Коронавирус: Тошкентда яна онлайн-дарслар, оммавий тадбирларни тўхтатишга чақириқ - Koronavirus O'zbekiston Covid-19

Бозор

Сурат манбаси, BBC UZBEK

Тошкент шаҳрида Covid-19 вирусини юқтириш ҳолатлари кўпайгани муносабати билан бозорларда карантин чоралари кучайтирилди, 1 апрелдан оммавий тадбирларни вақтинча тўхтатиш таклифи илгари сурилди.

Бир кун олдин Тошкент шаҳри коронавирусга қарши кураш штаби махсус йиғилиш ўтказган, юзага келган вазиятни муҳокама қилиб, кўриладиган чораларни белгилаган.

Коронавирус инфекцияси кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича Тошкент шаҳар штаби қарорига биноан, пойтахтдаги бозорлар ҳамда савдо мажмуаларида карантин чоралари кучайтирилди.

Энди бозорларга киришда ташрифчилар иситмалари ўлчанади, сотувчи ва харидорларнинг юз ниқобини тақишлари назоратга олинади, бошқа вирус тарқалишига қарши чоралар кўрилади.

Тошкент шаҳри штаби 16 мартдан пойтахтнинг Мирзо Улуғбек, Чилонзор ва Юнусобод туманларидаги барча умумтаълим мактабларини бир марталик карантин муддатига (14 кун) онлайн ўқитишга ўтказишга қарор қилган.

Тошкентдаги бошқа мактабларда дарслар Наврўз байрами таътилигача одатий давом этиши хабар қилинган.

Тошкент шаҳрида тузилган коронавирус инфекцияси янги штаммлари кенг тарқалишини олдини олиш бўйича штаб эса тўй, маъракалар, спорт тадбирларини 1 апрелдан вақтинча тўхтатиш таклифини илгари сурган.

Тошкент штаби ушбу таклиф билан коронавирусга қарши кураш республика комиссиясига чиққан.

Шаҳар ҳокимлиги ўз тизимида йиғилиш ва мажлисларни вақтинча тўхтатган.

Пойтахтда 14 март куни 111 инсон, 15 март куни эса 53 киши Covid-19 вирусини юқтиргани ҳақида хабар тарқатди Ўзбекистон Соғликни сақлаш вазирлиги.

Вазирликка кўра, 15 март куни бутун республика бўйича жами 65 инсон коронавирусни юқтиргани аниқланган.

Соғликни сақлаш вазирлигидан Би-би-сига айтишларича, Ўзбекистонда сўнгги кунларда аниқланган янги коронавирус ҳолатлари "британча", "жанубий африкача" ёки "бразил" штаммлари эмас.

Аммо Тошкентда энг кўп коронавирус юқтириш ҳолатлари мактаб ўқувчилари ва талабалар орасида кузатилган, улар орасида икки нафар боғча тарбияланувчиси борлиги хабар қилинди.

ССВ COVAX дастури доирасида илк AstraZeneca вакциналари 16 мартдан 17 мартга ўтар кечаси Тошкент халқаро аэропортига олиб келиниши ҳақида хабар тарқатди.

Айни пайтда Европадаги қатор мамлакатлар қон қуйилиши ҳолатлари ортидан ўз аҳолисини Оксфорд-AstraZeneca вакцинаси билан эмлашни вақтинча тўхтатишга қарор қилган.

Тошкентда коронавирусни юқтириш яна кўпайган- 15 март

Сурат манбаси, Gurlan hokimligi

2020 йил 15 мартида Ўзбекистонда Covid-19 вирусига чалинишнинг илк ҳолати аниқлангани эълон қилинганди. Орадан роппа-роса бир йил ўтиб, пойтахт Тошкентда касаллик юқиши ҳолатлари кўпайгани муносабати билан карантин талабларига риоя этилиши юзасидан назоратни кучайтиришга қарор қилинган.

15 март куни Тошкент шаҳрида коронавирусга қарши кураш штаби раҳбари ҳисобланган ҳоким Жаҳонгир Ортиқхўжаев махсус йиғилиш ўтказган.

Йиғилишда пойтахтда Covid-19 тарқалишига оид вазият ҳақидаги ҳисобот тингланган.

Масъулларга кўра, 14 март куни Тошкентда коронавирусни юқтириш бўйича 111 та янги ҳолат аниқланган.

Бунчалик кўп кишининг коронавирусни юқтириши 2020 йил 24 декабридан буён кузатилмагани қайд этилган.

Тошкент шаҳар Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги марказига кўра, янги ҳолатлар асосан мактаб ўқувчилари ва талабалар орасида аниқланган.

13 март куни Тошкент шаҳри Олмазор туманидаги 117-сонли давлат мактабгача таълим муассасасида икки тарбиячи ва икки нафар тарбияланувчи коронавирусни юқтирганлари аниқланган, бунинг ортидан бу боғчани вақтинча ёпишга қарор қилинган.

Инфекция юқиш ҳолларининг кўпайгани муносабати билан Тошкент шаҳри жамоат транспортида йўловчилардан юз ниқобини тақиб юриш талаб қилинадиган бўлди.

Жамоат жойларида карантин талаблари ижроси устидан назорат кучайтирилди.

Яна Миллий гвардия, Ички ишлар, Санитария-эпидемиология хизмати ходимларидан иборат гуруҳлар тузилиб, бозорларда, умумий овқатланиш муассасаларида, ташкилот ва муассасаларда карантин талабларига риоя қилиниши юзасидан назорат олиб борилиши йўлга қўйилган.

Роппа-роса бир йил олдин

Ўзбекистонда коронавирус инфекциясини юқтиргани биринчи бўлиб аниқланган инсон Франциядан қайтган тошкентлик аёл бўлгани хабар қилинганди.

Орадан кўп ўтмай, аёлнинг ўғли, қизи, турмуш ўртоғи ва набираси ҳам Covid га чалингани айтилди.

Шундан кейин Ўзбекистонда оммавий тадбирлар бекор қилинган, мактаб, институт ва университетларда дарслар тўхтатилиб, халқаро темир йўл ва ҳаво қатновлари тўхтатилганди.

Ҳукумат касаллик тарқалиши олдини олиш, вирусни юқтирган беморларни даволашга, карантин вақти даромадсиз қолган инсонларга кўмаклашишга катта маблағлар сарфлашга мажбур бўлди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларга кўра, ўтган бир йил давомида коронавирусни юқтирган деб расман рўйхатга олинган беморларнинг сони 80678 кишини ташкил этган.

Вазирлик 79331 киши даволаниб чиққанини, Covid туфайли 622 ўзбекистонлик ҳаётдан кўз юмганини хабар қилади.

Ўзбекистонда коронавирусга қарши оммавий эмлаш бошланиши кутилмоқда, ўзбекистонликлар Россиянинг "Спутник V", Хитойнинг ZF-UZ-VAK 2001 вакциналари билан, COVAX дастури доирасида Ўзбекистонга бериладиган 2,6 миллон дозадаги Pfizer ва Оксфорд-АстраЗенека вакциналари билан эмланиши хабар қилинган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek