Ўзбекистонда тартиб кучайтирилади, Тошкент жаҳон чемпионати мезбони ва ўзини эмлатган одам кўпми? Video O‘zbekiston Mirziyoyev dunyo yangiliklar

Президент Шавкат Мирзиёев

Сурат манбаси, official

Президент Шавкат Мирзиёев жуда ёмон кўрсаткичдан хавотирда, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси кутилмаган баёнот билан чиқди ва аҳолиси 34500 миллиондан ортувчи Ўзбекистонда ҳозирча беш мингдан зиёд одам ўзини эмлатди - bbcuzbek.com дайжести.

Ўзбекистон ёпиладими?

Ўзбекистонда кеча, 1 апрель куни яна 189 та янги коронавирус ҳолати қайд қилинган.

Худди шу куни президент Шавкат Мирзиёев мамлакатдаги коронавирус билан боғлиқ сўнгги вазиятга эътибор қаратган.

Президент Мирзиёев, "охирги кўрсаткичларимиз бир кунда 160-180, 200 дан ҳам ўтган кунлар бўлаяпти. Бу жуда ёмон кўрсаткич", деб айтган.

"Афсуски, бу балонинг охири кўринмаяпти", "хавф ёнимизда юрибди, шунинг учун ҳам огоҳ бўлишимиз керак", - деб айтаркан, "ҳеч қаерни ёпмасликлари"ни таъкидлаган.

Шавкат Мирзиёев бунинг сабабини "иқтисодиёт нуқтаи назаридан жуда катта марралар қўйишгани, ёпилиб қолишса, бу натижаларга эриша олмасликлари" билан изоҳлаган.

Аммо Ўзбекистон президенти, "ҳеч қаерни ёпишмаса-да, тартиб-интизомни кучайтиришлари"ни баён қилган.

"Касалланганларни ҳам тез-тез даволаш керак"лигини таъкидлаган.

"Олдин қандай ишлаган бўлишса, шу тартибни тиклашлари"ни маълум қилган.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон аҳолисини санитария-гигиена қоидаларига риоя қилишга ҳам чақириб қолган.

Президент бошчилигида бўлиб ўтган пайшанба кунги видеоселектор йиғилиши ортидан, Ўзбекистонда коронавирусга қарши кураш бўйича ҳудудий штаблар иши кучайтирилиши, call-марказ ва кўчма бригадалар ташкил этилиши маълум бўлган.

Бунгача коронавирус билан боғлиқ вазиятнинг ёмонлашиб бораётгани сабаб, пойтахт Тошкент ва Тошкент вилоятида карантин чоралари кучайтирилган.

Кеча, 1 апрелдан бошлаб, бутун мамлакат миқёсида оммавий тадбирларга чекловлар кучга кирганди.

Сўнгги рақамлар манзарасида ҳам Ўзбекистонда пойтахт Тошкентнинг коронавирус ўчоғилигича қолаётгани кузатилади.

Хабарларга кўра, Ўзбекистон Бош вазири карантин талабларини бузганларга нисбатан қонун доирасида чоралар кўрилишини ҳам таъкидлаган.

Аксар касаллар тузалиб, Ўзбекистонда коронавирус билан боғлик аҳвол жиддий ўнгланиши ортидан, масъуллар ўтган йил охирларига келиб, мамлакатдаги коронавирус марказлари ва бўлимларини ёпишга киришишган.

Call-марказлар фаолияти тўхтатилиши ҳам хабар берилганди.

Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигидаги сўнгги видеоселектор йиғилиши бу йилги Рамазон ойига саноқли кунлар қолаётган бир пайтга тўғри келган.

Пойтахт Тошкентдан бугун, 2 апрель куни олинган хабарларда айтилишича, диний масъуллар мусулмонлар учун муқаддас бу ойда Ўзбекистондаги 1370 дан ортиқ масжидда хатми Қуръон ўтказишни режалашган.

Ўзбекистон минтақанинг энг йирик мусулмон давлати ҳам бўлади.

Ихтиёрий эмланганлар

Сурат манбаси, official

Ўзбекистонда аҳолини коронавирусга қарши оммавий эмлаш ишлари ҳам кеча, 1 апрель куни бошланган.

Ўзбекистон Қозоғистон, Туркманистон, Тожикистон ва Қирғизистондан кейин бу ишга қўл урган сўнгги минтақа давлати бўлган.

Ўзбекистон минтақанинг аҳолиси энг катта давлати бўлади, сони расман 34500 миллиондан ортади.

Бугун, 2 апрель куни эълон қилинган расмий хабарларга кўра, вакцинация жараёнининг илк кунида бутун мамлакат бўйлаб жами 5 мингдан зиёд одам ихтиёрий эмланган.

Ўзбекистон: Вакцина олишдан қўрқяпмиз - одамлар эмланиш ҳақида нима дейди? BBC News O'zbek

Агар, масъуллар режасига таянилса, шу йил июнь ойи охиригача хавфли гуруҳга кирувчи 4 миллиондан ошиқ одамни эмлаш режаланган.

Эмланганлар орасида бирор бир юқори мартабали мулозимнинг бор-йўқлиги маълум эмас.

Ўзбекистонда ўтган Хитой вакцинасининг учинчи босқич клиник синовлари бошланган пайтда мамлакат Инновацион ривожланиш вазири у билан ўз оила аъзолари ҳам эмланганини билдирганди.

Мамлакатда эмлаш ишлари Ғарбнинг Oxford-AstraZeneca ва Хитойнинг Ўзбекистон сўнггида расман ҳаммуаллифи сифатида эътироф этилган ZF-UZ-VAK2001 вакциналари билан бошланган.

Соғлиқни сақлаш масъуллари 1 миллион доза Спутник V вакцинаси хариди юзасидан Россия билан шартнома имзоланаётганини ҳам билдиришган.

Шу йилнинг июнь ойигача Ўзбекистонга яна 5,5 млн доза коронавирусга қарши вакцина олиб келиниши режалаштирилгани айтилган.

Кеча, 1 апрель куни айрим маҳаллий нашрлар Ўзбекистон коронавирусга қарши ўз вакцинасини ишлаб чиқишни бошлагани ҳақида ҳам хабар беришган.

Қозоғистон ҳозирча минтақанинг коронавирусга қарши ўз вакцинасини яратишга муваффақ бўлган ягона давлати бўлади.

QazCovid Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг рухсати билан ҳозир учинчи босқич синовлардан ўтмоқда.

Орада Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги уни муваққат қайддан ўтказгани ҳам айтилган.

Қозоқ вакцинаси тайёр бўлса, Қозоғистон президенти у билан ўзини эмлатиш ниятида экани ҳам хабар берилган.

Тошкент ва жаҳон чемпионати

Сурат манбаси, official

Шу соатларда олинаётган хабарларга кўра, Ўзбекистон ҳаваскор бокс бўйича катталар ўртасидаги 2023 йилги жаҳон чемпионатига мезбонлик қилади.

Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси расман маълум қилган.

Сўнгги кутилмаган янгилик қўмитада AIBA президенти Умар Кремлёв иштирокида бўлиб ўтаётган матбуот анжумани тафсилотларидан маълум бўлган.

Бу Ўзбекистон мисолида илк Марказий Осиё давлатининг бу каби нуфузли бокс тадбирига мезбонлик қилиши бўлади.

Бокс кураш билан бирга ўзбекистонлик спортчилар турли халқаро турнирларда ўз тарихларида энг кўп совринли ўринларга кўтарилган иккита спорт туридан биттаси экани кўрилади.

Ҳаваскор бокс бўйича Ўзбекистон катталар миллий терма жамоаси дунёдаги энг кучли ва рекордсменларидан бири сифатида эътироф этилади.

Бунга уларнинг сўнгги Ёзги Олимпиада Ўйинлари, Осиё ва Жаҳон биринчиликларида қўлга киритган оламшумул ютуқларининг ўзиёқ далолат қилади.

Ўзбекистон бунгача ҳаваскор бокс бўйича катталар ўртасидаги Осиё чемпионатига ҳам мезбонлик қилган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek