Янгиланди, Алексей Навальний қамалди - суд тугади, Россия ва Путин, Rossiya, Putin, O‘zbekiston, migrantlar, dunyo, yangiliklar

Aleksey Navalniy

Сурат манбаси, Moscow city court

Янгиланди, Алексей Навальний - Путин ашаддий танқидчиси қамалди, суд тугади. Москванинг Симоновский суди Россия Жазони ижро этиш Федерал хизматининг талабини қондирди. Mухолифат лидерининг Ив Рошер иши бўйича 3,5 йиллик шартли ҳукмини ҳақиқий жазо билан алмаштирди.

Шу билан бирга, ишни дастлабки кўриб чиқиш пайтида Навальний уй қамоғида ўтказган 10 ойча вақт ҳам ҳисобга олинадиган бўлди.

Бунинг ортидан, Навальнийнинг жами икки йил саккиз ой колонияда қолиши айтилди.

Адвокатининг сўзларига кўра, Россия Жазони ижро этиш Федерал хизмати у билан ҳам, Навальнийнинг онаси билан ҳам боғланишга уринмаган.

Унинг таъкидлашича, хизмат тинтув ўтказиш тартибини қўпол равишда бузган, шу сабабли ҳибсга олишнинг ўзи ноқонуний бўлган.

Алексей Навальний судда шахсан ҳозир бўлди, ҳибсхонадан келтирилди.

Ўз ҳибсига қарши шикоят аризаси кўриб чиқилган ўтган ҳафтадаги маҳкама жараёнида у сиртдан қатнашганди.

Бинога элтувчи ҳамма йўллар тўсилган, ҳали суд арафасидаёқ аллақачон ҳибсга олишлар бошланиб кетган. Ҳибсга олинганлар сони 200 кишидан ортган.

Алексей Навальний 17 январдан буён ҳибс остида қолмоқда.

У худди ўша куни, Германияда даволаниб қайтиши биланоқ, Москва аэропортида қўлга олинган.

Германияда мухолифат лидерининг "Новичок" русумига кирувчи асабни фалажловчи модда билан заҳарлангани аниқланган.

"Ив Роше" бўйича ишни Москванинг Симоновский суди кўриб чиқди.

Сурат манбаси, MOSCOW CITY COURT

Хабарларга кўра, маҳкама жараёнига матбуотнинг катта қизиқиши инобатга олинган.

Кўпроқ журналистни киритиш учун жараённи Москва шаҳар суди биносида ўтказишга қарор қилинган.

635 кишилик бинода бундан аввал собиқ ҳукумат вазири Алексей Улюкаев ва Ички ишлар вазирлигининг собиқ генерали Денис Сугробовларнинг ишлари кўриб чиқилган.

Сурат манбаси, BBC

Россиянинг Интерфакс ахборот агентлиги хабар беришича, суд жараёни маҳаллий вақт билан соат 11:00 да бошланади.

Бугунги маҳкама жараёни Навальний тарафдорларининг яна бир оммавий намойишларига туртки бериши мумкинлигига оид хавотирлар ҳам йўқ эмас.

Хабарларга кўра, суд бўлиб ўтажак ҳудуд атрофидаги кўчаларда ҳаракатланиш чекланади.

Расман маълум қилинишича, кўчаларнинг бир қисми ярим тундан бери ёпилган, қолганлари маҳаллий вақт билан эрталабги соат 09:00 дан тўсилади.

2017 йилда Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди "Ив Роше" иши бўйича Навальнийларга чиқарилган ҳукмни ўзбошимчалик ва асоссиз, деб топган.

Аммо Россия Олий суди Президиуми уни бекор қилишни рад этганди.

Сурат манбаси, Reuters

Сўнгги икки дам олиш кунларида Россия Алексей Навальний тарафдорларининг бу яқин тарихда мисли кўрилмаган рухсатсиз оммавий намойишларига саҳна бўлган.

Бу намойишларда ўн минглаб кишининг иштирок этгани айтилган.

Шу якшанба куни бўлиб ўтган сўнггисида полиция рекорд сондаги - 5 мингдан ортиқ одамни ҳибсга олган.

Айтилишича, полициянинг "шафқатсизлиги", тинтувлар, жарималар ва маъмурий ҳибслар ҳам Навальний тарафдорларини кўчаларга чиқишдан қайта олмаган.

Сурат манбаси, Reuters

Россиядаги воқеаларнинг сўнгги ривожи глобал коронавирус пандемияси билан бир пайтга тўғри келган.

Россия ҳали-ҳануз дунёнинг энг кўп коронавирус тарқалган тўртта давлатидан биттаси бўлади.

Мамлакатда жами коронавирус ҳолларининг ҳозирга келиб 4 миллионга яқинлашгани кўрилади.

Россия, бошқа томондан, дунёнинг энг кўп - миллионлаб сондаги Ўзбекистон фуқаролари турли иш, юмуш ва таҳсилда банд давлати бўлади.

Энг катта сондаги Тожикистон ва қирғизистонликлар ҳам, йилларки, айнан Россияда меҳнат муҳожирлигида банд бўлиб келишади.

Россиядаги сўнгги ҳодисалар қатор Ғарб ҳукуматларининг кескин танқид ва хавотирларига сабаб бўлиб улгурган.

Бу воқеаларга ҳозирча бирор бир Марказий Осиё давлатининг расмий муносабати кўзга ташланмайди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek