Уйғурлар: Хитойнинг геноцид қилаётгани тасдиқландими - Хитой, мусулмонлар ва дунё

  • Жеймс Лэндейл
  • Дипломатик масалалар бўйича мухбир
Protests

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи,

Хитойнинг мусулмон уйғурлари ҳуқуқларини топташига қарши норозилик

Уйғурлар: Хитойнинг геноцид қилаётгани тасдиқландими - Британияда бу хусусда расмий юридик хулоса эълон қилинди. Бунақаси шу пайтгача кўрилмаган. Бугун масала британ парламентида кўрилади.

(Бундан аввал АҚШ ҳукумат даражасида Хитойни уйғурларни геноцид қилишда расман айблаган - таҳр.).

Британияда эълон қилинган расмий юридик хулосага кўра, Хитой ҳукуматининг уйғур халқига қарши геноцид жиноятини амалга ошираётганини тасдиқловчи "жуда ишончли далиллар" мавжуд.

Хитой шимоли-ғарбида яшовчи мусулмон озчилик халқни буткул мақсадли йўқ қилишга қаратилган ва давлат томонидан маъқулланган тадбирлар амалга оширилаётгани ҳақида далиллар бор.

Булар сирасига қамоқдаги уйғурларга қасдан зарар етказиш, аёлларнинг туғиши олдини олишга қаратилган чоралар - бичиб қўйиш, аборт ва уйғур болаларни уларнинг оиласи ва жамоасидан мажбуран тортиб олиш киради.

Шунингдек, унда таъкидланишича, Хитой Президенти Си Цзиньпин инсониятга қарши бу жиноятларга шахсан жавобгарлигини тасдиқловчи ишончли далиллар мавжуд.

Унда айтилишича, Си Цзиньпиннинг уйғурларни нишонга олишга "яқиндан аралашгани" уни геноцид жиноятини амалга оширишда айблаш учун "ишонарли" юридик даъво бўла олади.

Унда шундай дейилади: "Биз ўрганиб чиққан далилларга таяниб, шундай хулоса чиқарамиз: Хитой ҳукуматининг Шинжон уйғур мухтор минтақасида яшовчи уйғур халқига қарши амалга ошираётган ишларини инсониятга қарши жиноят ва геноцид деб квалификация қилиш учун ўта ишончли далиллар мавжуд."

Ушбу юридик хулоса Британиянинг Қиролича маслаҳатчисига (QC) - ушбу соҳа бўйича экспертга тегишли бўлиб, у далилларни текширади ва хулоса беради. Унинг хулосаси суд қароридек юридик мақомга эга бўлиб, юридик жиҳатдан иш қўзғаш учун асос бўлиб хизмат қилади.

Ушбу юридик хулоса чегаралар оша юридик масалаларга эътибор қаратувчи "Global Legal Action Network" инсон ҳуқуқлари учун кураш гуруҳи, Жаҳон Уйғур конгресси ва Уйғур Инсон ҳуқуқлари лойиҳаси буюртмаси асосида тайёрланган.

Хитой Tашқи ишлар вазирлиги Шинжондаги уйғурлар ҳуқуқлари бузилаётгани ҳақидаги даъволарни қатъий рад этиб келади.

Хитойнинг Лондондаги элчилиги Ғарбдаги аксил Хитой кучларни Шинжон ҳақида "аср ёлғонлари"ни тўқишда айблади.

Лондондаги Эссекс Суд палатасидаги бош ҳуқуқшунослар ва Қиролича маслаҳатчиси Алисон Макдональд томонидан тайёрланган ушбу 100 саҳифалик ҳужжат Хитойнинг Шинжондаги ишларига берилган Британиядаги илк расмий юридик баҳодир.

Хулоса шуниси билан муҳимки, агар Парламент Олий суд геноцид масалаларини ҳам кўришига йўл очувчи қонун чиқарса, у Британия судьялари учун йўл кўрсатади. Парламентнинг барча партиялардан аъзолари Жамоалар палатасида сешанба куни ушбу қонун лойиҳаси кўриб чиқилишига умид қилмоқда. Аммо ҳукумат унда мағлуб бўлмаслик учун қаттиқ ишламоқда.

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи,

Таъкидланишича, уйғур аёллари туғилишни назорат қилишга қаратилган "шафқатсиз" дастурга юз тутишган

Вазирлар геноцид бўйича баҳо беришда парламент қўмиталари ролини оширишни таклиф қилиш орқали ўз мухолифларини енгишга умид қилмоқда. Аммо тегишли қўмитанинг ўзи бу ғояни рад қилган.

Ушбу юридик хулоса турли ҳукуматлар, халқаро ташкилотлар, олимлар, хайрия ташкилотлари ва медиадан олти ойдан ортиқ вақт давомида олинган очиқ маълумотларни текширишга асосланган ҳолда тайёрланган.

Ҳужжатларга омон чиққанларнинг гувоҳликлари, сунъий йўлдош тасвирлари ва Хитой ҳукуматидан сиздирилган маълумотлар ҳам киритилган.

Геноцид бўлаётганини асослаш учун қўйиладиган талаблар анча баланд. Суд бу ишлар бирор миллат, этник, ирқий ёки диний гуруҳни буткул ёки қисман йўқ қилиш учун қасддан қилинаётганини исботлаши керак.

Хулосада уйғурларнинг "таъқиб қилинаётгани, бичилаётгани, зўрланаётгани, қийноққа тутилиб, қул қилинаётгани" ҳақидаги далиллар батафсил келтирилган.

"Тутқунлар жиддий жисмоний зарар берувчи турли шаклдаги муносабатларга гирифтор бўлаётганини кўрсатувчи ишонарли далиллар бор", дейилади ҳужжатда.

"Тутқунлар электр шок орқали, узоқ вақт давомида ноқулай ҳолатда туришга мажбурлашлар билан, калтаклаб, оч қолдириб, кишанланиб, кўзлари боғлоқ ҳолда жазоланмоқда."

Уйғурлар орасида туғилишлар олдини олиш учун кўрилаётган чоралар халқаро ҳуқуқда геноцид сифатида таснифланиши мумкин. Хулосада Хитой расмийларининг ўзи тан олиб айтган аҳоли ўсишини чеклаш учун оммавий мажбурий бичиш амалга оширилаётганига далиллар бор.

"Уйғур аёллари қисман ёки бутунлай туғмаслиги учун улар турли чораларга (масалан, мажбуран спирал ўрнатилиши ёки мажбуран бачадоннинг олиб ташланиши, мажбурий абортлар) дучор қилинаётганини тасдиқловчи кўп ишонарли далиллар бор. Бундай хатти-ҳаракатлар, бизнинг назаримизда, халқаро ҳуқуқда геноцид шакли деб қаралиши аниқ."

Геноцид, шунингдек, болаларни мажбуран ота оналаридан тортиб олиб, бошқа бир жамоага топшириб юборишни ҳам ўз ичига олиши мумкин.

Ҳужжатда шундай дейилади: "Уйғур болаларнинг ўз ота-оналаридан тортиб олиб қўйилаётгани ҳақида далиллар бор. Булар жумласига ота ёки она ёки ҳар иккиси лагерда бўлганда болаларни мажбуран етимхонага топшириш ёки интенатларга жойлаш ҳам киради."

"Факт шуки, болалар ўз уйғур маданиятлари асосида тарбияланиш ҳуқуқидан маҳрум этилмоқда, баъзида уларга хитойча исмлар бериляпти, баъзида хитой оилаларига топшириляпти. Буларнинг бари уларнинг мажбуран олиб қўйилиши уйғур аҳолисини этник гуруҳ сифатида тугатиш мақсадида қилинаётганини ҳақидаги далилларни кучайтиради."

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи,

Уйғурларга қарши сиёсат тўғридан-тўғри Хитой президентидан чиқаётгани ҳақида "ишончли" далиллар мавжуд

Энг муҳими, хулосада айтилишича, бу ишлар учун шахсий жавобгарлик Президент Си Цзиньпин ва Хитойнинг икки олиймақом расмийси - Шинжон халқ конгресси котиби ўринбосари Чжу Хайлун ва Шинжондаги партия котиби Чен Цюанго бўйнида эканини кўрсатувчи "ишонарли" далиллар мавжуд.

Ҳужжатда Коммунист партиядан сиздирилган ички ҳужжатлар ва бошқа далиллар келтирилиб, булар "Си давлат сиёсатининг умумий йўналишини белгилаши ва уйғурларни жазолашга чақирувчи бир неча нутқлар сўзлаганини кўрсатади. Чен ва Чжу эса ана шу умумий сиёсатга таянган ҳолда Шинжонда турли чора-тадбирларни кўряпти, жумладан, оммавий қамаш ва кузатувни амалга оширмоқда."

"Бу уч шахсни инсониятга қарши жиноятларни амалга оширганликда айбловчи ишонарли юридик даъво ҳақида ўйлашимиз мумкин", дейилади унда.

Яна қўшимча қилинади: "Юқорида кўриб чиқилган далиллар Си Цзиньпин, Чен Цюанго ва Чжу Хайлун ташаббуси билан қатор тадбирлар амалга оширилганига далолат қилади. Бу тадбирлар уйғурларни шундай нишонга оладики, кўзланган мақсад уларни халқ сифатида йўқотиш, деб хулоса қилиш мумкин."

"Бу ўринда биз бу уч шахс уйғурларни йўқотиш ниятида, деб ишонарли хулоса чиқара оламиз ва бу уларга қарши геноцид айбловини қўйиш учун асос бўлади."

Хитойнинг Лондондаги элчилиги Шинжонда уйғур аҳолиси ўсиб бораётганини таъкидлади. Барча этник гуруҳлар ягона юридик статус, дин ва маданият ҳурлигига эга, дейди элчилик.

"Ғарбдаги айрим аксилХитой кучлар Шинжон ҳақида кўплаб сохта хабарларни тарқатмоқда, турли шакллардаги "аср ёлғонлари"ни уйдирмоқда. Улар Хитойга лой чапламоқда ва унинг Шинжондаги сиёсатига туҳмат қилмоқда", дейилади элчилик баёнотида.

Унда яна шундай қўшимча қилинади: "Холис фикрли ҳар қандай одам уларнинг ҳақиқий нияти Хитой тараққиётини тийиш ва босиш эканини кўра олади... Уларнинг ҳаракатлари Совуқ уруш менталитети, гегемонлик дунёқараши ва ютуқ ютқизиш тафаккур тарзидан туртки олмоқда. Хитой бундай майнавозчилик ва туҳматларга қарши туради. Ёлғонлар одамларни ҳозир чалғитиши мумкин, аммо дунёнинг ишончини қозона олмайди. Фактлар ва ҳақиқатлар барибир ёлғон устидан ғалаба қилади."

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek