Аллоҳ ва Алла: Ўзбеклар боласини ухлатадиган сўз остида нима маъно бор?

  • Абдувоҳид Ҳайит
  • Шоир ва адабиётшунос
Алла

Сурат манбаси, BBC Uzbek

Халқ орасида "алла" сўзи "Аллоҳ" исмидан, гўдак қулоғига "Аллоҳ" исмини сингдириш учун шундай айтилган, деган қараш бор.

Аммо Ш.Раҳматуллаевнинг "Ўзбек тилининг этимологик луғати"да "алла"га шундай изоҳ берилган: "Бу от қадимги туркий тилдаги "тинчланиш" маъносини билдирган ала (ала-ала) ундов сўзидан ўсиб чиққан (Девон I, 118); ўзбек тилида "а" унлилари "ä" унлиларига алмашган, "л" ундоши қатланган: ала-ала › алла › äллä" (Раҳматуллаев Ш. ЎТЭЛ. Т.: "Университет", I т. 2000. 28-бет).

Чиндан ҳам, "Девону луғотит-турк"да "ала" сўзи бор ва шундай изоҳланган: "اَلا ала - секин, шошилмай; اَلا اَلا ала-ала дейдилар. Секин-секин, аста-аста. Бу сўзга "к", "л" қўшиб اَلا كِلْ ола кел ҳам дейилади" (ДЛТ.Т.:1960.I.118-бет). Ушбу изоҳдан англашиладики, "ала" сўзи бирор иш-ҳаракатни секинлаштириш, айтайлик, шошаётган, ғазабланаётган одамга нисбатан тинчлантириш мақсадида айтилган бўлиши мумкин. Аммо ухлаётган болага "ала-ала", яъни "секин-секин" дейиш ғализроқ туюлади.

"Девон"да Кошғарий "алла" маъносида бошқа бир сўзни келтиради: "بَلوُ بَلوُ балу-балу - оналар боласини бешикда ухлатиш учун қўллайдиган алла ўрнидаги сўз" (ДЛТ.Т.:1963.III.251-бет). Агар "алла" туркий этимологияга эга бўлса, айнан ана шу "балу-балу"дан кейинчалик алу-алу › алла-алла шаклларига ўтган бўлиши эҳтимоли кўпроқ.

Қолаверса, татарларнинг бешик жирида ҳозир ҳам мавжуд бўлган "элли-бэлли, бэу-бэу, бэллу-бэу" каби айтимлар - "балу-балу"дан "алла-алла"га ўтиш босқичини ифода этиши мумкин.

"Балу-балу" русларнинг "баю-бай"сига ҳам ўхшаб кетади. Бу сўздан рус тилида "(у)баюкать", яъни "алла айтиш" феъли ҳам ясалган. Макс Фасмернинг "Этимологический словарь русского языка" луғатида "баю" ва "(у)баюкать" сўзларига берилган изоҳ, бизнингча, қониқарли эмас.

Хусусан, М.Фасмер мазкур сўзларни бир ўринда "гапириш" маъносидаги славянча "баять" феълидан деса, бошқа ўринда туркий "бай" ("бой") билан алоқадор деган фикр билдирган. Аслида, русча "баю баюшки баю" кўпроқ рус казакларига тегишли бешик айтимидир. Маълумки, "казак" исмининг ўзи туркий сўз, "Бобурнома"да ҳам "қазақ" сўзини кўп учратамиз, шунингдек, казаклар орқали рус тилига "атаман", "есаул" ("ясовул"), "кош", "курен" ("кўч", "кўрон"), "домбра" ("дўмбира") каби юзлаб туркий сўзлар ўтганлиги маълум.

Эҳтимол, М.Фасмер "Девону луғотит-турк"даги "балу-балу"дан хабардор бўлмагандир. Аммо "Девон"даги ушбу сўз ва татар айтимларидаги: "элли-бэлли, бэу-бэу, бэллу-бэу" шакллари русча "баю-бай"нинг туркий ўзакка эгалиги эҳтимолини кўчайтиради. Баъзан бир тилда йўқотилган сўз бошқа тилда яшаб қолади.

Айтайлик, "кирпич"("кирпич"), "öтүк" ("утюг"), "авйа" ("айва") каби кўплаб туркий сўзлар ҳозир ҳам рус тилида яшаб келмоқда ва "балу-балу" ("баю-баю") ҳам, ўйлаймизки, шундай сўзлар сирасига киради.

"Алла" калимасини айтиш бизда қачондан урф бўлганлиги маълум эмас, аммо турли халқларда унинг турлича қўлланишига кўра ҳудудларга ажратиш мумкин. Айтайлик, Ўзбекистон ва Тожикистон халқлари ўртасида айтиладиган алла ("аллаё-алла, алла, болам (бачам), алла") деярли бир хил (фақат Тожикистоннинг баъзи ҳудудларида "лалайик" шакли мавжуд), аммо туркманчада "алла" сўзи ортидан "ҳу" товушининг ҳам эшитилиши ("алла ҳу алла") бизга "Аллоҳ" исмини ҳам эслатади.

Умуман, туркий халқларда оналар аллани ҳар доим ҳам сўз билан айтишмаган, балки кўпинча аллалар "ҳайя-ҳув, ҳий-ув, ҳу-вий" каби товушлар иштирокидаги мўсиқадан иборат бўлган. Туркманча "ҳу" ҳам шундай товуш бўлиши мумкин. Айниқса, бошқирдларнинг бешик жирида бу товушлар яққол кўзга ташланади: "элли (ҳ)у, элли(ҳ)у вуув, вэлийи-вэлэйи вай, эвэйии-эвэйии вэй".

Аммо Афғонистон халқлари, хусусан, пуштунларнинг алласида ҳам "алла ҳу алла" сўзлари такрорланади ва "Аллоҳ" исмига яна ҳам яқинроқ талаффуз этилади. Демак, Афғонистон, Туркманистон ҳудудларини, шартли равишда, "алла ҳу" ҳудуди деб белгилашимиз мумкин.

Қозоқ ва қирғизлардаги "алди-ай, алди" - ўзбекча "аллаё алла"нинг қозоқ ва қирғиз тилларига мослаб қабул қилинган шакли эканлиги англашилади. Айтайлик, "мулла" сўзи ҳам қирғиз ва қозоқ тилларига "молдо" шаклида, иккинчи "л" товуши "д"га айлантириб қабул қилинган.

Озарбойжонлар эса аллани - "layla" дейишади ва "алла" ўрнида "лайи-лай" деб куйланади, бунда эронча алла - "ла-лайи" ("لا لايی") таъсири сезилади, демак, Эрон ва Озарбойжонни бир алла ҳудудига мансуб дейиш мумкин.

Аммо турк "гўдак аллалари" ("bebek ninnilari") фарқли кўринишга эга. Туркларда чақалоқ тилидан олинган сўз - ninni - "алла" маъносини билдиради, "dandini dandini danali bebek", деб бошланадиган туркча асосий алла қўшиғидаги "dandini" эса французча: "тебратмоқ, қўнғироқни ипидан тортиб ҳаракатга келтирмоқ, дангиллатмоқ" маъносидаги "dandiner" сўзининг туркчага ўзлашган шаклидир. Бу эса туркча "dandini" қўшиғи кейинчалик пайдо бўлганлигидан дарак беради.

Арабларнинг анъанавий алласи: "ялла бинам" ("يللا بنام"), яъни "қани, ухла" сўзлари билан бошланади. Аммо ундаги "ялла" сўзи арабча "ё Аллоҳ" маъносидаги "يا الله" иборасиданми ёки "кеча", "кеч бўлди" маъносида арабча "лайл" ("لَيْلٌ") сўзидан ясалганми, бу бизга қоронғу.

Бизнингча, "алла" сўзи исломдан кейин пайдо бўлган ва "Аллоҳ" исми зикри билан алоқадор, деган фикр ҳақиқатга яқинроқ. Маълумки, ўтмишда болалар ўлими ниҳоятда кўп бўлган, шу боис фарзанди соғлиғини Аллоҳдан тилаган оналар тилида "Аллоҳ" зикри қўшиққа айланган бўлиши мумкин. Шунингдек, "алла"нинг форсча "лала"га ҳам ўхшашлиги, баъзи оврўпо тиллари, хусусан, инглиз тилида "лалабай" ("lullaby") дейилиши, барча ҳолатларда "л" товушининг иштироки ва такрорланиб келиши, улар қадимий бир архетипга бориб тақалиши мумкин, деган фаразга ҳам олиб келади.

Хуллас, тилимиздаги "алла" сўзининг келиб чиқишида юқорида келтирилган далилларнинг бирортаси ёки ҳаммасининг қисман таъсири бўлиши мумкин. Нима бўлишидан қатъий назар, халқ оғзаки ижодининг бу тури жуда қадим замонлардан мавжуд бўлган ва бизгача етиб келган энг биринчи алла - бу бундан тўрт минг йил аввал сополга миххат этиб ўйилган шумерларнинг алласидир.

© Абдувоҳид Ҳайит Facebook sahifasidan olindi.