Ўзбекистон: Президент номидан иш юритгани айтилаётган шахс қўлга олинди - O‘zbekiston Mirziyoyev yangiliklar

Bir jinoyat ishi tafsilotlari

Сурат манбаси, official

Расман билдирилишича, Ўзбекистон президенти номидан иш юритган шахс қўлга олинган ва унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари бошлаб юборилган.

Бу ҳақда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги бугун, 24 март куни расман хабар берган.

Вазирлик хабари "Сохта аккаунт, сохта раҳбар, сохта ёрдам, жавобгарлик эса, ҳақиқий" деб номланган.

ИИВ Тезкор-қидирув ҳамкорлиги бошқармасининг маълум қилишича, олиб борилган текширув ҳаракатлари давомида номаълум шахс Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев номидан Facebook ижтимоий тармоғида электрон манзили бўлган сохта профиль очган.

Бу профиль орқали фуқаролар билан мулоқотга киришган, мулоқот жараёнида ўзини Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари, деб таништирган.

Сурат манбаси, official

Айтилишича, бу шахс "фойдаланувчилар билан ёзишмалар олиб борган, тармоқ фойдаланувчиларига турли масалаларда, айниқса, уй-жой ва банк кредитлари ажратиш бўйича амалий ёрдам кўрсатилишини ваъда қилган".

Кейин эса, уларни алдаб, фуқаролардан 50 минг сўмдан 1,5 млн. сўмгача бўлган пул маблағларини банк пластик картасига туширган ҳолда ўзлаштириб, фирибгарлик йўли билан талон-торож қилганлиги аниқлангани таъкидланган.

Расмий хабарда айтилишича, тезкор маълумотлар натижасида шу йилнинг 5 февраль куни Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳри ҳудудида тезкор техник-тадбирлар ўтказилган.

"Ушбу ноқонуний ҳаракатлар"ни Чирчиқ шаҳар 3-кичик туманида вақтинча яшовчи М.М содир этганлиги аниқланган.

Унинг телефон қурилмаси ашёвий далил тариқасида ҳужжатлаштириб олингани ҳам айтилган.

Расман билдирилишича, Чирчиқ шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан бу шахсна нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган ва дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тергов остидаги шахснинг бу иш билан нега, неча йил давомида шуғуллангани, қанча одамни чув тушириб, жами қанча маблағни талон-тарож этгани тафсилотлари ҳозирча келтирилмаган.

Расмий хабарда унинг қачон туғилгани ва Чирчиқ шаҳрида вақтинча яшаб келганидан бошқа маълумот берилмаган.

Ички ишлар вазирлиги нега бу ҳақда энди хабар бераётгани сабаби маълум эмас.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek