Коронавирус: Ўзбекистонда вакцинация, яна ўлим ва янги чекловлар - O’zbekiston Putin koronavirus yangiliklar

O'zbekiston

Сурат манбаси, BBCUZBEK

Ўзбекистон 1 апрелдан эътиборан аҳолини коронавирусга қарши эмлашни бошлашини айтмоқда. Шу асно Қозоғистон, Туркманистон ва Тожикистондан кейин бу ишга киришаётган тўртинчи минтақа давлати бўлади.

Худди шу кундан бошлаб, Ўзбекистонда янги чекловлар ҳам кучга киради.

Кеча, 23 март куни Ўзбекистонда 10 февралдан буён илк ўлим ҳолати ҳам қайд қилинган.

Касалхоналарда даволанаётган коронавирус беморлари сони январ ойидан бери илк бор мингдан ошган.

Бунгача Қозоғистон ва Туркманистоннинг эмлаш жараёнига февраль, Тожикистоннинг эса, куни-кеча, яъни март ойида киришгани хабар қилинган.

Қирғизистон ҳам ўз аҳолисини коронавирусга қарши эмлашни апрель ойидан бошлашини айтган.

Сўнгги янгилик Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ кундалик рақамлар яна ортаётган бир пайтга тўғри келган.

Бугун эълон қилинган сўнгги маълумотларга кўра, кеча, 23 март куни яна 119 кишида коронавирус аниқланган.

Ўтган бир ҳафта давомида бу рақамларнинг 100 дан юқорилигича қолаётгани кўрилади.

Мавжуд вазият сабаб, аллақачон пойтахт Тошкент ва Тошкент вилоятида карантин чоралари кучайтирилган.

1 апрелдан тўйлар ва бошқа оммавий тадбирларга айрим чекловлар ўрнатилиши ҳам расман маъқулланган.

Масъуллар, "Ўзбекистонда коронавируснинг "британча" штамми аниқланаётганини ҳам инкор этишмаган".

Ўзбекистонлик масъуллар "эпидемиологик вазият шунга мажбур қилса, ковидмарказлар қайта очилиши масаласи кун тартибига чиқиши" эҳтимолини ҳам назардан соқит этишмаган.

Сўнгги янгилик ҳақида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати раҳбари Нурмат Отабеков кеча, сешанба куни Zamon телевизион дастурига берган интервьюсида маълум қилган.

Бунгача масъуллар Ўзбекистонда аҳолини коронавирусга қарши оммавий эмлаш ишлари март ойининг иккинчи ярмида бошланишини айтишганди.

Сурат манбаси, Reuters

Ўзбекистонга шу йил 17 март куни илк Ғарб вакцинаси - Oxsford-AstraZenecaнинг дастлабки партияси (660 минг доза) етиб келган.

Нурмат Отабеков ўз интервьюсида, "айнан мана шу олиб келинган вакцина билан 330 минг одамни 2 маротаба эмлаб олишлари керак"лигини айтган.

Oxford-AstraZeneca ҳозирча Ўзбекистон олаётган тўртта вакцинадан бири, аммо илк партияси Тошкентга етиб келган илк Ғарб вакцинаси бўлади.

Шу йил 3 февраль куни Ўзбекистоннинг БМТ COVAX дастури доирасида 2,6 млн доза Oxford -AstraZeneca вакцинасини олиши хабар қилинган.

Бу ҳақда халқаро ташкилотнинг ЮНИСЕФ жамғармаси сайтида айтилган.

Агар, ушбу рақамларга таянилса, Oxford -AstraZeneca Ўзбекистон шу пайтгача энг катта дозада олаётган вакцина бўлади.

Маълум бўлишича, ушбу вакцина ЮНИСЕФ томонидан COVAX дастури доирасида текин етказиб берилмоқда.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг расман билдиришича, вакциналарнинг қолган қисми яқин ойларда етказиб берилади.

Масъуллар ўшанда "ушбу вакциналар билан Ўзбекистонда аҳолини короновирусга қарши эмлаш ишлари бошланиши ва босқичма-босқич давом эттирилиши"ни расман маълум қилишганди.

Шу пайтгача имконли бўлган расмий хабарлардан Ўзбекистоннинг яна Россия (Спутник V), Хитой (ZF-UZ-VAC 2001), АҚШ ва Германия компанияларининг қўшма маҳсулоти бўлган BioNTech/Pfizer вакцинасини олаётгани маълум.

Тошкентда ўтказилган учинчи босқич клиник синовлари фонида Ўзбекистонга ҳаммуаллифлиги берилган Хитой вакцинасини ўзларида расман қайддан ҳам ўтказган.

Орада Ўзбекистоннинг жорий йилда коронавирусга қарши кураш ва вакцина хариди учун жами 3 триллион сўм ажратиши ҳақида ҳам хабарлар олинган.

Сурат манбаси, BBCUZBEK

Ўзбекистон минтақанинг аҳолиси энг катта давлати бўлади, расман сони 34500 миллиондан ортади.*

Ўзбекистон айнан коронавируснинг янги - "британча штамми" расман қайд қилинган биринчи ва ҳозирча ягона давлати бўлади.

Коронавируснинг "британча штамми" ўта "юқувчан" экани айтилган, четдаги дастлабки тадқиқотлар унинг янада "ҳалокатли" эканига оид тахминларни ҳам пайдо қилмай қўймаган.

Куни-кеча дунёнинг энг катта сондаги - юз минглаб ўзбекистонликлар турли иш, юмуш ва таҳсилда банд давлати бўлган Россияга эса, коронавируснинг "британча"сидан кейин, "жанубийафрикача" штамми ҳам кириб боргани маълум бўлган.

"Британча" штамм 28, "жанубий африкачаси" икки кишида аниқлангани расман хабар берилган, аммо уларнинг шахслари очиқланмаган.

Шу йил февраль ойида эълон қилинган янги халқаро тадқиқот натижалари айнан Oxford -AstraZeneca вакцинасининг коронавируснинг янги штаммларига қарши жуда самарали эканига далолат қилган.

Вакцина коронавирусни юқтириш хавфини сезиларли камайтириши маълум бўлган.

Бунгача пойтахт Тошкентдан имконли бўлган хабарларда Ўзбекистонда биринчи навбатда коронавирусга қарши эмланадиган аҳоли сони 4 миллиондан ошиши айтилган.

Улар сирасида 65-74 ёшгача бўлган қариялар, 75 ёшдан 84 ёшгача бўлган кексалар, 85 ва ундан юқоридагилар, тиббиёт ходимлари, сурункали касалликлари бор аҳоли(18-65 ёш), мактаб ўқитувчилари, мактабгача муассаса ходимлари, қуролли кучлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари тилга олинган.

Сурат манбаси, official

Ўзбекистонда коронавирусга қарши эмланган фуқароларнинг махсус сайтда қайддан ўтказиб борилиши ва уларга тегишли сертификат берилиши ҳам хабар берилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги эса, орада Ўзбекистон Жаҳон Соғлиқни Сақлаш ташкилоти томонидан фавқулодда ҳолатларда аҳолини эмлаш учун тавсия қилинган вакциналардан фойдаланишини маълум қилган.

Масъуллар, "фуқаролар бирор бир вакцинани олишга мажбурланмаслиги, улар истаган вакцинаси билан эмланиши мумкинлиги"ни ҳам айтишган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek