Ўзбекистон: Отабек Умаров ҳодисаси "ғайритабиий"ми? Янгиликлар, O‘zbekiston, Mirziyoyev, dunyo, yangiliklar

Otabek Umarov

Сурат манбаси, Instagram

Ўзбек матбуотида президентнинг кенжа куёви билан боғлиқ ҳолат юзасидан илк ярим расмий маълумот пайдо бўлган. Биринчиликни олган ўзбек разведкачилари. Россиядан қайта рухсат теккан помидорлар ва бу йил қишда свет ўчмайдими? bbcuzbek.com дайжести.

Президент Мирзиёевнинг кенжа куёви Отабек Умаров Кореяда даволанмоқда.

Ниҳоят, Ўзбекистон матбуотида ярим ойдан зиёд вақтдан бери давом этиб келаётган Умаров шахси билан боғлиқ ҳолатга ойдинлик киритиши мумкин маълумотлар пайдо бўлган.

4 март куни Korrespondent нашри "яқинларига таянган ҳолда" Отабек Умаровнинг Жанубий Кореяда даволанишда эканини хабар қилган.

Бундан аввал президент куёви пойтахт Тошкентда йўл-транспорт ҳодисасига учраб, "икки оёғи қаттиқ шикаст егани" тўғрисида тасдиқланмаган хабарлар тарқалган эди.

Бундай хабарларда ҳодиса 13 февраль оқшомида Пушкин метро станцияси яқинида - халқ орасида "президент трассаси" дея аталувчи йўлда содир бўлгани иддао қилинади.

Авария юз берган вақтда мототцикл бошқариб бораётган Отабек Умаров енгил автомобилга урилгани айтилади.

Бироқ ўтган вақт давомида расмий доира вакиллари ушбу хабарларни на рад этган, на тасдиқлаган.

Korrespondent.uz нашрининг "Antifake" дея номланган сюжетида эса ўзини Умаров бориб урилган енгил автомобиль ҳайдовчиси ўлароқ таништирган эркак авария 13 февраль куни соат 18.00-18.30 атрофида юз берганини билдирган.

Видеода Умаровнинг соғ-омон экани, у 4 март куни Жанубий Кореяда жарроҳлик амалиётини бошдан ўтказажаги борасида гап борган.

Шу тариқа ўзбек матбуотида президентнинг кенжа куёви билан боғлиқ ҳолат юзасидан илк ярим расмий маълумот пайдо бўлмоқда.

Бунга қадар маҳаллий нашрлар ушбу мавзуни ёритгани кўзга ташланмаган.

16 февраль куни Умаров ҳодисаси ҳақида ёзишга жазм этган маҳаллий интернет нашрларидан бири муҳаррири Би-би-сига мақолани "юқори"дан бўлган қўнғироқ ортидан ўчиришга мажбур бўлганини даъво қилган эди.

5 март куни депутат Расул Кушербаев Отабек Умаровнинг соғлиги масаласи "сиёсий қолипга кўчирилаётгани" ҳақида ёзган.

"Очиғи тушунмаяпман: бир кишининг автоҳалокатга учраши ва даволаниши шунчалар ғайритабиий ҳодисами.

Бу ҳолатга ҳар ким ҳам тушиши мумкин. Лекин бу воқеаларга ҳам ваҳимали ва сиёсий тус берилиши оддий ўқувчига тушунарсиз бўлса биз учун аниқ мақсад йўлидаги ҳаракат бўлиб кўринаяпти..." ўз фикрини билдирган Кушербаев.

Бу қишда свет ўчмайдими?

Сурат манбаси, official

2021-2022 йиллар куз-қиш мавсумида электр энергияси ишлаб чиқаришда ўсиш суръати 104,2 фоизга етказилади.

Бу ҳақда "Иссиқлик электр станциялари" АЖ бошқарма бошлиғи Бекзод Бўронбоев 4 март куни ўтган брифингда маълум қилган.

Бўронбоев иссиқлик электр станцияларида ишлаб чиқарилаётган электр энергияси 56 миллион 703 минг киловатт соатга етказилишини қўшимча қилган.

У ушбу мақсад доирасида қиймати $2 миллиарддан зиёд 5 та инвестицион лойиҳа амалга оширилишини билдирган.

Жорий қиш мавсумида кузатилган ўткир энергетика бўҳрони ортидан расмийлар совуқ кунларга тайёргарлик кўрмаганликда жиддий танқидга тутилган эди.

Қайта рухсат теккан помидорлар

Сурат манбаси, official

Россия назорат органи - Россельхознадзор 3 мартдан бошлаб Ўзбекистоннинг олти компаниясига помидор импортига рухсат берган.

Россельхознадзор мазкур қарорга Ўзбекистон Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси кафолати билан келганини маълум қилган.

Россияга помидор экспорти ҳуқуқини Қашқадарё ва Навоий вилоятларидаги компаниялар қўлга киритганлар.

Ўтган йилнинг декабрь ойида Россия жигар ранг буришиқ вируси топилгани важи билан ушбу вилоятлардан помидор импорт қилишни тақиқлаб қўйган эди.

Биринчиликни олган ўзбек разведкачилари

Сурат манбаси, official

Ўзбекистон ҳарбий разведкачилари Покистонда ўтган халқаро мусобақада биринчиликни қўлга киритган.

Ўзбекистонлик ҳарбийлар 24 февралдан 3 мартга қадар давом этган "4-Покистон армиясининг жамоавий руҳи халқаро мусобақаси"да иштирок этган.

Мусобақа 5 та давлат вакиллари ўртасида ўтказилган.

Разведкачилар алоқа тайёргарлиги, ҳарбий топография, отиш ва тиббий тайёргарлик, махсус сигналлар бериш ва оптик воситаларни қўллаш, нотаниш ҳудудларни рекогносцировка қилиш бўйича назорат машғулотларини бажарганлар.

Туркия ва Шри-Ланка вакиллари, мос равишда, 2 ва 3-ўринларини эгаллаганлар.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek