Қор курашга одам керак, иш ҳаққи кунига 3500 рубль – Россия ва мигрантлар, Rossiya, Putin, O‘zbekiston, dunyo, yangiliklar

Rossiya

Сурат манбаси, Getty Images

Қор курашга одам керак, иш ҳақи кунига 3500 рубль - Москва қалин қор остида қоларкан, масъуллар ана шундай эълон билан чиқишди. Россия пойтахтидаги ўзбекистонлик айрим мигрантларга кўра, бунақаси ҳеч бўлмаган. "Мигрантларнинг ўрни роса билинган".

Ўтган шанба ва жума кунлари Москвага рекорд даражада қор тушган. Ёққан қорнинг қалинлиги қарийб ярим метрга етган. Шаҳарнинг айрим мавзеъларида бундан ҳам ошган. Мамлакат гидрометереологияси бу яқин тарихида кузатилмаган воқеълик юз берган.

Масъуллар хавотирда, уларнинг айтишларича, шаҳарни бунча қордан тозалашга бир ҳафтача вақт кетади.

Ҳатто, шунда ҳам, бунинг учун етмиш мингга яқин одам ва минглаб махсус техника лозим бўлади.

Сурат манбаси, SAVOSTIANOV SERGEY/TASS

Россия дунёнинг энг катта сондаги ўзбекистонликлар турли иш, юмуш ва таҳсилда банд давлати бўлади.

Йилларки, Ўзбекистон учун асосий ва энг йирик меҳнат бозори вазифасини ўтаб келган.

Ўзбекистондаги аксарияти чекка қишлоқ ҳудудларида яшовчи кўплаб оилаларнинг тирикчилиги эса, йилларки, айнан улар яқинлари Россиядан ортга юбориб келган маблағ орқасидан ўтган.

Норасмий манбаларда сонлари миллионларга нисбат бериб келинган ўзбекистонлик мигрантларнинг энг катта қисми айнан пойтахт Москва ҳисобига тўғри келган.

Глобал коронавирус пандемияси сабаб оғир аҳволда қоларкан, ўтган бир йилча вақтнинг ўзида улардан юз минглаби аллақачон ортга - Ўзбекистонга қайтишга ҳам улгуришган.

Москвадаги ўзбекистонлик мигрантлардан бирининг айтишича, сўнгги қор манзарасида "мигрантларнинг ўрни роса билинган".

Сурат манбаси, Getty Images

"Шаҳар масъуллари бу яқин ўртада қор куровчиларга бунча катта миқдордаги меҳнат ҳаққи таклифи билан чиқишмаган":

"Мана, бир неча кундан буён тўхтамасдан ёғаётган қор шаҳарликларга анча ноқулайликлар туғдирмоқда.

Аксига олиб тозалаш ишларида ишчи кучи етишмаслиги шу кунларда жудаям сезилаяпти.

Неча йилдан бери Москвада ишлаб, яшаб юриб, мана шу йили биринчи марта кўраяпман уйларга кириш жойларда куралмасдан қолган қор уюмларини.

Жудаям уюлиб кетган, десак муболаға бўлар, икки киши зўрға сиғадиган йўлакчалар қилишга имкон топишаяпти фақатгина шу соҳада ишлайдиган юртдошларимиз.

Катта йўлларни техникалар ёрдамида тозалаб улгуришаяпти, аммо ички йўллар, асосан пиёдалар юрадиган йўлакчаларни қор босган, болалар ўйнайдидиган майдонларни қордан тозаланмай қолганини шу қишда илк марта кўраяпман.

Сурат манбаси, SERGEY FADEICHEV/TASS

Карантин сабабли йўллар ёпиқлиги, ўз юртига кетган кўплаб ватандошларимиз қайтиб кела олмаётганлиги ўз таъсирини кўрсатаяпти шунақа кунларда.

Аъзолари асосан мигрантлардан ташкил топган Telegram каналларидан бирида кўзим тушди бир эълонга, аслида кўп бунақа эълонлар.

Москвада қор тозалаш ишларига икки юзта одам керак, меҳнат ҳаққи кунлик уч ярим мингдан, дея ёзилган, бу пулни кунлик қилиб бериши на қадар ишончли билмадиму аммо ростдан ҳам ишчи кучи етишмаслиги сабабли меҳнат ҳақлари кўтарилди.

Бир йил аввал худди шунақа қўшимча ишларга одамларни ёллаш учун ёзиладиган эълонларда меҳнат хаққи бир минг икки юз рублдан бир ярим минггча бўларди.

Қўлига курак тутиб, подъезд атрофини тозалаб юрган русларни ҳам шаҳарда биринчи марта кўраяпман", - дейди бу суҳбатдошимиз.

Сурат манбаси, VLADIMIR GERDO/TASS

Хабарларга кўра, қалин ёққан қор шанба куни Подмосковьедаги қишлоқларнинг бирида инсоний талафотга ҳам сабаб бўлган. Бир одам ўлган.

Қорнинг қалинлигидан омборхона томи босиб қолган, қутқарувчилар вайроналар остидан икки кишини тирик олиб чиқишга муваффақ бўлишган.

Пойтахт Москва кўчаларида эса, машиналар тиқилиб кетган, пробкаларнинг узунлиги 1000 километрга етган.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қутқарувчилари бир неча соат давомида Москва ва вилоят йўлларида тиқилиб қолган ўнлаб юк машиналарини қордан чиқариб олишган.

Москва ҳалқа йўлида қалин ёққан қор сабаб, ўз автомобилларида қамалиб қолган одамлар учун 40 дан ортиқ иситиш ва электр таъминот пунктлари ташкил қилинган.

Пойтахт маъмурияти шаҳар аҳолисини шахсий транспортда юрмаслик, аксинча, жамоат транспортидан фойдаланишга чақиришгача борган.

Сурат манбаси, Getty Images

Москва аэропортларида юздан ортиқ парвозлар соатлаб кечиккан, ўнлаби бекор бўлган. Энг ёмон ҳолат Домодедово аэропортида кузатилган.

Шиддатли қор маҳаллий вақт билан шанба оқшомига бориб тинишини башорат қилган синоптиклар эса, бугун, душанба кунидан бошлаб ҳаво -25, -30 даражагача совиб кетиши билан огоҳлантиришган.

Россия ҳозир ҳам дунёнинг коронавирус энг кўп тарқалган тўртта давлатидан биттаси бўлади.

Ҳозирга келиб, Россияда жами коронавирусга чалинганлар сони расман 4 миллиондан ортган.

Яқинда Россияда ҳам коронавируснинг "ўта юқумли" экани айтилган британча штамми расман қайд қилингани хабар берилган.

Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги пандемия боис тўхтатиб қўйилган мунтазам ҳаво қатновлари ҳали-ҳануз тикланмаган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek