Жиноят кодексидан олиб ташланаётган диний айбловлар ва янги жавобгарликлар - video Ўзбекистон Мирзиёев O‘zbekiston Mirziyoyev dunyo yangiliklar

O'zbekiston

Сурат манбаси, Senat.uz

Ўтаётган ой Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига шов-шувли ўзгартиришлар киритиш ва янги Жиноят кодекси муҳокамасига бой бўлди. Ўзбекистонда ҳокимият вакилларининг қонуний талабларига бўйсунмасликка оммавий даъват қилиш Жиноят кодексига киритилиши блогер ва журналистларнинг хавотирига сабаб бўлди.

Янги Жиноят кодексидан айрим диний мотивдаги айбловларнинг чиқариб ташланиши эса илиқ қаршиланди.

Ўзбекистонда ҳокимият вакилларининг қонуний талабларига бўйсунмасликка оммавий даъват қилиш Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга киритилишига оид қонуннинг сенат томонидан маъқулланиши хавотирларга сабаб бўлди.

Янги қонун билан, Жиноят кодексининг 244-моддасида:

  • ҳокимият вакилларининг қонуний талабларига бўйсунмасликка;
  • оммавий тартибсизликка;
  • фуқароларга нисбатан зўравонлик қилишга оммавий даъват қилганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланади.

Қонун кучга кирса, бу моддада айбдор деб топилганлар жаримага тортилишдан тортиб, 5 йилгача қамалиши мумкин.

Сурат манбаси, official/arxiv

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга эса қуйидаги қўшимчалар киритилмоқда.

  • фуқароларни қонунчилик талабларини бажармасликка ёки бузишга оммавий даъват қилганлик;
  • фуқароларни қонунчилик талабларини бажармасликка ёки бузишга ОАВ, телекоммуникациялар тармоқлари, интернет, матнни нашр этиш ёки бошқа шаклда кўпайтириш турларидан фойдаланган ҳолда оммавий даъват қилганлик учун жарима жазоси киритилади

Ушбу моддаларни бузганларга қарийб 15 миллион сўмдан 20 миллион сўмгача жарима белгиланади.

Журналист Абдуқодир Мўминов бу ўзгаришлар айнан Президент сайлови арафасида киритилаётганига эътибор қаратади ва буни сўз эркинлигига зид эканлигини айтади.

"Нимага бу нарса айнан яқинда бўладиган сайлов олдидан пайдо бўляпти? Ўйлайманки, бунақа қонун, қарорларнинг қабул қилиниши репрессиянинг бошланаётганини англатади", дейди у.

Сурат манбаси, official

Ўтаётган ойда Ўзбекистон жиноят кодексининг муҳокамаси тугади. 2022 йил 1 январдан бошлаб амал қиладиган янги қонуннинг муҳокамаларга сабаб бўлган муҳим ўзгаришларини нималардан иборат?

Янги жиноят кодексидан диний айбловларга оид 244-3 ва 229-2 моддалари олиб ташланиши жамият томонидан илиқ қаршиланди.

Амалдаги Жиноят кодексининг 2443-моддасидаги Диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш янги таҳрирдаги қонундан чиқариб ташланади.

Бироқ айни шу мазмундаги модда Маъмурий жавобгарлик кодексидан чиқариб ташланмаган ва фуқаролар маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин.

Сурат манбаси, BBCUZBEK

2292-моддаси Диний таълимотдан сабоқ бериш тартибини бузиш, яъни Махсус диний маълумоти бўлмай туриб ва диний ташкилот бошқаруви марказий органининг рухсатисиз диний таълимотдан сабоқ бериш, худди шунингдек хусусий тартибда диний таълимотдан сабоқ бериш Жиноий кодексидан чиқариб ташланмоқда.

Тошкентдан адвокат Абдувоҳиб Яқубов ушбу модданинг Жиноят кодексидан чиқариб ташланаётганини олқишлаган, шу билан бирга айнан шу модда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда сақланиб қолаётганига эътироз билдирган.

"Худога шукрки, бу модда Жиноят кодексидан чиқариб ташланяпти. Бу жуда яхши ўзгариш. Лекин Маъмурий жавобгарлик кодексида 241-2- модда - Диний таълимдан сабоқ бериш бузиладиган бўлса, жавобгарликка тортиш мумкин бўлиб қоляпти. Бу ҳолатга мен адвокат ва фуқаро сифатида норозиман. Сабаби олдинги маърузаларимда ҳам мен кўп марта айтганман.

Диний таълимотдан сабоқ берганларни жавобгарликка тортиш учун олдин давлат ўз зиммасига олган мажбуриятини бажариб қўйиши керак. Фуқаролар, кўпинча қорилар ўз уйларида вояга етмаган болаларига Қуръонни ўргатишади. Асосан ўша ҳолат бўйича ушлаб жавобгарликка тортишяпти. Буни ҳужра деб номлаб олишган. Бу жараёнда нимага болалар ўша ҳужрага бориб таълим оляпти. Чунки диний таълим оладиган бошқа жой йўқ-да", дейди Абдувоҳид Яқубов.

Human Rights Watch инсон ҳуқуқлари ташкилоти демократик эркинликларни ислоҳ қилиш йўлида янги кодексда етарли ишлар қилинмаганини айтиб чиқди.

Халқаро ташкилотнинг айтишича, гарчи лойиҳада бир қанча мўътадил ижобий ўзгаришлар бўлса ҳам, "сўз эркинлиги, намойишлар ўтказиш ва диний эркинликларни поймол қиладиган бир қанча моддалар сақланиб қолинган".

Human Rights Watch га кўра, лойиҳадаги айрим қисмларда "ҳуқуқи халқаро қонунларда эътироф этиладиган аёллар, қийноқ қурбонлари, ЛГБТвакилларини ҳимоя қилиш бўйича камчиликлар мавжуд".

Халқаро ташкилотлар бесоқолбозликни ҳимоя қилиш талаблари Ўзбекистон ичида кескин эътирозларга сабаб бўлди.

Сурат манбаси, BBCUZBEK

Олий Мажлис депутати Расул Кушербаев Ўзбекистонда эркак билан эркакнинг жинсий қўшилишига рухсат берилган кун ўлганимиз бўлади, деб чиқди.

"Демократия йўлида инсон табиатига мос бўлмаган ҳаракатларни қўллаб қувватлашдан бўлак ҳар нарсага чидаш мумкин, деб ўйлайман.

Лекин эркак билан эркакнинг ўзаро эр-хотин сифатида турмуш кечириб, муносабат қилишларини ҳеч қачон қабул қилолмайман. Ва токи тирик эканмиз, Ўзбекистонда бундай бемаъни ҳаракатга қонунан рухсат берилмаслигига ишонаман", деб ёзди у.

Ўзбекистоннинг амалдаги ва янги таҳрирдаги Жиноят кодексида "Бесоқолбозлик" жиноят ҳисобланади ва бир йилдан 3 йилгача қамоқ жазоси белгиланиши мумкин.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbe