Ўзбекистон: Блогер Сатторий иши очиқ судда кўрилади ва банк раҳбари фуқарони нега калтаклади? – Янгиликлар, O‘zbekiston, Mirziyoyev, dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, facebook
Товламачиликда айбланиб қўлга олинган сурхондарёлик блогер Отабек Сатторий билан боғлиқ жиноят иши 11 март куни очиқ судда кўрилади. Ҳибсхоналардаги тартиб-қоидалар ўзгартирилади. Банк раҳбари нега муштлашди? bbcuzbek.com дайжести.
Блогер иши
Товламачиликда айбланиб қўлга олинган сурхондарёлик блогер Отабек Сатторий билан боғлиқ жиноят иши 11 март куни очиқ судда кўрилади.
Олий суднинг хабар беришича, очиқ суд жараёни Жиноят ишлари бўйича Музработ туман судида 11 март куни соат 10:00 да бошланади.
Блогер Сатторий 29 январь куни қўл телефони билан боғлиқ товламачиликда гумонланиб қўлга олинган эди.
Кейинроқ унга оид жиноят ишига туҳмат ва ҳақорат қилиш мазмунидаги айбловлар ҳам тиркалгани маълум бўлган.
Блогернинг адвокати ва яқинлари у юзланаётган товламачилик айблови уйдирма эканини иддао қилган.
Термиз шаҳрида яшовчи 40 яшар Отабек Сатторий Сурхондарё вилоятидаги муаммоларни ёритиб келиши, айниқса, маҳаллий амалдорларни танқидга тутувчи чиқишлари ортидан танилган.
У маҳаллий аҳоли юзлашган уй-жой, йўл, энергия таъминоти муаммолари, коррупция ҳолатларини кўтариб чиққан.
Отабек Сатторий муаммоларни ёритиш давомида, асосан, маҳаллий ҳокимлар ҳамда раҳбарларни танқидга тутган.
Отабек Сатторий иши Ўзбекистонда матбуот эркинлиги билан боғлиқ жиддий хавотирларга сабаб бўлган.
Депутат Расул Кушербаев блогернинг ҳибс қилинишига муносабат билдириб, бу ҳолатни «амалдорларни танқид қилаётган битта блогерга эмас, бутун бошли сўз эркинлигига, президентнинг очиқлик сиёсатига қарши сурхондарёлик амалдорларнинг исёнидир», дея таърифлаган.
Блогер Отабек Сатторийнинг «жиноят иши» халқаро миқёсда ҳам акс-садо берган.
АҚШда жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси, Human Rights Watch махсус баёнотлар билан чиқишган.
Блогерни «зудлик билан озод қилиш», «унга қарши илгари сурилаётган айловларни бекор қилиш»га чақиришган, «Ўзбекистон ҳукумати сўз эркинлигини ҳурмат ва ҳимоя қилиши лозим»лигини айтишган.
Блогернинг ҳибсидан саноқли кунлар ўтиб, унинг тақдирига Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси ҳам эътибор қаратган, твит қилган.
«Агар, товламачилик тўғрисида ишончли далиллар бўлмаса, бу ҳибс нафақат хавотирли, балки сўз эркинлигига путур етказувчи яна бир амал» эканини ёзган.
Британ элчиси ортидан, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ўзбекистондаги доимий вакили Ҳелена Фрейзер ҳам бу масалага тўхталган.
У ўз твитида, БМТ, "Сатторийнинг иши бўйича қонунни адолатли ва холисона қўллашга чақирувни мамнуният билан қабул қилиши»ни айтган.
Ҳибсхоналардаги тартиб-қоидалар ўзгартирилади
Сурат манбаси, official
Ўзбекистонда вақтинча сақлаш ҳибсхоналаридаги ички-тартиб қоидаларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши таклиф этилмоқда.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновнинг шунга оид буйруғи лойиҳаси эълон қилинган.
Лойиҳага кўра, суд, прокурор, ҳимоячи ёки вақтинча сақлаш ҳибсхоналарини текшириш ҳуқуқига эга бўлган давлат органлари номига йўлланган ариза, таклиф ва шикоятлар цензурадан ўтказилмайди.
Улар берилган кундан кейинги иш кунидан кечиктирмай муҳрланган тарзда олувчиларга юборилади ёки топширилади.
Телеграммалар эса дарҳол юборилади.
Омбудсман ва президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг номига юборилган шикоятлар муассаса маъмурияти томонидан кўздан кечирилиши мумкин эмас ҳамда олувчига йигирма тўрт соатдан кечиктирмай юборилади.
Ўз навбатида, ушбу органлардан келган жавоблар муассаса маъмурияти томонидан кўздан кечирилмайди ва аризачига дарҳол етказиб берилади.
Шунингдек, терговга қадар текширувни амалга оширувчи орган мансабдор шахси, суриштирувчи ёки терговчи ҳаракатлари ва қарорлари устидан берилган шикоятлар берилган кундан кейинги иш кунидан кечиктирмай вақтинча сақлаш ҳибсхонаси бошлиғи ёки унинг ўрнини босувчи шахс томонидан терговга қадар текширувни амалга оширувчи органга, суриштирув органига, тергов органи бошлиғига ёхуд прокурорга, прокурор ҳаракатлари ва қарорлари устидан берилган шикоятлар эса юқори турувчи прокурорга юборилади ёки топширилади.
Банк раҳбари нега муштлашди?
Сурат манбаси, Socialmedia
Ижтимоий тармоқда икки эркакнинг муштлашуви тасвирланган видео тарқалган.
Видеога берилган изоҳда Наманган вилоятида «Миллий банк» филиали раҳбари қарздор фуқарони калтаклаётгани иддао қилинган.
«Намангандаги банклардан бири раҳбари фуқародан қарзни классик усулда «ундириб олмоқда». Ҳақиқатан, қўлинг билан бериб, оёғинг билан оласан», дейилади шундай изоҳлардан бирида.
Наманган вилоят ИИБ кенг муҳокамаларга сабаб бўлган мазкур ҳолатга ойдинлик киритилганини хабар қилган.
Вилоят ИИБ ахборот хизматининг маълум қилишича, муштлашган эркаклар болаликдан бирга улғайган синфдошлар бўлган.
Банк филиали раҳбарининг лавҳада таъкидлашича, муштлашувга қарздорлик ёки банк билан боғлиқ фаолият сабаб бўлмаган.
«Банклар ҳозирги кунда қандай қилиб бу йўл билан пул ундириши мумкин? Судлар, МИБ орқали ундирувлар борку", деган раҳбар.
Калтакланган эркак ҳам дўстининг бу гапларини тасдиқлаган.
Бензин нархи пасайди
Сурат манбаси, kun.uz
1-7 март кунлари Ўзбекистонда Аи-80 маркали бензиннинг нархи 2 фоизга пасайган.
Бу ҳақида Республика товар-хом ашё биржаси хабар бермоқда.
Хабарга кўра, ушбу кунларда Аи-80 маркали автомобиль бензинининг ўртача кунлик нархи бир тоннаси учун 6 миллион 251 минг сўмдан 6 миллион 128 минг сўмгача ёки 2 фоизга тушган.
«Турли манбаларда келтиришича, автомобиль бензинининг бир тоннаси ўртача 1293-1370 литрни ташкил қилади», дейилади биржа хабарида.
Аи-80 маркали автомобиль бензини ва дизель ёқилғиси чакана нархларини давлат томонидан тартибга солиниши ўтган йилнинг 1 майидан бекор қилинган эди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek