатни ўрганиш бўйича ҳукумат комиссияси тузилган.
Бироқ шу кунга қадар ҳолат юзасидан расмийларнинг берган изоҳлари бинонинг қонуний асосда қурилганига оид турли саволларни юзага келтирган.
Бинонинг эгаси ким ўзи?

Сурат манбаси, official
Жиззах шаҳар ҳокимлигининг маълум қилишича, "Зилол" маҳалласи, Мустақиллик кўчасида жойлашган бино иншоот ва эгаллаган ер майдони билан "Баракали қоракўл чорвадор" фермер хўжалиги номига 2019 йил апрелида давлат кадастр рўйхатидан ўтказилган бўлган.
"Ушбу бино иншоотлар шаҳарнинг архитектуравий қиёфасини яхшилаш мақсадида шаҳар ҳокимининг 2019 йил 17 сентябрдаги 2642-сон қарори қабул қилинган ва бино тасдиқланган лойиҳага асосан 1-қавати савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шаҳобчаси, юқори қаватлари турар жой биноси сифатида қайта қуриш учун рухсат берилган бўлиб, Жиззах вилоят Қурилиш бош бошқармаси томонидан Архитектура режалаштириш топшириғи (АРТ I-II) хужжатлари ишлаб чиқилган", дейилади ҳокимлик хабарида.
Жиззах шаҳар ҳокимлиги матбуот котиби Хуршида Раҳимова Би-би-си билан суҳбатда ер ва унда жойлашган эски бино бир неча йиллар давомида "Баракали қоракўл чорвадор" фермер хўжалиги номида бўлиб келганини маълум қилди.
Жиззах шаҳар ҳокимининг 2019 йилдаги қарори билан эса фермер хўжалигининг Мустақиллик кўчасидаги бино иншоотни қайта қуришига рухсат берилган.
Шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати тайёрлаган видеолавҳада ўзини Акмал Бобоев дея таништирган шахс "Баракали қоракўл чорвадор" фермер хўжалиги номидан бинони қуриб келганини билдирган.

Сурат манбаси, official
ЎзАнинг Жиззах шаҳар ҳокими Акбар Шукуров ахборотига таяниб тайёрлаган мақоласида Акмал Бобоев фермер хўжалигининг иш бошқарувчиси ўлароқ тилга олинади.
Би-би-си корхона ва ташкилотларнинг ягона давлат реестрида "Баракали қоракўл чорвадор" фермер хўжалигининг ягона таъсисчиси ва раҳбари сифатида кўрсатилган Жаҳонгир Абдуллаҳакимов билан боғланди.
Би-би-си билан суҳбатда Абдуллаҳакимов ўзи ва у раҳбарлик қилаётган хўжаликнинг бино қурилишига алоқаси борлигини қатъиян рад этди.
Шунингдек, у Акмал Бобоевнинг "Баракали қоракўл чорвадор" фермер хўжалигига мутлақо алоқаси йўқлигини ҳам маълум қилди.
Абдуллаҳакимовнинг сўзларига кўра, у қулаб тушган бино ўрнидаги эски иншоот ва ерни бундан 3-4 йил аввал сотиб олган.
"Ҳақиқатан, шу ерда 3 қаватли савдо мажмуаси қуриш мақсадида ариза билан шаҳар ҳокимлигига дастлаб ўзим мурожаат қилганман.
Сўралган ҳамма ҳужжатларни тақдим қилганман. 2019 йил сентябрь ойида аризам қаноатлантирилиб, ҳоким қарори билан қурилиш бошлашимга рухсат берилган", дейди фермер.
Аммо Абдуллаҳакимов молиявий қийинчиликлар ва пандемия сабаб юзага келган муаммолар ортидан ер ва унда жойлашган эски иншоотни 2020 йил апрелида сотиб юборгани ҳақида гапиради.
"Қисқаси қурилишга кучим етмайдиган бўлиб қолди. Шундан кейин ўша қулаб тушган уй ўрнида бўлган эски бино ва ерни Абдураҳим Бобоев исмли одамга сотиб, мулк ҳуқуқини унга ўтказиб берганман.
Сотган пайтимда қурилиш ҳали бошланмаган, менга тегишли бўлган эски бино ҳали бузилмаган ҳолда турган эди", қўшимча қилади у.

Сурат манбаси, official
Шу тариқа Жаҳонгир Абдуллаҳакимов қулаб тушган уй қурилиши тўлиғича кўчмас мулкнинг янги эгалари томонидан олиб борилганини таъкидлайди.
"Сиз тилга олган Акмал Бобоев ерни сотиб олган Абдураҳим Бобоевнинг ўғли. Олди-сотдидан кейин менинг у ерга умуман алоқам бўлмаган, бормаганман ҳам. Абдураҳим Бобоев эски бинони бузиб қурилиш бошлаб юборган", билдиради Абдуллаҳакимов.
ЎзАнинг 11 январь куни эълон қилинган мақоласида қурилишнинг буюртмачиси ҳам, пудратчиси ҳам ва унинг эгаси ҳам "Баракали қоракўл чорвадор" фермер хўжалигининг ўзи бўлгани ҳақида сўз боради.
"Кўп қаватли уйларни қуришда тажрибаси йўқ, чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжалиги бу ишни қандай уддалагани эса кеча маълум бўлди", ёзади ягона расмий ахборот агентлиги.
Абдуллаҳакимов ҳозирда ўзини у раҳбарлик қилаётган фермер хўжалиги нега ҳануз қулаб тушган бино мулкдори сифатида кўрсатилаётгани сабаби қизиқтираётганини айтади.
"Нега бино ҳали ҳам менинг фермер хўжалигим номида турибди, деган саволни кимга беришни билмай турибман. Бино қулагандан кейин кўчмас мулкни бошқа шахс номига ўтказиб берганимга оид нотариусдан тасдиқланган барча ҳужжатларни терговга тақдим қилганман", таъкидлайди у.
Жиззах шаҳар ҳокимлиги матбуот котиби Хуршида Раҳимова ўзида бинога нисбатан мулкчилик эгалиги ва унинг қурувчисига оид бундай зиддиятли вазиятни изоҳлашга маълумот йўқлигини билдиради.
"Сиз айтаётган ҳолатни биринчи марта эшитиб турибман. У одам [Акмал Бобоев - таҳ.] фермер хўжалиги номидан бинони қураётгани ҳақида гапирди, биз ёзиб олдик. Агар ёлғон маълумот берган бўлса, тегишли тартибда ўзи жавоб беради.
Ҳозир ҳукумат комиссияси суриштирув олиб боряпти. Холисликни таъминлаш учун комиссия таркибида шаҳар ҳокимлигидан ҳеч ким қатнашаётгани йўқ. Текширувлардан сўнг бу ҳолатга албатта аниқлик киритилади", дейди Раҳимова.
Би-би-си ушбу саволларга жавоб топиш мақсадида Жиззах вилояти прокуратураси билан боғланишга ҳаракат қилди, аммо бундан бирор натижа чиқмади.
Бироқ Би-би-си Абдураҳим ва Акмал Бобоевлар билан боғланишга муваффақ бўлди.
Акмал Бобоев ўзининг ёки бино қурилишининг "Баракали қоракўл чорвадор" фермер хўжалигига алоқаси йўқлигини билдирди.
Абдураҳим Бобоев эса, ҳақиқатан ҳам, ерни Жаҳонгир Абдуллаҳакимовдан сотиб олганини тасдиқлади.
"Ер биринчи уларнинг номидан бўлган. Имконияти бўлмагандан кейин бизга таклиф қилди.
Кейин ерни сотиб олиб, у ерда тадбиркор сифатида қурилиш бошлаганмиз", дейди Абдураҳим Бобоев.
Ноқонуний қурилиш?

Сурат манбаси, Socialmedia
Жиззах шаҳар ҳокимлигининг 11 январь кунги расмий муносабатида шаҳар ҳокимининг 2019 йил 17 сентябридаги қарори билан бинонинг биринчи қаватигина савдо-маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси бўлиши белгиланган бўлсада, дастлабки расмий маълумотларда қулаган бинонинг илк икки қавати савдо дўкони бўлгани маълум қилинган.
Бу бинонинг қуламасидан аввалги суратларида ҳам яққол кўзга ташланади.
14 январь куни қурилиш вазири ўринбосари Козим Тўлаганов бинонинг қулаб тушиши юзасидан дастлабки хулосаларни эълон қилган.
У қурилиш объектида ишлар техник назоратчи ва иш бошқарувчисиз олиб борилгани учун ҳам шундай аҳвол содир бўлганини айтган.
Маҳаллий нашрларнинг вазир ўринбосарига иқтибосан ёзишича, қурилиш ишлари давомида назорат олиб борилганда темир-бетон, ғишт ва цемент маҳсулотларига мувофиқлик сертификати ва қурилиш пойдевори мос келиши бўйича синов лабораторияси хулосаси тақдим қилинмаган.
Тўлаганов, шунингдек, буюртмачи томонидан лойиҳа-смета ҳужжатларига ўзгартириш киритилиб, уч қаватли бино олти қаватли бинога ўзгартирилгани ҳақида ҳам гапирган.
"Кўрсатиб ўтилган камчиликлар берилган тақдирда ҳам энг хавфли томони — қурилишда на уста, на 'прорабʼ бўлган. Ўзи билганича иш олиб борган. Иккинчи томони, объектда март ойида биринчи лойиҳа билан иш бошланган. Экспертизанинг иккинчи хулосасини 12 октябрда қайтадан чиқаришган.
Ҳаммаси тушунарсиз ҳолат. Инспекция томонидан шунча камчиликлар бўйича улар қўлига ҳужжат бериляпти, улар эртасига лабораторияни чақириб, мослаштиряпти, лекин асосий ҳужжат йўқ. 'Прорабʼ вазифасини бажарадиган одам йўқ", деган вазир ўринбосари.
Анжуманда қурилиш вазири Ботир Зокиров мулк эгалиги билан боғлиқ зиддиятнинг юзага келишига коррупцион схема сабаб эканига ишора қилган.
"Тўғридан-тўғри коррупцион схема. Кимдир ҳокимликка қанақадир яқинлиги бор ёки тизимда таниш-билиши бор, бугун уни номи олинади, бошлангандек бўлади, умуман бошқа одамлар ишлайди.
Ҳужжатни уч марта аниқлаштиришганда уч хил чиқяпти. Ҳозир қидирадиган бўлсангиз бирорта эгаси чиқмайди", — дея Зокировнинг сўзларини келтирган Gazeta.uz нашри.
Бироқ 13 январь куни Абдураҳим Бобоев Би-би-сига бино қурилишига доир барча рухсатларни олгани, ҳеч қандай ноқонуний иш олиб бормаганини таъкидлаган эди.
"Аввалига уч қаватли бино сифатида лойиҳалаштирилган. Кейин олти қаватли қилиб ўзгартирилган", деган у.
Тадбиркор бинога оид барча рухсатнома ва ҳужжатларни вилоят прокуратураси ҳамда ҳукумат комиссиясига тақдим қилганини қўшимча қилади.
"Ҳозир биз прокуратура ва давлат комиссиясига ҳисобот беряпмиз. Барча тегишли ҳужжатларни берганмиз. Ҳужжатларни улардан олишингиз мумкин.
Ҳозирда комиссия арматура, цемент - ҳамма жойдан проба олиб ўрганяпти. Уларнинг хулосаси чиққандан кейин уйнинг нима учун қулагани маълум бўлади".
13 январь куни Би-би-сининг қурилиш давомида барча қонун ва хавфсизлик талабларига риоя қилганман дея оласизми, деган саволига тадбиркор шундай жавоб қайтарганди:
"Худо хоҳласа".
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek