АҚШ ва Байден: Мусулмонларга тақиқ бекор бўлди - O'zbekiston, Mirziyoyev, AQSH, Rossiya, dunyo, yangiliklar

АҚШ мусулмонлари

Сурат манбаси, COURTESY

АҚШ ва Байден: Мусулмонларга тақиқ бекор бўлди - АҚШ янги президенти биринчи кунданоқ Трамп тақиқларини бекор қилишга киришди. Трамп ўз вақтида Ўзбекистон фуқароларини ҳам Америка Қўшма Штатларига киритмасликка чақирган. Уларни "террорчилар", деб атаган.

Жозеф Байден кеча, 20 январь куни расман янги АҚШ президенти сифатида қасамёд келтирганди.

Хабарларга кўра, демократчи янги президент ўша куннинг ўзидаёқ қатор янги буйруқ ва фармойишларни имзолаган.

Президент Дональд Трамп киритган қатор тақиқларни бекор қилган.

Дунёнинг аксарият аҳолиси мусулмон қатор давлатларининг АҚШ га киришларига қайта изн берган.

Жо Байден Трампнинг бу тақиқини "давлат виждонидаги доғ", дея баҳолаган.

Бу, "Ҳар қандай динга мансуби баробарида динсизини ҳам қабул қилишдек узоқ тарихларига номувофиқ бир иш" бўлганини айтган.

АҚШда қарийб 3,5 миллион мусулмонлар яшайди. Ислом учинчи йирик дин ҳисобланади.

АҚШ мустақиллигини тан олган (1777 йилда - таҳр.) биринчи давлат ҳам мусулмон - Марокаш султонлиги бўлган.

Трамп, мусулмонлар ва тақиқ

Сурат манбаси, Getty Images

Республикачи президент Дональд Трамп қудратга келиши биланоқ, суриялик қочқинларнинг Америка Қўшма Штатларига киришларини номаълум муддатгача тақиқлаб қўйган.

Эрон, Ироқ, Яман ва Ливия дохил аксарият аҳолиси мусулмон бўлган олти давлат фуқароларига виза беришни уч ойга маън этганди.

Дональд Трамп ҳали ўзининг сайловолди кампанияси чоғидаёқ мусулмонларга қарши кескин чиқишлари билан танилган.

Ҳукумат мусулмонларнинг Америкага нисбатан муносабатини "тўлиқ аниқлаб олмагунча", уларнинг мамлакатга киришларини буткул тақиқлашга чақирган.

Дональд Трамп орада Ўзбекистоннинг номини ҳам Ироқ, Сурия, Афғонистон, Покистон, Яман, Сомали ва Марокаш қаторида тилга олиб ўтган.

Ўзбекистонни ҳам, ўз таъбирида, "эҳтимолий террорчилар етиштириб бераётган давлатлар" сафига қўшган, фуқароларини эса, "террорчилар", деб аташ даражасигача борган.

Уларни ҳам Америка Қўшма Штатларига киритмасликка чақирганди.

Сурат манбаси, Getty Images

Сўз айнан Ўзбекистон ҳақида кетганда, 2013 йилда Америка Қўшма Штатларининг Айдахо штатида террорчилик айблари билан ҳибсга олинган Фазлиддин Қурбоновнинг номини тилга олган, "бундайларни ўз мамлакатида истамаслигини" баён қилган.

Худди шу ўринда, "Қаерда жойлашганини биласизми, ҳаҳ?", - деган такрорий саволлари билан эса, республикачи номзод дунё харитасида Ўзбекистон, деган давлат борлигидан ўзининг қанчалик бохабар эканини ҳам намойиш этган, қатор нашрларнинг ҳажв ва танқидлари остида ҳам қолиб кетган.

Дональд Трамп ўшанда, "бу - исломий террорчиларни АҚШ дан узоқроқ тутишга қаратилган янги чора-тадбирларининг бир қисми бўлиши"ни таъкидлаган.

"Фақат мамлакатларини қўллаб, халқини чин дилдан севганларгагина ўз эшикларини очиш истагида" эканликларини баён қилган.

Алал-оқибат Дональд Трамп янги президент сифатида иш бошлаганидан бир ҳафта ўтиб имзолаган буйруққа Ўзбекистон тушмаган.

Ўзбек ҳукумати Дональд Трампнинг бу сўзларига расман муносабат билдирмаган эса-да, бу турли ижтимоий мулоқот тармоқларида ўзбекистонликларнинг ғазабнок муносабатларига сабаб бўлган.

Трампнинг мусулмонлар ҳақидаги ушбу баёнотлари Американинг ўзи ва дунёнинг қатор давлатларида ҳам сиёсатчилару дин пешволари томонидан кескин танқидга тутилганди.

Бу каби танқидлар манзарасида Дональд Трамп ўз сўзларини юмшатишга ҳам борган, буларнинг барчаси даъват эмас, "бир таклиф" бўлганини даъво қилиб чиққан.

Булар барчаси ортидан, Трамп даври Америкаси янги Ўзбекистоннинг ўзаро алоқаларида стратегик шерикликнинг янги даврини бошлаган илк Ғарб давлатига айлангани кўрилганди.

Янги буйруқлар

Сурат манбаси, Reuters

Байден Мексика билан чегарадаги жадал кетаётган девор қурилиши ишларини ҳам тўхтатган.

АҚШни Трамп расман олиб чиқиб кетишга улгурган глобал иқлим ўзгариши бўйича Париж шартномасига қайтаришга ҳам қарор қилган.

Жо Байден, яна шунингдек, болалигида ноқонуний меҳнат муҳожири бўлган ота-оналари билан АҚШга кириб келган болалар тақдирига ҳам эътибор қаратган.

Миграция ташкилотларининг уларни мамлакатдан чиқариб юбориш саъй-ҳаракатларини маън этувчи янги буйруққа ҳам имзо чеккан.

Трамп маъмурияти президент Барак Обаманинг бу ташаббусини ўтган тўрт йил давомида бекор қилишга уриниб келаётганди.

Янги президент АҚШнинг Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотидан чиқиб кетиш жараёнини ҳам тўхтатган.

Коронавирус пандемиясига қарши қатор янги чора-тадбирларни ҳам қабул қилган.

Барча федерал идоралар ва давлат хизматчилари учун юз ниқобида юриш ва ижтимоий масофа сақлашни шарт қилиб қўйган.

Америка Қўшма Штатлари дунёнинг коронавирусдан энг кўп зиён чекаётган давлати бўлади.

Ҳозирга келиб бу мамлакатда жами коронавирусга чалинганлар сони расман 25 миллион кишига яқинлашган.

Матбуот котибининг айтишича, бундан буёғига ҳам янги президент ўз ишини худди шу суръатда давом этдиради.

Жо Байденнинг энди мамлакат Қуролли кучлари сафларига трансгендерларни ёллаш, аборт қилишни тарғиб қилувчи хорижий ташкилотларга молиявий ёрдамни чекловчи тақиқларни бекор қилиши кутилмоқда.

Сурат манбаси, facebook

Америка Қўшма Штатлари жорий пайтда дунёнинг энг катта сондаги ўзбекистонликлар яшаб, ўқиб, ишлаб келаётган тўртта давлатидан биттаси бўлади.

Айрим ҳисоб-китобларга кўра, ўзбекистонликлари дохил Америкадаги ўзбекларнинг тахминий сони ҳозир деярли уч юз минг кишига етай, деб қолган.

Улардан аксариятини эса, Грин-карта ёрдамида Америка Қўшма Штатларида яшаш ҳуқуқини қўлга киритганлари ташкил этишади.

Америкада яшаб, меҳнат қилаётган ўзбекистонликлар орасида етакчи олимлар, ишбилармонлар, турли халқаро ва жамоат ташкилотлар вакиллари мақомида бўлганлари, нуфузли университетларида таҳсил олаётганлари озмунча эмаслиги айтилади.

Ўзбекистондаги "Ижтимоий фикр" тадқиқот марказининг сўнгги сўровларидан бири Америкага кетиш истагида бўлган ўзбекистонликлар сони ортиб бораётганига далолат қилган.

Бугун хорижда турли иш, юмуш ва таҳсилда банд ўзбекистонликлар сони миллионларга нисбат берилади.

Бу каби ҳолат Марказий Осиёнинг қолган бирор бир давлати мисолида кўрилмайди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek