Мирзиёев энергетика бўҳронига қандай барҳам бермоқчи - Ўзбекистонда хусусий иссиқлик электр станцияси қурилмоқда, video, Мирзиёев, O‘zbekiston, Mirziyoyev, dunyo, yangiliklar

Mas'ullar

Сурат манбаси, official

Ўзбекистонда энди электр кўпаядими? - Ўзбекистон ҳукумати жорий қиш мавсуми мамлакат энергетика тизимини жиддий синовлар қаршисида қолдирган бир пайтда янги йирик қўшма лойиҳа ижросига киришди. Бу Ўзбекистондаги илк хусусий иссиқлик электр станцияларидан бирига айланади.

Саудиялик инвесторлар Сирдарёда йирик қувватли иссиқлик электр станцияси қуришни бошлаб юборди. Бу лойиҳа Ўзбекистон юзлашаётган энергетика бўҳронини юмшатишидан умид қилинмоқда.

Ўзбекистон ҳукумати жорий қиш мавсуми мамлакат энергетика тизимини жиддий синовлар қаршисида қолдирган бир пайтда бу лойиҳани амалга оширишга қўл урган.

24 январь куни Сирдарёнинг Ширин шаҳарчасида қурилишига старт берилган ИЭСнинг қуввати 1,500 МвТ бўлиши айтилади.

Хусусий ИЭС

Сурат манбаси, official

Ўзбекистон ҳукумати билан Саудия Арабистонининг ACWA Power компанияси ҳамкорлигида қурилаётган умумий қиймати 1,2 миллиард долларлик бу станция мамлакатнинг энергетик қувватини сезиларли оширишига қаттиқ умид боғланган.

Якшанба куни пойтахт Тошкентда ўтган маросимда қурилажак янги станция ҳозирда ишлаётган бошқа иссиқлик электр станцияларидан икки баробар камроқ табиий газ истеъмол қилиши маълум қилинган.

Шунингдек, маросим давомида ACWA Power компанияси билан Бухоро ва Навоий вилоятлари чегарасида умумий қуввати 1,000 МвТ бўлган қиймати қарийб 1,3 миллиард долларлик икки шамол электр станцияси лойиҳаси бўйича ҳам келишувлар имзоланган.

Саудия компанияси бу борада Ўзбекистон билан 25 йилга шартнома тузган.

Шартномага кўра, ACWA Power компанияси Сирдарё вилоятида қурилиши бошланган иссиқлик станциясига эгалик қилади.

"Ўзбекистон Миллий электр тармоқлари" АЖ эса станцияда ишлаб чиқарилган энергиянинг ягона харидорига айланади.

Шу тариқа Ўзбекистонда илк хусусий иссиқлик электр станцияларидан бири пайдо бўлмоқда.

Тожикистон билан чегарадош Ширин шаҳарчасида қурилаётган янги станциянинг соф электр самарадорлиги 60 фоизга қадар етиши таъкидланмоқда.

Нега Саудия компанияси?

Сурат манбаси, BBCUZBEK

Ўзбекистон расмийлари ACWA Power компаниясининг энергетика соҳасидаги кўп йиллик тажрибасига урғу берганлар.

2004 йилда Саудия Арабистонида ташкил этилган компания бугунга келиб жаҳоннинг 13 мамлакатида электр энергияси ва чучук сув ишлаб чиқараётгани билдирилади.

Шунингдек, компания таклиф этаётган самарадор технологиялар ҳам Ўзбекистон томонига манзур бўлгани айтилади.

Мамлакатда 2019 йил давомида қарийб 63 миллиард киловатт/соат электр энергияси ишлаб чиқилган.

Сурат манбаси, facebook/dimaqayum

Ҳозирча, келаси 36 ойдан сўнг ишга тушиши кутилаётган янги электр станцияси яна қўшимча 12 миллиард киловатт/соат электр беришидан умид қилинмоқда.

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги бу станция мамлакатнинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжининг 15 фоизини қоплашини тилга олганлар.

Ўзбекистон йилига истеъмол қиладиган электр энергиясининг қарийб 85 фоизи иссиқлик электр станцияларидан олинади.

Бироқ бугунга қадар ишлаб келаётган бу 11 та станциянинг 80 фоиздан зиёди ўтган асрда ишга туширилган.

Уларнинг маънан ва техник жиҳатдан эскирганлиги ҳозирда мамлакатда кузатилаётган энергия тақчиллигининг асосий сабабларидан бири экани айтилади.

Сурат манбаси, official

Президент Шавкат Мирзиёев йиллардан бери энергетика тизимидаги қолоқликни танқид қилиб, соҳага давлат-хусусий шериклик тамойили асосида хусусий секторни жалб қилиш зарурияти ҳақида гапириб келади.

Шундай қилиб қурилиши ҳали бошланмасдан хавотирларга сабаб бўлган атом электр станцияси қаршисида Сирдарёда қурилаётган янги электр станцияси ўзбекистонликларнинг қишни иссиқ ва ёруғ ўтказиб олиш орзусининг қайта жонланишига туртки бериши мумкин.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek