Трамп кетди, Байден келди, Мирзиёев янги президентни табриклади – АҚШ ва Ўзбекистон, video, O'zbekiston, Mirziyoyev, AQSH, Rossiya, dunyo, yangiliklar

Jo Bayden

Сурат манбаси, Reuters

Трамп кетди, Байден келди, Мирзиёев янги АҚШ президентини табриклади - Ўзбекистон президенти Байденни давлат раҳбари лавозими ижросига киришгани билан расман қутлаган илк минтақа давлати лидери бўлди. АҚШ да юз минглаб ўзбекистонликлар ҳам яшашади.

АҚШ 46-президентининг расмий инаугурация маросими кеча, 20 январь куни Вашингтонда бўлиб ўтган, Трамп унда қатнашмаганди.

Бу ҳақдаги расмий хабарда, "Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Америка Қўшма Штатлари Президенти Жозеф Байденга унинг давлат раҳбари лавозимига киришгани муносабати билан табрик йўллаган"ини айтилади.

Табрикка оид хабар Ўзбекистон президенти Бухоро вилоятида хизмат сафарида бўлган бир пайтга тўғри келди.

Жо Байден билан бирга қасамёд келтираркан, Камала Ҳаррис АҚШ тарихидаги биринчи аёл вице-президентга айланди.

Трамп рафиқаси - АҚШ биринчи хоними билан бирга сўнгги бор президент мақомида Оқ Уйни тарк этди.

Бундан сал аввал президент вертолётига ўтириб, ўзининг Флоридадаги гольф клубига жўнаб кетди.

Президент Трамп янги маъмуриятга "улкан омад ва муваффақиятлар" тилади.

Трамп президентликдан кетса нима қилади? Дунё, Америка, янгиликлар - BBC News O'zbek

Трамп даври Америкаси янги Ўзбекистоннинг ўзаро алоқаларида стратегик шерикликнинг янги даврини бошлаган илк Ғарб давлати бўлади.

Эмомали Раҳмон ўтган ой Қирғизистон, Қозоғистон ва Туркманистондан сўнг АҚШ янги президентини сайловдаги ғалабаси табриклаган сўнгги минтақа давлати лидери бўлган.

Аксарият таҳлилчилар баҳосида анчайин кечикиб бўлса-да, Россия президенти Путин ҳам орада Жо Байденни барибир қутлаган.

Сурат манбаси, Getty Images

Инаугурация маросими Капитолий ишғолидан роппа-роса икки ҳафта ўтиб бўлиб ўтди.

Шу йилнинг 6 январь куни президент Трампнинг қуролланган тарафдорлари Капитолий биносига бостириб киришган, уни куч билан ишғол ва қамал қилишган. Ишғол инсоний талафотларга ҳам сабаб бўлган.

Ҳодиса Конгресс қуйи ва юқори палатаси сўнгги президент сайлови натижасини расман тасдиқлаш учун йиғилган бир пайтда юз берган.

Бу сайловда амалдаги президент Дональд Трамп мағлубиятга учраган, натижалар унинг демократчи рақиби Жой Байден ғалаба қозонганини кўрсатган.

Аммо ишғолдан саноқли соатлар ўтиб, Конгресс Жо Байденни президент, деб расман маъқуллаганди.

Сурат манбаси, White House via Twitter

Республикачи номзод сўнггига қадар ўзининг президент сайловидаги мағлубиятини расман тан олмай келган эса-да, Капитолий ишғоли ортидан, қудратни "тинч топшириш" ниятини изҳор этган.

Айнан ишғол сабаб, орада кечган қисқ вақтнинг ичида АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси президент Трампга иккинчи бор импичмент эълон қилишган.

Дональд Трамп икки бор импичментга юз тутган АҚШ тарихидаги ягона президентга айланган.

Сенат эса, бу масалада ўзининг якуний сўзини айнан бугунги инаугурация маросимидан кейин айтишини маълум қилган.

Сўнгги АҚШ президент сайлови ўтган йилнинг 3 ноябрь куни бўлиб ўтган.

Лекин сайлов натижалари қатор муҳим штатларда президент Трамп ва унга яқин бир қанча сенаторларнинг "қаллобликлар"га оид даъволари гирдобида қолиб кетган.

Республикачи номзод ва амалдаги президент бу хусусда ҳатто судлашишгача борган.

Сайлов арафасида Америка Қўшма Штатларидаги овоз беришга ҳақли аксарият асли ўзбекистонликларнинг айнан демократчи номзод Жо Байденга тарафдорлик қилишаётгани маълум бўлганди.

Сурат манбаси, Reuters

Капитолий ишғоли ортидан, бугунги инаугурация маросими хавфсизлигини 25 мингга яқин ҳарбий таъминлаши айтилмоқда.

Дональд Трамп бу маросимда қатнашмасликка қарор қилган, бундай йўл тутган АҚШ тарихидаги тўртинчи президентга ҳам айланган.

Трамп президентлигининг сўнгги соатларида 70 дан ортиқ кишини афв этишга ҳам улгурган, уларнинг орасида энг номдори ўзининг собиқ маслаҳатчиси Стив Бэннон бўлгани айтилмоқда.

Аммо АҚШ президенти ўзи ва оиласини олдиндан ҳимоя қилишни кўзда тутган бирор бир афвга бормаган.

Президент сайлови каби инаугурация маросими ҳам глобал коронавирус пандемияси фонида бўлиб ўтди.

Америка Қўшма Штатлари дунёнинг коронавирусдан энг кўп зиён чекаётган давлати бўлади.

Ҳозирга келиб бу мамлакатда жами коронавирусга чалинганлар сони расман 25 миллион кишига яқинлашган.

Сурат манбаси, facebook

Би-би-си: Америка Қўшма Штатлари жорий пайтда дунёнинг энг катта сондаги ўзбекистонликлар яшаб, ўқиб, ишлаб келаётган тўртта давлатидан биттаси бўлади.

Айрим ҳисоб-китобларга кўра, ўзбекистонликлари дохил Америкадаги ўзбекларнинг тахминий сони ҳозир деярли уч юз минг кишига етай, деб қолган.

Улардан аксариятини эса, Грин-карта ёрдамида Америка Қўшма Штатларида яшаш ҳуқуқини қўлга киритганлари ташкил этишади.

Америкада яшаб, меҳнат қилаётган ўзбекистонликлар орасида етакчи олимлар, ишбилармонлар, турли халқаро ва жамоат ташкилотлар вакиллари мақомида бўлганлари, нуфузли университетларида таҳсил олаётганлари озмунча эмаслиги айтилади.

Ўзбекистондаги "Ижтимоий фикр" тадқиқот марказининг сўнгги сўровларидан бири Америкага кетиш истагида бўлган ўзбекистонликлар сони ортиб бораётганига далолат қилган.

Бугун хорижда турли иш, юмуш ва таҳсилда банд ўзбекистонликлар сони миллионларга нисбат берилади.

Бу каби ҳолат Марказий Осиёнинг қолган бирор бир давлати мисолида кўрилмайди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek