Ўзбекистон ва Тожикистон: Миш-мишларга ишонманг, video, Tojikiston, Мирзиёев, O‘zbekiston, Mirziyoyev, dunyo, yangiliklar

Hokim

Сурат манбаси, official

Ўзбекистон ва Тожикистон: Миш-мишларга ишонманг - Ўзбекистон ортидан, Тожикистон ҳам аҳолини ваҳимага берилмасликка чақирди. Қайроққум сув омбори "тинч" эканини айтди. Ҳар икки томоннинг бирдек билдиришича, сув омбори бус-бутун, ўпирилмаган. Сув босаётгани йўқ.

Маҳаллий вақт билан кеча тунда ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида худди шундай хабар пайдо бўлган.

Бошида сўз ҳатто Тожикистоннинг қай бир сув омбори ҳақида кетаётгани ҳам англашилмаган.

Бунинг ортидан, вазиятга ойдинлик киритиш истагида бўлганларнинг озмунча эмаслиги кўрилган.

Мазкур хабар, айниқса, Ўзбекистоннинг Жиззах ва Сирдарё вилоятининг айрим туманларида жиддий хавотирларга сабаб бўлган.

Ўзбекистондаги етакчи kun.uz интернет нашрининг ёзишича, бу каби миш-мишлар, айниқса, Сирдарё вилоятининг Сардоба, Мирзаобод ва Оқолтин туманларида ваҳима уйғотган.

Айримлар ўз яшаш ҳудудини тарк этишга ошиққани туфайли йўлларда тирбандликлар пайдо бўлган.

Айрим ўзбекистонликлар эса, Twitter да "Сардобага яқин жойда турадиган танишларининг "ҳозир, ярим кечада ётган жойидан уйғотиб, эвакуция қилаётгани"га оид телефон суҳбати тафсилотларини ҳам улашишган.

Баъзи твитлардан эса, "Сирдарёнинг бошқа жойларида ҳам 2-3 кундан бери шунақа гаплар юргани" англашилган.

Ўзбекистон

Сурат манбаси, kun.uz

Ўзбекистоннинг ўзида ўтган йил май ойида айнан Сирдарё вилоятида жойлашган ва фойдаланишга топширилганига унча кўп бўлмаган Сардоба сув омбори кутилмаганда ўпирилиб кетган.

Ўшанда бу каби техноген ҳалокатнинг мамлакат мустақиллиги тарихида кўрилмагани айтилган.

Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг аҳоли яшайдиган масканлари ва деҳқончилик далаларини сув босган, катта моддий зарар етган.

Юзага келган сув тошқинидан вилоятнинг, айниқса, шу уч тумани энг кўп жабр кўргани маълум бўлган.

Ўзбекистон расмийлари бу туманларда 2570 уй-ҳовли, 76 та кўп қаватли уй яроқсиз ҳолга келгани, 1781 ҳовли, 52 та кўп қаватли турар жой қисман зарарлангани ҳақида ҳисобот берганлар.

Худди шу манзарада Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги расмий баёнот билан чиққан.

"Қўшни Тожикистон ҳудудида жойлашган Қайроққум сув омбори бузилиб кетганлиги ҳақидаги бу маълумот "ёлғон ва ҳеч қандай асосга эга эмас"лигини баён қилган.

"Қайроққум сув омбори бузилмаган ва нормал ҳолатда ишлаётгани"ни билдирган.

Шундай деркан, "Тожикистондаги фавқулодда вазиятларга масъул идорадан олинган аниқ маълумотлар"га таянгани ҳақида ёзган.

Сўнггида эса, аҳолини миш-мишларга ишонмасликка чақирган.

Sirdaryo viloyat hokimi

Сурат манбаси, official

Расмий хабар тафсилотларидан маълум бўлишича, Сирдарё вилояти ҳокими ҳам маҳаллий вақт билан кеча ярим тундаёқ мазкур туманларга етиб борган.

Ғофуржон Мирзаев ҳам аҳолини ёлғон миш-мишларга ишонмаслик ва саросимага тушмасликка чақирган.

Вилоят ҳокими бу каби хабар тарқалишига ҳеч қандай асослар мавжуд эмаслигини билдирган.

Сирдарё вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати расмий билдиришномасида ҳам, "хабар тошқиндан зарар кўрган Сардоба, Мирзаобод, Оқолтин каби туманларда жиддий ваҳима уйғотгани" айтилган.

"Айримлар ўз яшаш ҳудудини тарк этишга ошиққани ҳолатлар ҳам бўлгани" ҳам тилга олинган.

Ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида бўй кўрсатган бу каби хабарларга айнан нима сабаб бўлгани, сўз нега айнан Тожикистонда жойлашган Қайроққум сув омбори ҳақида кетаётгани маълум эмас. Масъуллар ҳали бу масалага расман ойдинлик киритишмаган.

Айрим твитларда бунга "Сардобада ароқ ичиб олган кишининг гаплари" сабаб бўлгани ҳақида ҳам ёзилган, иддао қилинган.

Бунинг ортидан, Тожикистон Фавқулодда вазиятлар қўмитаси ҳам одамларни миш-мишларга ишонмасликка чақириб чиққан.

Бу ҳақда Тожикистондаги етакчи Asia-Plus интернет нашри хабар берган.

Хабарда ёзилишича, Тожикистон Фавқулодда вазиятлар қўмитаси ҳам, "Қайроққум сув омбори бус-бутун" экани ва "одатдагидек ишлаб тургани"ни маълум қилган.

Ўзбекистонга бевосита чегарадош aксарият ҳудуди тоғлардан иборат ва серсув Тожикистон минтақанинг энг кўп йирик сув омборлари жойлашган давлатларидан бири бўлади.

Ўтган йил охирида Ўзбекистонда ёлғон ахборот тарқатганлик учун жавобгарлик белгиланган.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексга киритилган қўшимчага кўра, aгар тарқатилган ёлғон ахборот жамоат тартиби ёки хавфсизлигига таҳдид солса, уни тарқатган шахс базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваригача (22 млн. 300 минг сўм) жаримага тортилиши мумкин.

Жиноят Кодексига киритилган қўшимчага мувофиқ эса, ёлғон ахборот тарқатганлик учун маъмурий жавобгарликка тортилган шахс ушбу ҳуқуқбузарликка такроран йўл қўйса, базавий ҳисоблаш миқдорининг 400 бараваригача (89 млн. 200 минг сўм) миқдорда жаримага тортилиши ёки уч йилгача озодликни чеклаш жазоси билан жазоланиши мумкин.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek