Ўзбекистонга вакцина келмай қолиши мумкинми? O'zbekiston koronavirus vaksina dunyo yangiliklar

Hindistondan vaksina eksporti

Сурат манбаси, Getty Images

Ҳиндистон Oxford-AstraZeneca вакцинаси экспортини вақтинчалик тўхтатади. Айнан Oxford-AstraZeneca Ўзбекистон шу пайтгача энг катта дозада олаётган вакцина бўлади. Ўзбекистон "худди шу вакцина билан мамлакат аҳолисини оммавий эмлаш ишларини бошламоқчи".

Унинг илк партияси 17 март куни пойтахт Тошкентга етиб келган. Қолган қисмининг эса, шу яқин ойларда етказиб берилиши айтилганди.

Oxford-AstraZeneca ҳозирча Ўзбекистон олаётган тўртта вакцинадан бири, аммо илк партияси мамлакатга етиб келган илк Ғарб вакцинаси бўлади.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги худди "шу вакциналар билан мамлакатда аҳолини коронавирусга қарши эмлаш ишлари бошланиши ва босқичма-босқич давом этдирилиши"ни айтишган.

Сўнгги янгилик Ўзбекистонда аҳолини коронавирусга қарши оммавий эмлаш ишлари бошланиши кутилаётган бир пайтга тўғри келган.

Ўзбекистонлик масъуллар куни-кеча вакцинация жараёнига 1 апрель куни киришилишини расман маълум қилишганди.

Сурат манбаси, Reuters

Маълум бўлишича, Ҳиндистон Oxford-AstraZeneca вакцинасининг барча экспортини вақтинчалик тўхтатмоқчи.

Бу ҳақда Би-би-сига Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлигидаги манба маълум қилган.

Манбага кўра, Ҳиндистонда коронавирус ҳоллари яна ортаркан, бу келаси ҳафталарда вакцинага бўлган ички эҳтиёжнинг кучайишини англатади. Худди шу боис ҳам, дозалар Ҳиндистоннинг ўз эмлаш дастури учун керак бўлади.

Англашилишича, ҳиндистонлик масъуллар "вақтинча", деб атаётган тақиқ апрель ойи охиригача экспорт жараёнига таъсир қилиши мумкин.

Бундан дунёнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Covax дастурига кирган 190 давлати жабр чекиши мумкинлиги айтилмоқда.

Сурат манбаси, kun.uz

Ўзбекистон ҳам Covax га қўшилган, Oxford-AstraZeneca вакцинасини худди шу дастур доирасида олишни бошлаганди.

Шу йил 3 февраль куни Ўзбекистоннинг БМТ COVAX дастури доирасида 2,6 млн доза Oxford -AstraZeneca вакцинасини олиши хабар қилинган.

Бу ҳақда халқаро ташкилотнинг ЮНИСЕФ жамғармаси сайтида айтилган.

Худди шу рақамларга таяниб, Oxford -AstraZeneca Ўзбекистон шу пайтгача энг катта дозада олаётган вакцина экани маълум бўлган.

Ушбу вакцина ЮНИСЕФ томонидан COVAX дастури доирасида текин етказиб берилаётгани англашилганди.

Ҳиндистоннинг Serum институти дунёдаги энг йирик вакцина ишлаб чиқарувчи корхона бўлади.

Корхона аллақачон Буюк Британия ва Бразилия илова бир қанча давлатга Oxford-AstraZeneca вакцинасини етказиб беришни кечиктирган.

Ҳиндистон шу пайтгача дунёнинг 76 давлатига 60 миллион дозадан ортиқ вакцина экспорт қилган, унинг энг катта қисмини айнан Oxford-AstraZeneca вакцинаси ташкил этган.

Сурат манбаси, Getty Images

Вақтинчалик тақиқ қарори Ҳиндистонда коронавирус билан боғлиқ аҳвол қайта ёмонлашаётган бир пайтга тўғри келган.

Чоршанба куни кундалик ҳолатлар жорий йил ҳисобидан кузатилмаган бир даражада кескин ортган.

Бир кунда 47 мингдан зиёд янги ҳолат аниқланган, 275 киши коронавирус сабаб, ҳаётдан кўз юмган.

Ҳиндистон 1 апрелдан бошлаб, 45 ёшдан юқориларни эмлашга киришмоқчи.

Масъулларга кўра, худди шу боис ҳам, вакцинага талаб янада ортиши мумкин.

Аммо, маълум бўлишича, яна бир вакцинанинг оммавий истеъмолига расман рухсат берилиши кутиларкан, экспорт билан боғлиқ аҳвол май ойларига бориб ўнгланиши мумкин.

Serum корхонаси жорий йилда кам ва ўрта даромадли давлатлар учун 1 миллиард доза вакцина ишлаб чиқаришини айтган.

Сўнгги ҳафталарда хавфсизлигидан хавотирланиб, дунёнинг қатор давлатлари Oxford-AstraZeneca вакцинасидан фойдаланишни вақтинча тўхтатиб қўйишган, ўз қарорлари сабабини "эҳтиёт чораси" экани билан изоҳлашган.

Аммо яқинда Европадаги дори-дармонларга масъул агентлик ва Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти ўз текширувлари натижасини эълон қилган, вакцинани "хавфсиз", деб топганди.

Ўзбекистон минтақанинг аҳолиси энг катта давлати бўлади, расман сони 34500 миллиондан ортади.

Шу пайтгача имконли бўлган расмий хабарлардан Ўзбекистоннинг яна Россия (Спутник V), Хитой (ZF-UZ-VAC 2001), АҚШ ва Германия компанияларининг қўшма маҳсулоти бўлган BioNTech/Pfizer вакцинасини олаётгани маълум.

Хабарларга кўра, шу йил 27 март куни бир миллион доза Ўзбекистон ҳаммуаллифи ўлароқ эътироф этилган Хитой вакцинаси - ZF-UZ-VAC 2001 олиб келинмоқчи.

Бу вакцинанинг учинчи босқич клиник синовлари Ўзбекистонда ҳам бўлиб ўтган.

Бу ҳақда Ўзбекистондаги podrobno.uz нашри Инновацион ривожланиш вазирлигига таяниб хабар тарқатган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek