Коронавирус: Ўзбекистонда янги антирекорд ва кетма-кет икки ўлим - O‘zbekiston koronavirus yangiliklar

O'zbekiston

Сурат манбаси, kun.uz

Кеча, 24 март куни Ўзбекистонда 138 та янги коронавирус ҳолати аниқланган. Икки кун кетма-кет икки ўлим ҳолати қайд этилган. Бунақаси жорий йил ҳисобидан кузатилмаганди.

Расман билдирилишича, янги ҳолатлар коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган.

Энг кўп ҳоллар яна пойтахт Тошкент ҳисобига тўғри келмоқда.

Агар, расмий маълумотга таянилса, 138 та янги ҳолатдан 111 таси Тошкент шаҳрида қайд этилган.

20 та янги ҳолат билан Тошкент вилояти кундалик рўйхатда иккинчи ўринда келган.

Қолган янги ҳолатлар Жиззах, Наманган ва Самарқанд вилоятларида аниқлангани маълум бўлган.

Сўнгги кунларда бу рўйхатда Бухоро, Сурхондарё ва Хоразм вилоятлари ҳам кўзга ташлангани кўрилган.

Дейлик, 17 март куни Бухорода пойтахт Тошкент ва Тошкент вилоятидан кейин учинчи юқори кўрсаткич(6) қайд қилинган.

Сурат манбаси, kun.uz

Янги антирекорд аллақачон пойтахт Тошкент ва Тошкент вилоятида карантин чоралари кучайтирилган бир пайтда қайд этилаётгани билан алоҳида эътибор топган.

Ўтган бир ҳафта давомида бу рақамларнинг 100 дан юқорилигича қолаётгани кўрилади.

Масъуллар худди шу манзарада "Ўзбекистонда коронавируснинг "британча" штамми аниқланаётганини ҳам инкор этишмаган".

Улар "эпидемиологик вазият шунга мажбур қилса, ковидмарказлар қайта очилиши масаласи кун тартибига чиқиши" эҳтимолини ҳам назардан соқит этишмаган.

Ўзбекистон айнан коронавируснинг янги - "британча штамми" расман қайд қилинган биринчи ва ҳозирча ягона давлати бўлади.

Коронавируснинг "британча штамми" ўта "юқувчан" экани айтилган, четдаги дастлабки тадқиқотлар унинг янада "ҳалокатли" эканига оид тахминларни ҳам пайдо қилмай қўймаган.

Масъуллар сўнгги кунларда кундалик ҳолатлар ортиши сабабини "одамларнинг "хотиржам бўлиб қолгани, санитария талабларига риоя қилмаётгани, оддий ниқоб тақиб юришни унутаётгани", шунингдек, "куз ва баҳорда ўткир юқумли респиратор инфекциялар авж олиши" билан изоҳлашган.

Яна "касаллик манбаси сақланиб қолаётганини унутмаслик кераклиги"ни айтишган.

Сурат манбаси, official

Ҳозирга келиб, Ўзбекистонда жами коронавирусга чалинганлар сони расман 81816 кишини ташкил этган.

Янги ўлим ҳолати билан Ўзбекистонда касалликдан вафот этганлар сони 624 нафарга етган.

Аммо сўнгги икки ўлим ҳолатида ҳам бирор бир тафсилоти берилмаган.

Ўзбекистонда коронавирус статистикаси ҳалича пневмония ҳолларини ўз ичига олмайди.

Масъуллар айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётганлар сони 1049 киши эканини айтишган.

Бу беморлардан 191 нафарининг аҳволи оғир, 85 тасиники ўта оғир эканини билдиришган.

Агар, сўнгги расмий маълумотларга таянилса, Ўзбекистонда ҳозир коронавирусдан соғайиш кўрсаткичи 98 фоизни ташкил этмоқда.

Ўзбекистонда ҳалича аҳолини коронавирусга қарши оммавий эмлаш ишлари бошланмаган.

23 март куни расмийлар бу ишга 1 апрелдан бошлаб киришилишини маълум қилишган.

Коронавирус билан боғлиқ сўнгги вазият манзарасида масъуллар худди шу санадан бошлаб Ўзбекистонда тўйлар ва бошқа оммавий тадбирларга айрим чекловлар киритишга ҳам қарор қилишган.

Кеча, 24 мартдан бошлаб, жамоат жойларида тиббий ниқоблардан фойдаланиш бўйича назорат кучайтирилиши айтилган.

Бугун, 25 мартдан яна қўшимча чоралар кучга кириши ҳақида ҳам хабар берилган.

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари Нурмат Отабеков бугун, 17 март куни "карантин кучайтирилиши вакцинани сотиш билан боғлиқ деган гапларда мантиқ йўқ"лигини таъкидлаган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek