Расман: Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги узр сўради - O‘zbekiston, dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, fb.com/apikulicka
Расман: Чет эллик журналист шикояти ечим топди - Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги узр сўради. Агниешка Пикулитска-Вилчевска аккредитация оладиган бўлди. Унга "тегажоқлик қилган" ходим ишдан кетди.
Вазирлик ҳам чет эллик журналистнинг бугун қилган сўнгги твитларидан биридаги хабарни расман тасдиқлади - шу соатларда "Ал-Жазира" мухбири билан учрашув бўлиб ўтганини билдирди.
Маълум бўлишича, мазкур учрашув давомида унинг аккредитацияси ва бўлиб ўтган воқеа билан боғлиқ қўшимча ҳолатлар аниқланган.
Чет эллик журналистдан ҳодиса учун узр сўралган.
Агниешка Пикулитска-Вилчевска тилга олган вазирлик ходими Ташқи ишлар вазирлиги тизимидан бўшатилган.
Расман билдирилишича, журналистнинг аккредитациясини расмийлаштириш жараёни эртага, 3 февраль куни якунланади.
Журналист сал аввал твит қилган, ўзининг Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида бўлиб қайтганини маълум қилган. Ўз твитини "Рустам ким?", деган саволдан бошлаган.
У твитида вазирлик ўзига "аккредитация масаласи ҳануз очиқ экани", аммо "кимлигини ҳеч ким билмаслиги боис, Рустамнинг хулқ-атворини текшириб бўлмаслиги"ни баён қилганини билдирган.
Журналист "бунинг ортидан, уларга "Рустам"ни вазирликда бир неча маротаба кўрганлигини айтган"и ҳақида ёзганди.
Шикоят ёки тарихча ўрнида
Сурат манбаси, facebook
Ўзбекистон: Агнешка Пикулицка шикоятига Комил Алламжонов, Сенат раиси эътибор қаратди - Ўзбекистон Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раисининг айтишича, чет эл журналистининг шикоятидан "жиддий хавотирдалар".
Комил Алламжоновнинг айни мазмундаги муносабат-твити Агнешка Пикулицканикидан саноқли соатлар ўтиб бўй кўрсатган.
Журналист аввалига Twitter акаунти орқали "Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги алал-оқибат ўзига аккредитация беришни рад қилгани"ни маълум қилган.
Агнешка Пикулицка-Вилчевсканинг кеча, 1 февраль кунги твити мазмунидан англашилишича, "унинг аккредитация қилинган оммавий ахборот воситасидан бошқаси учун ҳам ишлагани" бунга сабаб қилиб кўрсатилган.
Чет эл журналисти, ўз ўрнида, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги аккредитация сўровига жавобни қонунда кўрсатилганидек 2 ойда эмас, 6 ойда берганидан ҳам ўз таажжубларини изҳор этган.
Агнешка Пикулицка-Вилчевска, бунинг ортидан, ўзининг аккредитация олиши билан боғлиқ ўтган йил юз берган айрим воқеа-ҳодисаларга ҳам тўхталиб ўтган.
Журналист Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ходими унга тегажоқлик қилгани, босим ўтказгани - ўзидан бир неча бор ижобий мақолалар ёзишини сўраганлигини ҳам маълум қилган. Унинг номини "Рустам", деб атаган.
Агнешка Пикулицка-Вилчевска
Сурат манбаси, fb.com/apikulicka
Агнешка Пикулицка-Вилчевска кўзга кўринган чет эллик мустақил журналистлардан бири саналади.
У Ғарбнинг қатор нуфузли нашрлари - The Gardian, Al-Jazeera, The Diplomat учун ёзади. Мақолалари EuroasiaNet да ҳам чиқади. Яна қатор инглиз ва поляк тилларидаги халқаро нашрлар учун ҳам ишлайди. Аёл Журналистлар Коалициясининг аъзоси бўлади.
Журналист ўзининг аккредитацияга оид сўнгги аризасига рад жавоби берилишининг расмий сабаби "баҳона" эканини айтган.
Агнешка Пикулицка-Вилчевска твит қилишда давом этаркан, "Ташқи ишлар вазирлиги ходимлари унга ҳар сафар мақола ёзмоқчи бўлганида, алоҳида аккредитацияга ариза топширишни маслаҳат беришгани"ни ҳақида ҳам ёзган.
Журналистнинг айни мазмундаги твитларига Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг расмий муносабати ҳозирча маълум эмас.
Аммо орадан саноқли соатлар ўтиб, Ўзбекистон Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов унинг твитига жавоб берган.
Комил Алламжонов "чет эл журналисти Агнешка Пикулицканинг шикоятидан "жиддий хавотирда" эканликларини билдирган.
"Шубҳасиз бу иш аниқлик киритишни ва муфассал суриштирувни тақозо этиши"ни айтган.
Ўзбекистон Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси бунинг ортидан "Агнешка била учрашиш ва ҳолатни муҳокама этиб олишга тайёр эканликлари"ни билдирган.
Комил Алламжоновнинг бу твитига журналистнинг муносабати ҳалича маълум эмас.
Агнешка Пикулицка-Вилчевсканинг твитларидан англашилишича, ўтган йилги "ҳодисадан кун ўтиб, бу ҳақда шикоят қилган. Аммо бирор бир жавоб олмаган".
"Аккредитация сўраб, яна қайта мурожаат қилган, жавобини кеча олган".
Агнешка Пикулицка-Вилчевсканинг бу твитига вазирлик ўзининг муносабати ҳалича маълум эмас.
gazeta.uz нинг ёзишича, Сенат раиси Танзила Нарбаева ҳам мазкур ҳолатга ўз муносабатини билдирган, "ҳодиса пухта ўрганилиб, айбдорлар жазоланиши"ни таъкидлаган.
Муносабат
Журналистнинг 1 февраль кунги твитлари шу куннинг ўзида ҳам мамлакат ичкариси ва ҳам ташқарисида акс-садо берганини кўриш мумкин бўлган.
Ўз муносабатини билдирганлар орасида қатор хорижлик инсон ҳуқуқлари фаолларининг борликлари ҳам кўрилган.
Жумладан, Стив Свердлоу, "Ўзбекистон ҳукумати, Ташқи ишлар вазирлиги бу даъволарни зудлик билан ўрганиши ва аккредитация бериши лозим"лигини айтган.
"Хьюман Райтс Вотч" халқаро инсон ҳақларини сақлаш ташкилотининг собиқ тадқиқотчиси, Лос-Анжелесдаги Жанубий Калифорния университетининг инсон ҳуқуқлари бўйича профессорининг ёзишича, "эркин хабар бера олмасдан, бошқа инсон ҳақларининг ҳимоясини тасаввур қилиш қийин".
"Хьюман Райтс Вотч" ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё бўлими раҳбари Хью Уильямсон ҳам журналистнинг твитларни беэътибор қолдирмагани кўрилган.
У, "бунинг жуда хавотирли" экани ҳақида ёзаркан, улашгани учун журналистга раҳмат айтган.
"Жинсий тегажоқликка ҳеч қачон тоқат қилинмаслиги"ни билдирган.
Хью Уильямсон ҳам Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигини буни "текшириш ва бунга масъулларни жавобгарликка тортиш"га даъват қилишлари"ни айтиб, ўз твитини якунлаган.
Сурат манбаси, BBCUZBEK
Орада ўзбекистонлик айрим таниқли блогер ва мустақил журналистлар ҳам бу мавзуга ўз эътиборларини қаратишгани кўрилган.
Жумладан, Муҳрим Аъзамхўжаев, "Шилқимлик ёмон, лекин менинг назаримда, мана буниси ундан ҳам ёмонроқ", деркан, ўз эътиборини "давлат идораси (айни ҳолатда Ташқи ишлар вазирлиги) ходими чет эллик журналистдан ижобий мақолалар ёзишни сўрагани" масаласига қаратган.
"Нохуш хабарлар кўпайиб кетгани" учун ОАВдан "ижобий мақола" сўрайдиган давлат идоралари ходимлари — булар қандайдир англаб бўлмас параллел олам вакиллари, муқобил идрок эгалари. Уларнинг устидан бошлиқларига шикоят қилай десанг, топшириқ шу бошлиқдан чиққан, бир сўз билан — "мушт кетди", - деб ёзади журналист.
Яна бир ўзбекистонлик таниқли мустақил журналист, юрист-консультант Зафарбек Солижоновнинг ёзишича, халқаро журналист воқеаси "кўп саволларга жавобларни очиб берган".
"Келинглар, жонажон аккредитациядан бошлаймиз. Айнан уларни назорат қиладиган институтнинг ўзи йўқ, жавобгарликнинг ўзи йўқ, менимча. Бўлмаса, 2 ойда берилиши керак бўлган жавоб 6 ойдан кейин, бемалооол берилмасди. Давлат ташкилотларида назорат йўқлиги ўзбошимчаликка олиб келган доим. Ўзи аккредитация нега бунча муддатда берилиши керак? Балки, янги Ўзбекистонда "ташқи ёвуз, қора кучлар" фаразимиздан воз кечармиз? Қачонгача сунъий душманлар билан яшаймиз? Эски даврдан қолган "тешик тоғоралар"дан қачон қутуламиз?", - дея устма-уст савол қўйган журналист.
Агнешка Пикулицка-Вилчевска твитларининг бирида ўзининг "Ўзбекистонда жойлашган ягона инглиззабон журналист" эканини эслатган.
gazeta.uz келтирган иқтибосга таянилса, Сенат раиси ушбу ҳолат "республикада амалга оширилаётган барча улкан ислоҳотларга соя солмаслиги лозим"лигини таъкидлаган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek