Ўзбекистон: Мирзиёев чора кўраяптими? O‘zbekiston Mirziyoyev dunyo yangiliklar

Shavkat Mirziyoyev

Сурат манбаси, official

Ўзбекистонда энди зўрлик ва ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш маркази ташкил этилиши мумкин. Бу ҳақда президентнинг қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Суиқасд Ўзбекистонда шахсан президент Шавкат Мирзиёев эътибор қаратган масала бўлади.

Хабарларга кўра, Навоийда 31 ёшли аёл фарзандлари билан бирга ўзини поезд тагига ташламоқчи бўлди.

Аёл 3 нафар қиз фарзандини темир йўл изига олиб чиққан.

Маълум бўлишича, аёл поезд келиб урилиши натижасида олган жароҳатлари туфайли вафот этган.

15 ёшли қизи эса, ҳозир шифохонада экани айтилади.

Аёлни бунга ундаган сабаблар ҳозирча маълум эмас.

Хабарларга кўра, юз берган ҳодиса юзасидан вилоят прокуратураси ва ИИБ томонидан текширув ишлари бошланган.

Агар, 2019 йилги расмий маълумотларга таянилса, Ўзбекистонда кунига учдан зиёд одам ўзини ўлдиради.

"Аёлларга қараганда, кўпроқ эркаклар ўз жонига қасд қилади".

Ўшанда бу маълумотларни Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг янги тайинланган раисаси келтириб ўтган.

Элмира Боситхонованинг чиқишидан мавжуд вазиятдан Мирзиёевнинг ҳам бохабарлиги маълум бўлган.

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раисаси ўшанда бу муаммога жиддий эътибор бериш, унинг олдини олиш чоралари бўйича шахсан мамлакат президентининг ўзи топшириқлар бераётганини айтган.

Аммо бу топшириқлар аниқ қай бир идораларга берилаётгани ва уларнинг айнан нималардан иборат экани тафсилотлари ноаён қолган.

Бу ҳақдаги расмий хабарларда бу нарса очиқланмаганди.

Янги қарор лойиҳаси

Сурат манбаси, Gazeta.uz

Маълум бўлишича, Ўзбекистон президентининг бу ҳақдаги қарори лойиҳаси Бош прокуратура томонидан жамоатчилик муҳокамасига қўйилган.

Қарор, "Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларининг кафолатларини таъминлаш, қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида".

Хабарларга кўра, мазкур ҳужжат билан тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган, ўз жонига қасд қилган ва шунга мойиллиги бор шахсларга кўмаклашиш тизимини қайта ташкил этиш мақсад қилинган.

Янги қарор лойиҳаси аёллар ва болалар ўртасида ўз жонига суиқасд қилиш ҳолатларининг олдини олиш, ўз жонига қасд қилишнинг асл сабаблари ва шарт-шароитларини аниқлаш, ўз вақтида ихтисослаштирилган ёрдам кўрсатиш чораларини кўришни ҳам кўз тутган.

Унда Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш Республика маркази негизида Зўрлик ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш маркази ва унинг ҳудудий бўлимларини ташкил этиш ҳақида сўз боради.

Марказнинг Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузурида фаолият кўрсатиши айтилади.

Маълум бўлишича, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари марказ ишига аралашмаган ҳолда ҳамкорлик қилади.

Марказ аноним тарзда шошилинч тиббий, психологик, ижтимоий, педагогик, ҳуқуқий ва бошқа ёрдамларни кўрсатади.

Низоли вазиятлар, оилавий-маиший зўрлик ишлатиш ва ўз жонига қасд қилишга мойил хулқ-атворнинг келиб чиқиш сабаблари ва шарт-шароитларини таҳлил қилиш, умумлаштириш ва илмий асосланган таклифлар ишлаб чиқиш билан шуғулланади.

Долзарб ижтимоий муаммоларни аниқлаш мақсадида жамоатчилик фикрини ўрганади ва ижтимоий тадқиқотлар ҳам ташкил этади.

Айтилишича, марказга зўравонликдан жабрланган, ўз жонига қасд қилган ёки шунга мойиллиги бўлган хотин-қизлар, 14 ёшга тўлмаган, вояга етмаган шахслар жойлаштирилади.

Сабаблар ва омиллар

Сурат манбаси, official

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раисаси 2019 йил июль ойида қилган чиқишида ҳозир ўз жонига қасд қилиш дунё миқёсида жамиятнинг глобал муаммосига айланиб қолганини айтган.

Литва (ҳар 100 минг кишига - 68,1 та), Беларусь (ҳар 100 минг кишига - 63 та), Россия (ҳар 100 минг кишига - 58 та), АҚШ (ҳар 100 минг кишига - 52 та), Шри Ланка (ҳар 100 минг кишига - 44 та) ва Украина (ҳар 100 минг кишига - 40 та) га оид рақамларни бирма-бир тилга олиб ўтган.

Ўзбекистон бўйича маълумотларга тўхталаркан, шу кўрсаткич (ҳар 100 минг кишига - 5.2 та) ҳам биз учун кўп, деган.

Унинг чиқишидан Ўзбекистонда ҳозир аёллар(42,7 фоиз)га қараганда эркаклар(57,3 фоиз) ўзини кўпроқ ўлдириши маълум бўлган.

Аммо Элмира Боситхонова ўзбекистонликларни бугун айнан нималар ўз жонига қасд қилишга ундаётгани сабаб ва омилларига тўхталмаган.

Қўмита раисаси ўшанда мазкур ҳолатларни глобаллашув даври билан изоҳлаган.

Глобализациянинг аянчли таъсирлари Ўзбекистонга етиб келиши мумкинлигидан хавотир туйишини билдирган.

Ўзбекистон ва ўзбекистонликлар

Сурат манбаси, Getty Images

Минтақада аҳолиси энг катта сонда (34500 миллиондан ортиқ - таҳр.) бўлган Ўзбекистонда камбағаллик ва ишсизлик ҳануз анчайин долзарб турган муаммолардан бири бўлади.

Иқтисоди асосан қишлоқ хўжалигига таянган мамлакат аҳолисининг аксарияти чекка қишлоқ ҳудудларида истиқомат қилади.

Худди шу манзарада Ўзбекистонда фермерликда банд фуқароларнинг ўз жонларига қасд қилишганига оид хабарларнинг сони ҳам ортгани кузатилади.

Ўзбекистон энг катта сондаги фуқаролари четда меҳнат муҳожирлигида банд Марказий Осиё давлати бўлади.

Устига устак, хотин-қизларга қарши маиший зўравонлик ҳоллари ҳам, йилларки, фаолларнинг жиддий хавотирларига сабаб бўлиб келади.

Айниқса, бу борада хотин-қизларнинг ижтимоий муҳофазаси масаласига энг кўп диққат қаратилади.

Бундан ташқари, худди шу каби омиллар манзарасида Марказий Осиё давлатларининг барчасида бирдек малакали психолог хизматининг деярли йўқлиги ҳам кузатилади.

2019 йилги маълумотларда ўз жонига қасд қилиш ҳоллари бўйича Марказий Осиёда энг юқори ўринларни Қозоғистон (ҳар 100 минг кишига - 40,1 та), Қирғизистон (ҳар 100 минг кишига - 14.8 та) ва Туркманистон (ҳар 100 минг кишига - 11 та) қайд этишган.

Ўзбекистон юқори тўртликни ёпган бўлса, минтақа давлатлари орасидан энг кам худкушлик ҳоллари Тожикистон (ҳар 100 минг кишига - 5,0 та) ҳисобига тўғри келиши маълум бўлган.

Қирқ йилдирки урушлар гирдобида бўлган Афғонистонда эса, бу рақамлар ҳар 100 минг кишига 10.6 тани ташкил этган.

Ўз жонига қасд қилиш ҳоллари дунёнинг барча йирик динларида кескин қораланади, мумкин бўлмаган, изн берилмайдиган иш сифатида кўрилади.

Сўнгги маълумотларда жаҳоннинг аксарият исломий ёки кўпчилик аҳолиси мусулмон бўлган бошқа давлатларида худкушлик ҳолларининг анчайин кам экани кузатилади.

Дейлик, Саудия Арабистонида ўз жонига қасд қилиш ҳоллари ҳар 100 минг кишига 4.6, Покистонда эса, ҳатто ҳар 100 минг кишига 3.0 тага тўғри келиши кўрилади.

Ўзбекистон илова барча Марказий Осиё давлатлари эса, дунёнинг аксарият аҳолиси мусулмон мамлакатлари саналишади.

Президент қарори лойиҳаси 3 апрель кунигача муҳокама остида бўлади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek