Ўзбекистон: “Бир квартирада етти киши турамиз” – талабалар қандай яшамоқда? video, Мирзиёев, O‘zbekiston, Mirziyoyev, dunyo, yangiliklar

O'zbekiston

Сурат манбаси, BBCUZBEK

Ўзбекистон: "Бир квартирада етти киши турамиз" - талабалар қандай яшамоқда? Би-би-си ана шу саволларга жавоб топиш мақсадида Тошкентда талабаларни суҳбатга тортди. Англашилишича, ётоқхона етмаган талабалар учун пойтахтда, ҳатто, етарли пул билан ҳам ижарага уй топиш доим ҳам осон кечмайди.

Қайтиш

11 январдан мамлакат бўйлаб талабалар яна ўз илм масканларига қайта бошладилар.

Ўзбекистонлик талабаларнинг аксарият қисми оиласи бағридан олисда таҳсил олади.

Табиийки, анъанавий таълимни бошлашдан аввал улар яшаш учун жой топишлари зарур.

Пойтахтдаги илм даргоҳларига қайтганидан бери энди саноқли кунлар ўтган талабалар бу масалани қандай ҳал этмоқдалар, турар-жой масаласи уларни қанчалик ташвишга солмоқда?

Би-би-си ана шу саволларга жавоб топиш мақсадида талабаларни суҳбатга тортди.

"Квартирадаги курсдошлар бизга ҳавас қилади"

Иккинчи босқич талабаси бўлган Зулхумор доим ётоқхонада яшаб келганини айтади.

Унинг сўзларига кўра, ўқиш учун ётоқхонадаги шароит кўпроқ мос келади.

"Квартирада турадиган курсдошларимиз ётоқхонадагиларга ҳавас қилади. Иккинчи сменада ўқиймиз. Квартирадагилар уйга қайтишда кеч қолиб кетади. Биз учун талабалар турар жойи қулайда", сўзлайди ижара уйда яшашни истамаслигини билдирган Зулхумор.

Бироқ барча талабаларга ётоқхонада жой етмайди, дейди самарқандлик Абдушукур исмли талаба.

"Ўқиш қишнинг ўртасида бошланди. Бир ҳафта кеч келдим Тошкентга. Келгунимча, ётоқхонада жой қолмабди".

Сурат манбаси, BBCUZBEK

Ётоқхоналарда ўринлар чекланганидан жой, биринчи навбатда, энг эҳтиёжманд талабаларга берилади, қўшимча қилади Зулхумор.

"Устозлар биринчи талабаларнинг шароитига қараб кўряпти. Масалан, иккита контрактликлар бор, ногиронлар, боқувчисини йўқотганлар бор. Биринчи ўринда уларга беряпти.

Улардан ортганига узоқ вилоятлардан келиб, контрактда ўқийдиганлар, кейин бюджетдагиларга беряпти. Хона ажратишда ҳақиқат бор", дейди у.

Суҳбатдош талабаларнинг аксарияти, имкон бўлса, ижара уйдан кўра ётоқхонада яшашни афзал кўришини айтади.

Бироқ етарли шароит йўқлигидан ижара уйда яшашни афзал кўрган талабалар ҳам учрайди.

"Ўтган йили ётоқхонада яшаб кўрганман. Кеч келсангиз, ичкарига қўйишмайди. Масалан, тил курсига борасиз, у ердан кеч чиқасиз. Шунақа пайтда ётоқхонага киролмайсиз", дейди Алфия исмли талаба қиз.

"Талабалар безовта қилмасин!"

Сурат манбаси, BBCUZBEK

Ётоқхона етмаган талабалар учун пойтахтда, ҳатто, етарли пул билан ҳам ижарага уй топиш доим ҳам осон кечмайди.

"Қишнинг ўртасида ўқишга чақиришди. Бунақа пайтда ҳеч ким квартирани бўшатмайди. Давлат ишида ишласангиз ҳам квартира тополмайсиз", гапиради сурхондарёлик Файзулло исмли талаба.

"Ҳозир ётоқхонада турибман. Ўтган йили роса квартира излаб, зўрға топгандим. Тошкентда пул билан ҳам квартира топиш қийин", сўзлайди бошқа бир талаба.

Интернетдаги ижара уйлар тўғрисидаги аксар эълонларда "Талабалар безовта қилмасин" ёки "Талабаларга берилмайди" деган эслатмалар кўзга ташланади.

Самарқандлик эканини айтган бир талаба уй эгаларининг бундай кайфияти ҳақида шундай дейди:

"Студентлар арзон нарсани яхши кўради барибир. Кейин тартиб, тозалик масалалари ҳам уй эгасини ўйлантирса керак".

Соҳиб исмли талаба эса турар-жой муаммосига ҳукумат эътиборини қаратишни исташи ҳақида гапиради.

Сурат манбаси, BBCUZBEK

"Олий таълимга мурожаат қилишни ният қилганман. Ўзим муҳандисликда ўқийман. Япония каби давлатларни ўргандим. У ерларда талабалар учун бир хонали, лекин кенгроқ махсус уйлар қурилган.

Бизда ҳам талабалар учун шундай уйлар қурилса, хурсанд бўлардим. Чет эллик талабаларга ҳавас қиламан", давом этади у.

Соҳиб, шунингдек, ижара уйда яшаб ўқишнинг молиявий жиҳатларига ҳам тўхталади.

"3 хонали квартирада етти киши турамиз. Бозор кунлари ишлаймиз. Кунлик ишларга чиқамиз. Ҳозирча ҳаёт учун етиб турибди. Лекин уйдан ёрдам келмаса, қийналиб қоламиз".

Сурхондарёлик Файзуллонинг фикрича, бир қанча талабалар шаҳарчаларини қуриш муаммонинг ечими бўлиши мумкин.

У бунга барча имкон етарли эканини айтади.

"Ака, кўряпсиз, шунча уйлар қуриляпти. Демак талабалар учун турар-жойлар қуришга шароит етарли".

Сурат манбаси, BBCUZBEK

"Сўровнома ўтказиб беринг"

Kun.uz нашри билан суҳбатлашган Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бошқарма бошлиғи Отабек Бозоровнинг сўзларига кўра, ҳозирда мамлакатда мавжуд ётоқхоналар республика бўйича таҳсил олаётган 600 мингдан зиёд талабанинг 27 фоизинигина турар жой билан таъминлай олади.

19 январь куни Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳам талабаларнинг турар-жой муаммосига тўхталган.

Ҳоким 2021 йилда пойтахтда талабалар учун турар-жойлар қуриш режаланмаётганини маълум қилган.

Бироқ Ортиқхўжаев олий таълим муассасалари раҳбарларидан турар-жойлар қуриш истагида бўлган тадбиркорлар учун аниқ таклифлар ишлаб чиқиш йўлида талабалар орасида сўровнома ўтказиб беришни сўраган.

"Бизда талабалар қанча ижара ҳақи, қандай шароит истаётганига оид аниқ маълумотлар йўқ.

Ректорларимиздан илтимос - талабалар ўртасида сўровнома ўтказиб беринг. Улар қанақа нарх, қандай шароитда турар жой хоҳлаяпти? Шуни аниқлаштириб олсак, тадбиркорга аниқ таклиф бера олган бўлардик", деган ҳоким.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek