БМТ Тошкентдаги “ташвишли воқеалар”ни холис текширишга чақирди - video O‘zbekiston dunyo yangiliklar

Ҳелена Фрейзер

Сурат манбаси, facebook/un.uzbekistan

Расмий баёнотда айтилишича, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бутун дунёда бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам ҳар қандай шахсга нисбатан камситиш ва зўравонликларнинг барча кўринишини қоралайди.

Айни мазмундаги баёнот билан ташкилотнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Ҳелена Фрейзер кеча, 30 март куни чиққан.

БМТнинг Ўзбекистондаги доимий вакили ўз баёнотида мамлакат ҳуқуқ-тартибот идораларини Тошкентда ўтган дам олиш кунларида юз берган "ташвишли воқеалар"ни холис текширишга чақирган.

Ҳелена Фрейзер, "шунингдек, оммавий ахборот воситалари, блогерлар, фуқаролик жамиятини нафрат ва ҳар қандай кўринишдаги камситишлардан келиб чиқувчи зўравонликка қарши биргаликда курашга чақирган".

У ўз баёнотида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибининг сўзларидан иқтибос ҳам келтирган.

Бу иқтибосда, "Инсон ҳуқуқлари ҳар бир инсоннинг туғма ҳаққи ва ҳар бир давлатнинг манфаатида. Улар барқарорликни таъминлайди, бирдамликни мустаҳкамлайди, инклюзивлик ва тараққиётга ҳисса қўшади", деб айтилган.

Тошкент. 28 март

Сурат манбаси, kun.uz

Тошкентдаги тартибсизликлар 28 март куни Амир Темур хиёбони олдида юз берган.

Айрим хабарларга кўра, блогер худди ўша куни пойтахт Тошкентнинг Амир Темур хиёбонида япон анимеси ва корейс поп мухлисларининг навбатдаги тадбирини ўтказмоқчи бўлган.

Баъзи маҳаллий нашрлар эса, 28 март куни маҳаллий вақт билан тахминан соат 15:00 ларда Тошкентдаги Амир Темур хиёбони олдида ЛГБТ фаолларига қарши намойиш бўлиб ўтгани ҳақида ёзишган.

Яна айрим хабарларда у ерда Ўзбекистонда бир жинсли муносабатларнинг қонунийлаштирилишига қарши бўлган фаоллар норозилик билдириб йиғилган бўлишгани айтилган.

Хиёбон олдидаги воқеалар акс этган видеотасвирлар ижтимоий тармоқларда ҳам бўй кўрсатган.

Бу тасвирларда ўнлаб эркаклар акс этгани кўрилган, айримларининг "Аллоҳу акбар", дея такбир айтаётганликларини ҳам эшитиш мумкин бўлган.

Сурат манбаси, official

Худди ўша куни кечқурун Тошкент шаҳар ИИББ расмий баёнот билан чиққан.

"Амир Темур хиёбони олдида уч-тўрт нафар фуқаро бир йигит ва бир қизни ЛГБТ фаоллари гумони билан уришга ҳаракат қилгани, уларга яна бир 20-25 чоғлиқ одам қўшилиб, "безорилик ҳаракатлари" содир этишгани"ни билдирган.

"Мазкур жанжалда диний мазмундаги низо бўлмаган"ини таъкидлаган.

Бошқарма расмий ахборотида айтилишича, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларининг ҳамкорликдаги чора-тадбирлари натижасида низо оммалашиб кетишининг олди олинган, ҳеч кимга шикаст етмаган.

"Жанжални бошлаган ва фаол иштирокчиси бўлган 12 нафар шахс ушланган ва "Безорилик" аломатлари билан жиноий иш қўзғатилган".

Маълум бўлишича, ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Калтакланган блогер

Худди ўша куни пойтахтнинг Амир Темур хиёбонида япон анимеси ва корейс поп мусиқаси мухлисларининг навбатдаги тадбирини ўтказмоқчи бўлган 29 ёшли блогер Миразиз Бозоровнинг номаълум шахслар томонидан калтаклаб кетилганига оид хабарлар ҳам олинган.

Блогернинг оғир тан жароҳатлари билан касалхонага ётқизилгани айтилган.

Тошкент Шаҳар ИИББнинг маълум қилишича, мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.

Жиноят иши Ўзбекистон Жиноят кодексининг 105-моддаси 2-қисмининг "и" банди - "қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш"ни назарда тутиши айтилган.

Бошқарма расмий ахборотидан маълум бўлишича, блогерга тан жароҳатлари етказган номаълум шахсларни аниқлаш учун тергов-тезкор гуруҳи тузилган ва тергов ҳаракатлари ҳам олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги эртасига, 29 март куни юз берган воқеалар юзасидан расмий баёноти акс этган видеони эълон қилган.

Унда айтилишича, "охирги кунларда Бозоров Миразиз деган исмли фуқаро ўзининг ижтимоий тармоқларида Тошкент шаҳридаги "Ҳазрати Имом" масжиди олдида ва Амир Тему хиёбонида ноанъанавий жинси қарашларга эга шахслар томонидан оммавий намойишлар ўтказиш бўйича чақириқ билан чиққан".

"Натижада, 28 март куни унинг номақбул чақириқларини ўзларига нисбатан ҳақорат деб ҳисоблаган бир гуруҳ фуқароларимиз бу ҳолат юзасидан ўз фикр ва қарашларини билдириш мақсадида Тошкент шаҳридаги Aмир Темур хиёбонига тўпланишди. Бунинг оқибатида мазкур шахслар томонидан оммавий тартибсизлик содир этилиб, жамоат хавфсизлигига путур етказилган", дейиларкан, бу расмий баёнотда ҳам, "ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан мазкур тартибсизлик кескин бартараф этилиб, ҳуқуқбузарлик келтириб чиқарган шахслар қўлга олинган"и таъкидланган.

Сурат манбаси, official

Аммо "бир гуруҳ фуқаролар" дейиларкан, расмий баёнотда уларнинг аниқ сони ва кимлар бўлгани очиқланмаган.

Вазирликнинг мазкур видеобаёнотига блогер ўзининг муносабати ҳозирча имконсиз.

Акс-садолар

Бунинг ортидан, АҚШ ва Британиянинг Ўзбекистондаги элчилари юз берган воқеаларга ўз муносабатларини билдириб чиқишган.

АҚШ элчиси Дэниел Розенблюм, "Ўзбекистон ҳукуматини блогер Миразиз Бозоровнинг калтакланишини текширишга чақирган".

"Шу дам олиш кунларида Тошкент кўчаларида зўравонликларни кўриш жуда ташвишланарли бўлгани"ни ёзган, твит қилган.

Британия элчиси ҳам, "дам олиш кунларидаги намойишлар чоғида шунча нафратни кўриш қайғули" бўлганини айтган.

"Биламан, бу жуда нозик масала", деркан, "аммо турфахил жамиятлар кучли жамиятлар. Тоқатлилик", деб ёзган.

Тим Торлот ҳам твит қилган, "блогерлар/журналистларга нисбатан зўравонликларнинг ҳеч бир оқлови йўқ"лигини айтган.

"Матбуот эркинлиги ҳимоя қилиниши шарт"лигини таъкидлаган.

Бугун, 31 март куни Ўзбекистонда оммавий тартибсизликларга ва фуқароларга нисбатан зўравонлик қилишга омма олдида даъват қилганлик учун жавобгарлик киритилди.

"Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қонун президент томонидан имзолангани расман хабар берилди.

Халқаро ташкилотларнинг бесоқолбозликни ҳимоя қилиш талаблари Ўзбекистон ичкарисида кескин эътирозларга сабаб бўлган.

Кеча, 30 март куни Ўзбекистондаги Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси ҳам ушбу мавзуга эътибор қаратган.

Комил Алламжонов, "Ўзбекистонга бирор талаб қўйишдан олдин миллатнинг менталитети, дини, маданияти, урф-одатларини инобатга олиши керак"лигини таъкидлаган.

Унинг фикрига кўра, бесоқолбозликка қарши қонунлар юмшатилган тақдирда ҳам, улар қоғозда қолади.

Комил Алламжонов, "барча оммавий ахборот воситалари, блогерларни ЛГБТ мавзусини тинимсиз ёритишни тўхтатишга" ҳам чақирган.

Ўзбекистоннинг амалдаги ва янги таҳрирдаги Жиноят кодексида "Бесоқолбозлик" жиноят ҳисобланади ва бир йилдан 3 йилгача қамоқ жазоси белгиланиши мумкин.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek