Энди Путинни ёмон кўриб қолганлар кўпми – Россия, Путин ва Навальний, Rossiya, Navalniy, Putin, O‘zbekiston, dunyo, yangiliklar

Russia

Сурат манбаси, official

Энди Путинни ёмон кўриб қолганлар кўпми - "Левада" тадқиқот маркази Навальнийнинг шов-шувли фильмидан сўнг россияликларнинг Путин ҳақидаги фикрларини ўрганди. "Путин учун сарой" фильми 19 январь куни намойиш этилган. Фильм ҳозиргача YouTube да 110 миллиондан ортиқ кўрилган.

Фильм орада Россиянинг бу яқин тарихида кўрилмаган йирик оммавий намойишларга туртки берган муҳим омиллардан бирига ҳам айланган. Уларда ўн минглаб одамнинг кўчага чиққани айтилган.

Бунча катта сондаги намойишчи Путин ашаддий танқидчисини қўйиб юбориш баробарида Россияда коррупцияга чек қўйилишини ҳам талаб қилишганди.

Агар, янги сўров натижаларига таянилса, фильм ортидан, 20 фоизга яқин одамнинг Путин ҳақидаги фикри ўзгарган, ёмонлашган.

Аммо "Путин учун сарой" фильмини россияликларнинг бор-йўғи чорак фоиздан сал ортиқроғи кўргани ҳам маълум бўлган.

10 фоиз одам фильмнинг мазмуни билан танишган, 30 фоиздан кўпроғи у ҳақда нимадир эшитган, аммо тафсилотларидан бехабар бўлиб чиққан.

Сўров иштирокчиларининг учдан бир қисмидан зиёди Навальний фильмидан буткул бехабар эканликларини айтишган.

Худди шу каби рақамлар таҳлилида мухолифат лидерининг янги фильми умумиятла россияликларнинг Путинга нисбатан фикри жиддий ўзгармаганига далолат қилган.

3 фоизиникини, ҳатто, яхшилаган.

Фильмни кўриб, Путинни ёмон кўриб қолганлар фоизи эса, 20% га етиб етмаган.

"Путиннинг саройи"ни кўрганлар ёки у ҳақда эшитганларнинг учдан бир қисмидан кўпроғи унда айтилганларга ишонмаган.

Йигирма фоизга яқини Навальний даъволарини ҳақиқат, деб топган.

40 фоизча одам рост бўлиши мумкинлигини айтган, аммо айбловларнинг қанчалик ҳақиқат экани борасида бир нарса дея олмасликларини билдиришган.

Бу сўровда ҳам ёшларнинг баҳоси алоҳида эътиборталаб нуқтага айланган.

Сурат манбаси, MIKHAIL TERESHCHENKO/TASS

18-24 ёшлиларнинг 60 фоизга яқини фильмда айтилганларни ҳақиқатга ўхшатишган. Чорак фоизчаси даъволарнинг рост эканига ишончлари комил эканини айтишган.

Анчайин кекса ёшлилар орасидаги натижалар эса, тамом тескариси бўлиб чиққан.

Ёши 55 ва ундан катта бўлган респондентлар ярмига яқини, фильмга ишонишмаган.

Уларнинг чорак фоизга яқини "Путин учун сарой"ни шахсан кўрган.

18-24 ёшлилар орасида эса, бу рақам 37 фоизни ташкил этган.

Сўров шу йилнинг 29 январь - 2 февраль кунлари оралиғида ўтказилган.

Унда Россия Федерациясининг 50 та субъекти ва 137 та аҳоли пунктидаги 18 ёшдан катта 1616 киши иштирок этган.

Тадқиқот респондентларнинг уйида юзма-юз интервью усули ёрдамида олиб борилган.

Янгиликларнинг асосий манбаи телевизор бўлган респондентлардан атиги 19% фильмни томоша қилган.

Асосий маълумот манбаи ижтимоий тармоқлар бўлганлар орасида бу рақам - 36% ни ташкил этган.

Энг муҳим ахборот воситаси интернет нашрлари бўлганларнинг 39% "Путин учун сарой"ни кўрган.

Асосан Telegram каналларидан маълумот олувчилар Навальний фильмини энг кўп кўрганлар ( 61%) экани маълум бўлган.

Сурат манбаси, PALACE.NAVALNY.COM

Навальнийнинг "Путин учун сарой. Энг катта пора тарихи" фильми 19 январда, унинг ҳибсидан икки кун ўтиб, намойиш этилган.

Ушбу мақолани ёзиш пайтида фильм YouTube да 110 миллиондан ортиқ томоша қилинган.

Фильм Қора денгиз соҳилидаги Геленжик яқинидаги сарой ҳақида, Навальнийнинг сўзларига кўра, сарой президент Владимир Путинга тегишли бўлиб, унинг доирасидаги одамлар томонидан молияланган.

Навальний саройни Россиядаги энг катта хусусий уй деб атайди - унинг майдони, ФБК (Коррупцияга қарши курашиш фонди) маълумотларига кўра, 17 691 кв. м. ва бутун сарой мажмуасининг майдони 68 гектарни ташкил этади. Сарой атрофидаги ерлар ФСБ (Россия Федерал Хавфсизлик хизмати) ваколатига киради ва ёпиқ ҳудуд ҳисобланади.

Кремль Навальнийнинг суриштирувини "асоссиз баёнотлар, бемаънилик ва ясама", деб атаган.

Путиннинг сўзларига кўра, фильмда аксланган объектларнинг ҳеч бири унга ёки оиласига тегишли эмас ва ва ҳеч қачон тегишли бўлмаган.

Январь ойи охирида миллиардер Аркадий Ротенберг Mash телеграм-каналига берган интервьюсида Геленжик яқинидаги мажмуа фойдаланувчиси бўлиб чиққан.

Миллиардер саройдаги кўп сонли хоналарни у ерда апарт-меҳмонхона очмоқчи бўлганлиги билан изоҳлаган.

Россиядаги сўнгги конституцион тузатишлар Владимир Путиннинг, истаса, 2036 йилгача президентлик учун беллашишига қонунан йўл очган.

Россия дунёнинг энг кўп - миллионлаб сондаги Ўзбекистон фуқаролари турли иш, юмуш ва таҳсилда банд давлати бўлади. Ўзбекистонликлар учун энг йирик меҳнат бозори вазифасини ўтаб келади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek