Россия, Ўзбекистон ва мигрантлар: Авиақатновлар тикланса, ҳужжатлар нима бўлади? Rossiya Putin O‘zbekiston dunyo yangiliklar

Rossiya

Сурат манбаси, Getty Images

Россия ҳукумати расмийси 25 март куни 1 апрелдан бошлаб Ўзбекистон билан мунтазам рейсларнинг қайта тикланишини маълум қилган.

Сўнгги янгилик мунтазам парвозлардаги бир йиллик танаффусдан сўнг ўртага чиққан.

Татьяна Голикова бу қарорнинг Россия Бош вазири Михаил Мишустин билан келишиб олинганини билдирган.

Март ойининг сўнгги кунигача бу хусусда ҳукумат қарори эълон қилинмаган бўлса-да, расмий томонидан коронавирусга қарши оператив штаб йиғинида очиқланган ушбу маълумот аллақачон ҳар икки давлат оммавий ахборот воситаларида тарқалиб бўлди.

Аммо бу ҳақдаги расмий хабарнинг ўзи Россия ҳукуматининг веб сайтида эълон қилинган.

Россия, Ўзбекистон ва мигрантлар: Авиақатновлар тикланса, ҳужжатлар нима бўлади?

Расмий хабарда кўрсатилишича, Москва-Тошкент йўналишидаги рейслар ҳафтада бир марта амалга оширилади.

Айни пайтда Россия-Ўзбекистон орасида чертер рейслар қатнови ҳам давом этмоқда.

Мунтазам рейслар йўлга қўйилиши эса, энди йўловчилардан Россияга кириш учун асос талаб қилиниши бекор бўлишига умидларни ҳам уйғотмай қолмаган.

Россияга келишни кутаётган юзлаб ўзбекистонликлар учун бу хабар хуш бўлиш баробарида бир талай саволларни ҳам юзага келтирган.

Бу борада Би-би-си Ўзбек хизматига бўлаётган мурожаатларга Москвадаги юрист, эксперт Зарнигор Омониллаева жавоб берди.

Сурат манбаси, facebook

Би-би-си: Мунтазам рейсларнинг тикланиши ўзбекистонликларнинг Россияга маълум асос талаби билан киришини бекор қилиши мумкинми?

Зарнигор Омониллаева:Менимча, мунтазам рейслар йўлга қўйилгач, ўзбекистонлик йўловчилардан Россияга кириш учун асос талаб қилиниши бекор қилинади.

Россия Ўзбекистондан ташқари бошқа мамлакатлар билан рейсларни қайта тиклаганида рейслар сони аввалига оз бўлган: ҳафтада бир, икки мартадан. Кейинчалик мунтазам рейслар сони кўпайиши билан киришда асослар талаб қилинмаган.

Ҳозирча бошқа мамлакатларга энг катта талаб - коронавирусга қарши топширилган мусбат натижали тест бўлаяпти, холос.

Қозоғистон, Қирғизистон, Арманистон ва бошқа ривожланган давлатларни назарда тутаяпман. Шунингдек, Африка мамлакатларидан келган йўловчиларга ҳам талаб шундай.

Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистондан келувчи фуқаролардан ҳам Россияга киришга асос талаб қилинмай қўйиши мумкин, аммо ҳозир эмас, рейслар сони кўпайганида.

Би-би-си: Пандемия даври учун ўзбекистонликларнинг ҳужжатларида берилган енгилликлар-чи, давом этадими?

Зарнигор Омониллаева: Россия Президентининг миграцияга оид 791-сонли қарорида белгиланган тартибга кўра, мунтазам транспорт қатновлари бошланганидан кейин яна 90 кун давомида "регистрация" ва "патент олиш"даги енгилликлар сақланиб қолинади.

Яъни 1 апрелдан кейин ҳам ўзбекистонликлар жорий йилнинг 15 июнигача бемалол эски ва базада бор "регистрация" лар билан юришса бўлади, патентга ҳам эски "регистрация" ва "миграция қайдлари билан ҳужжат топширишлари мумкин. Енгилликлар борасида ҳеч нарса ўзгармайди.

Сурат манбаси, Getty Images

Ҳуқуқ ҳимоячилари жорий пайтдаги меҳнат муҳожирлиги Россияга келувчи ўзбекистонликлар учун чигал вазиятларни юзага келтириши эҳтимолини билдиришмоқда.

Уларга кўра, Москва ва Санкт-Петербург сингари йирик шаҳарларда полиция ходимлари томонидан яна мигрантларнинг ноҳақ таъқиб қилиниши кузатилиши ҳоллари ортиши мумкин.

Би-би-си: Бу бироз чигал вазиятда муҳожирлар ўз ҳуқуқларини қандай ҳимоя қилишлари мумкин?

Зарнигор Омониллаева: Шу кунларда ўзбекистонлик мигрантлар яна полиция ходимлари томонидан ноҳақ таъқиб қилаётганидан кўп шикоят қилишаяпти.

Агар мигрантларнинг ҳуқуқлари чекланаётган бўлса, полиция ёки МФЦда "Қарор кучи ўзбекистонликлар учун тугади", деб айтишса, Россия Президентининг 791-қарори 2-банди "б" бўлимига қарашларини сўраб, эътироз билдириш керак.

Мурожаат ёзма тарзда бўлса, қонунга асосланган равишда ёзма жавоб берилади.

Шу ҳолатда меҳнат муҳожирлари ўз ҳуқуқларини суд орқали тиклаб олишларига имконият бўлади.

Би-би-си: Ўзбекистон минтақанинг аҳолиси энг катта давлати бўлади, сони 34500 миллиондан ортади.

Аксар аҳолиси мамлакатнинг чекка қишлоқ ҳудудларида истиқомат қилувчи Ўзбекистонда ишсизлик ва камбағаллик ҳали-ҳануз чуқур илдиз отган муаммолардан бири бўлади.

Бу ердаги миллионлаб ўзбекистонликнинг тирикчилиги, йилларки, четда - асосан Россияда меҳнат муҳожирлигида банд яқинлари ортга юбораётган пуллар ҳисобидан ўтиб келган.

Устига устак, айнан глобал коронавирус пандемияси боис, четда меҳнат муҳожирлигида банд ўн минглаб фуқароларининг бир йилнинг ўзидаёқ ортга қайтиши мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий вазиятни янада оғирлаштириши, иқтисодий инқироз ва бунинг ортидан ижтимоий портлашлар хавфини кучайтиришига оид хавотирларни ҳам пайдо қилмай қўймаган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek