Янгиланди: Британия сиёсатчилари навбат билан Алишер Навоий ғазалларини ўқишди - Ўзбекистон ва дунё, video, O‘zbekiston, Mirziyoyev, dunyo, yangiliklar

Алишер Навоийни дунё нега ўрганиши зарур?
Буюк шоир таваллудининг 580 йиллиги муносабати билан Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчихонаси масхус онлайн анжуман ташкил этди.
Иштирокчилар Навоий мероси замонавий халқаро муносабатларда ҳам муҳимлигини ҳаётий мисоллар билан тушунтиришди.
Алишер Навоий ёзма Туркий адабиёт алломаларидан бири ва Ўзбек адабий тили ҳамда адабиёти асосчиси ҳам саналади:
Бироқ шоир ижоди фақат Туркий дунё билан чекланмаган.
Алишер Навоий - инсоният тарихидаги кам сонли адабиёт даҳоларидан бири.
Буюк Британиядаги Ўзбекистон Элчихонаси ташкиллаштирган анжуман шоир ижодининг жаҳон адабиётидаги ўрни ва бугунги маданий дипломатияда тутган аҳамиятига эътибор қаратди.
Шунингдек, Ўзбек шоири меросини ўрганиш бўйича Британия Кутубхонаси, музей ва университетларда олиб борилаётган тадқиқотлар ҳам қайд этилди.
Британ сиёсатчилари ва Навоий
Буюк Британия ва ҳозирги Ўзбекистон ҳудудлари ўртасидаги маданий алоқалар энг камида 16-асрга бориб тақалади.
Яъни айнан Алишер Навоий яшаган даврдан кўп ўтмай, Британ саёҳатчилари Самарқанд ва Бухоро каби шаҳарларга боришган.
Шу асно Англияда ҳам одамлар Марказий Осиё адабиёти ва санъати намуналари билан танишишган.
Бир неча асрлик қўлёзмалар ҳозир ҳам ўрганилмоқда.
Бу борада Британиянинг Рақамли технология ва маданият ишлари бўйича давлат вазири Кэролайн Диненеж маълум қилди.
Анжуманда иштирок этган Британия сиёсатчилари ва маданий фаоллар эса навбат билан Алишер Навоий асарларини ёддан ўқидилар.
Улар Буюк Британия ва Ўзбекистон ўртасидаги бугунги маданий дипломатияда ҳам Навоий мероси ўрин тутишини таъкидлашди.
"Айни ришталар учун Алишер Навоийга ташаккур!" - деди анжуманда сўз олган Лорд Питер Лилли.
Ўзбекистонлик сенатор Бахтиёр Сайфуллаев Навоийнинг давлат арбоби сифатидаги ўрни ҳамда ибратли ишлари ҳақида гапирди.
Хусусан, унинг халқ ғамини ўйлаш, камбағалларга мурувватли бўлиш, низоларга барҳам бериш ва миллатлараро дўстликни қадрлаш хислатларини санаб ўтди.
Навоий Британия кутубхонасида
Сурат манбаси, British Library manuscripts/Screenshot
Британия Кутубхонасида Алишер Навоий ижодига оид қирққа яқин қўлёзма намунаси сақланади.
Уларнинг бир нечтаси рақамлаштирилган.
Истаган киши ушбу кутубхона вебсаҳифасидаги олтита қўлёзма билан бепул танишиши ва уларни ўқиши мумкин.
Ушбу маълумотларни баҳам кўрган Британия Кутубхонасидаги Туркий асарлар коллекцияси куратори Майкл Эрднан ўз даврида Алишер Навоий асарлари бутун Евросиёдаги адабиётга таъсир этганини ҳам таъкидлади.
Навоийни дунёга танитиш
"Алишер Навоий ҳам жаҳоннинг буюк алломалари қаторида турадиган шоир" - дейди Ўзбекистондан таржимон Аъзам Обидов.
"Чет элларга борганда, китоб дўконларида Ҳофиз ё Хайём китобларини кўраман, бироқ ҳеч қачон Навоий асарларига кўзим тушмаган".
"Чунки таржималари кам" - қайд этади суҳбатдошимиз.
Анжуманда сўз олган Аъзам Обидов сўнгги йиллари Алишер Навоий асарларини инглиз тилига таржима қилаётганини ва бу борада янги ҳамкорликларга тайёрлигини урғулади.
Шарқ ва Ғарб шоири
Дунёнинг турли бурчакларидан ёшлар Навоий асарларидан мисралар айтишди.
"Биз хорижий адабиётларни, хусусан, ғарблик шоир ва ёзувчиларнинг асарларини ўқисак, маънавий озуқа оламиз" - деди Канададан шоир ва навоийшунос Абдувоҳид Ҳайит.
"Худди шундай, ғарбликми, шарқликми, ким бўлишидан қатъий назар, бошқалар ҳам Алишер Навоийни ўқишса, унинг асарларида ўзларини, ўзликларини кўра олишади".
Анжуман давомида Алишер Навоий ҳаёти ва мероси ҳақида ББС Ўзбек Хизмати тайёрлаган фильм, Навоий ғазаллари асосида куйланган мумтоз ашулалар тақдим этилди.
Ўзбекистоннинг Британиядаги элчихонаси келажакда ҳам буюк шоир ва давлат арбоби саналмиш Алишер Навоий ҳамда бошқа ўзбек алломалари ижодини дунёга танитиш ва ёйиш борасида янги ташаббус ҳамда тадбирларга қўл уриш ниятида.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek