Тошкент: Нега Ўзбекистон президент сайловини олдинга суряпти? - Мирзиёев, O‘zbekiston, Mirziyoyev, dunyo, yangiliklar

Saylov

Сурат манбаси, kun.uz

Тошкент: Нега Ўзбекистон президент сайловини олдинга суряпти - ўзбек расмийлари сайлов кунини олдинроққа кўчиришларига депутатлар айтганидан бошқа бир нечта, эҳтимол муҳимроқ сабаблар бор кўринади.

Ўзбекистон 2021 йилги президентлик сайлови кунини Kонституцияда белгиланганидан икки ой олдинга сурмоқчи. 29 январь куни Парламент қуйи палатаси маъқуллаган қонун лойиҳасига кўра, президентлик сайлови декабрь охиридан октябрь охирига кўчирилади.

Депутатларнинг изоҳ беришича, сайловнинг илгарироққа кўчирилиши сайловдан кейинги расмиятчиликларни битказиш ва келгуси йил учун давлат дастурларини қабул қилиш учун фурсат беради.

Шунга қарамай, ўзбек расмийлари сайлов кунини олдинроққа кўчиришларига бошқа бир нечта, эҳтимол муҳимроқ сабаблар бор кўринади. Булар сирасига кейинги йилларда айниқса қиш бошида Ўзбекистон аҳолиси орасида кузатилаётган норозилик кайфияти кучайишини ҳам киритиш мумкин.

Келаётган сайловда амалдаги президент Шавкат Мирзиёев яна номзодини қўйиши ва чинакам рақобат йўқлигини назарда тутсак, осонлик билан келгуси беш йилга сайланиши кутилмоқда.

Нима юз берди?

Сурат манбаси, official

Сайлов кунини аввалроққа кўчириш ҳақидаги қонун лойиҳаси 25 январь куни биринчи марта парламентда муҳокама қилинди. Ҳужжат ўша куннинг ўзида биринчи ўқишдаёқ маъқулланди ва жамоат муҳокамаси учун парламент веб сайтида эълон қилинди.

Конституцияга кўра эса, президент ва турли даражадаги халқ вакиллари сайловлари муддат тугаган йил декабрининг учинчи ўн кунлиги биринчи якшанбасида ўтказилади. Таклиф қилинган ўзгаришга мувофиқ, бу йилдан бошлаб барча сайловлар октябрь ойи охирларида ўтказилади.

Янги қонун, шунингдек, сайлов қонунчилигига бир неча ўзгаришларни киритади, жумладан, сайлов кампанияси учун маъмурий ресурслардан фойдаланиш тақиқланади. Сайлов натижаларини эълон қилишнинг "асоссиз кечикиши" олдини олиш учун сайлов комиссиялари қарорлари устидан шикоят қилиш муддати 10 кундан 5 кунга қисқартирилади. Яна бир янгилик, маҳаллий кенгашларга сайловларни ўтказувчи участка сайлов комиссиялари тугатилади. Уларнинг ваколати туман (шаҳар) сайлов комиссияларига ўтказилади.

Нега шундай бўлди?

Сурат манбаси, official

Сайловни декабрда ўтказиш "сайловлардан кейинги сиёсий тадбирларни ўтказиш, жумладан, Давлат дастурини қабул қилиш ва бошқа ислоҳотларнинг кечиктирилишига сабаб бўлади", дейилади 25 январь куни парламент қуйи палатаси веб сайтида.

Сайлов кунини аввалроққа кўчириш ҳукуматнинг олий органларини вақтида шакллантиришга имкон беради ва "муҳим сиёсий қарорларни қабул қилиш учун замин яратилади", дейилади веб сайтда.

Парламент биринчи марта сайлов кунини белгиловчи конституцион меъёрлар муаммога сабаб бўлаётганига эътибор қаратаётгани кузатилмоқда.

Ўзбек парламенти асосан муҳр босиб берувчи ташкилотдир, яъни сайлов кунини ўзгартириш ташаббуси аслида ҳукуматдан келган. Ўтган йили 7 декабрда гапирган Президент Мирзиёев тафсилотларини очиқламаган ҳолда "ҳаётнинг ўзи Kонституция ва қонунларга ўзгартириш киритишни тақозо қилмоқда", деди.

Ҳукумат нуқтаи назаридан қаралса, қишнинг илк кунлари сайлов ўтказиш учун энг ноқулай вақтдир. Ўтган бир неча йиллардаги декабрь ойи совуқ келиши билан газ ва электр таъминотидаги сурункали узилишлар боис, Ўзбекистонда ижтимоий таранг кайфият ойи бўлиб келмоқда. Мамлакат 2019 ва 2020 йиллар декабрида одамларнинг норози бўлиб кўчага чиққани, энергия йўқлиги сабабли йўлларни ёпиб қўйганига гувоҳ бўлди. Ҳукумат йиллар давомида сўз эркинлиги ва ҳар қандай норозиликни қаттиқ чеклаб келгани боис, Ўзбекистонда бундай оммавий чиқишлар қилиш жуда ноёб ҳодисадир. Энергия муаммосининг ечилиши даргумон бўлгани сабабли, бу йил ҳам яна шундай чиқишлар бўлиши эҳтимоли катта.

28 январь куни депутат Дониёр Ғаниев об-ҳаво шароити сайлов кунининг олдинга кўчирилишига сабаб бўлганига ишора қилган. Сайлов илиқ об-ҳаво мавсумида ўтказилиши фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлашга қулай шароит яратади, деб ёзди у Telegram каналида.

Лондонда яшовчи ўзбек таҳлилчиси Алишер Илҳомовнинг айтишича, Ўзбекистон Россия етакчилигидаги ЕвроOсиё Иқтисодий Иттифоқига аъзолик масаласидаги қарорини эълон қилиши кутилаётган паллада расмий Тошкент Кремлнинг сайловларга таъсир қилиши эҳтимолини камайтиришга уринаётган бўлиши ҳам мумкин. "ЕОИИга аъзолик масаласи шу йил декабрь ойида кўрилади. Шу оғриқли танловдан олдин сайловни ўтказиб олиш", дея иқтибос келтиради Алишер Илҳомовдан Озодлик радиоси ўзбек хизмати.

Муносабат қандай бўляпти?

Сурат манбаси, official

Францияда яшовчи сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов сайловни кузга кўчириш қарорини "кучли сиёсий технология", деб атади. Facebook даги постида у сентябрь ва октябрь ойлари Ўзбекистонда сайлов учун энг яхши вақт дейди: "Октябрда ҳали ҳаво мўътадил, кузги тўкин-сочинлик, мева-чевалар, тўйлар.., ҳаёт ширинлигини эслатувчи палла. Сайловлар учун энг қулай пайт. Ҳукумат сайловлар учун охири октябрни танлабди, узоқни ўйлаяпти..."

Тошкентдан фаоллардан Максим Черников Facebook да шундай изоҳ қолдирди: "Тасаввур қилинг, 2021 йил декабрь. Одамлар иситиш тизими ишламаётгани, табиий газ ва электр йўқлигидан шикоят қиляпти, худди бу йил бўлгани каби. Шу шароитда одамлар сайловга борадими? Бормайди ёки борса ҳам, амалдаги президентга қарши овоз беради, чунки улар куз ва қишга тайёргарлик, энергия таъминотига масъуллар ҳамон жазолангани йўқ."

Энди нима бўлади?

Сайлов учун янги вақт белгилаётган лойиҳа қонун бўлиши учун Сенатда маъқулланиб, президент имзо чекиши керак. Парламентнинг бу лойиҳани бунчалик тез ўтказганидан билса бўладики, булар ҳаммаси шунчаки расмиятчилик учун.

Сиёсатшунос Фирдавс Аннагелдиевга кўра, сайлов кунини икки ой олдинга сурилиши кўпчилик ўйлагандан кўра кўпроқ таъсирга эга бўлади. Қонунчилик нуқтаи назаридан, сайлов бўйича конституцион нормаларнинг ўзгартирилиши президентлик муддатини яна бошига қайтариб қўйиши ва Мирзиёевга яна икки муддат сайланишига имкон бериши мумкин, дея экспертдан иқтибос келтиради Озодлик радиоси. "Ўзбек ҳукумати Путин ўз президентлик муддатини бошидан бошлаш учун қўллаган усулни кўчирмоқчи", дейди у Тошкентнинг Кремлдан кўчиришга ўрганганини қўшимча қилиб.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek