Ўзбекистон - Россия: Ўз она юртида қолиб кетаётган мигрант - Россия ва Ўзбекистон video Rossiya Putin O‘zbekiston dunyo yangiliklar

  • Соҳиба Ҳаёт
  • BBC, Москва
Собиқ мигрант

Сурат манбаси, courtesy

Россия-Ўзбекистон чегаралари ҳамон ҳамон тўлиқ очилмаган.

Ватанга, яъни Ўзбекистонга қайтган минглаб мигрантлар ишлаш учун Россияга кета олишмаяпти.

Уларнинг Ўзбекистондаги ҳаёти қандай кечаяпти? Иш топишдими? Кетиш ниятидан воз кечдиларми?

Би-би-си Ўзбек хизмати мухбири Соҳиба Ҳаёт айни пайтда Россияга йўллар очилишини кутаётган олтинсойлик собиқ мигрант Ғуломқодир Мусурмонов билан суҳбатлашди.

Контракт тўлолмадим

Кўпгина юртдошларимиз сингари моддий аҳволимизни яхшилаш, оиламиз бюджетини яна ҳам кенгайтириш мақсадида Россияга кетишга мажбур бўлганман.

Тошкентда коллежда ўқиганман, кейин мутахассислигим бўйича шартнома-тўлов контракти асосида институтга қабул қилиндим. Аммо афсуски, бу маблағни тўлашга оиламизни қурби етмаган.

Вилоятдан борганлар билишади, Тошкентга бориб ўқиш-яшаш ҳар доим қийин ва қиммат. Ҳозир ҳам шундай, ҳеч нарса деярли ўзгаргани йўқ.

Сурат манбаси, courtesy

Ўқишга контракт пулини тўлай олмаганимдан кейин мажбурликдан Россияга ишлашга кетганман. У ерга бориб ҳеч бўлмаса, эски уйимизни қайта қуришим керак эди. Яна бошқа режаларимиз ҳам бор эди, мен ўқиш билан бирга бу ишларни амалга ошира олишимга кўзим етмаган. Ва натижада Россияга кетишга мажбур бўлганман.

Келдиму чегаралар ёпилди

Россияда жами 10 йил яшаб ишладим. Илк борганимда 5 йил уйга келолмадим, вазиятим шуни тақозо қилганди.

Қийинчиликлар кўп бўлди, биринчи боргандан ишларингиз жойига тушмас экан. Шу тариқа 5 йил юриб, 2015 йилда уйга келганман. Кейин бориб-келиб ишлаб юрдим.

Ўтган йили пандемия бошланган пайтда олдинроқ келганман.

Сурат манбаси, courtesy

Пандемия ҳақида гаплар бор эди, лекин Ўзбекистонга ҳали кириб келмаганди.

Март ойида уйга қайтганимдан кейин чегаралар тақа-тақ ёпилди, кета олмай қолиб кетдим.

Қуёшга тўйиниш

Аллоҳнинг изнисиз инсонга битта тикан кирмас экан. Шу ҳикмат менинг ҳаётимда кўп марта ўз исботини топди.

Ўн йиллаб Россияда совуқ ўлкаларда юрган одам табиийки, шамоллаш касалликларини орттирар экан. Менда ҳам шундай ҳолат бўлганди.

Сурат манбаси, courtesy

Қайтганимдан кейин серқуёш Ўзбекистонимизда қуёшдан баҳра олиб, мана бир йилки, кетолмай юрибман.

Қуёшдан баҳра олиб ҳам бўлдим, ишларимизни ҳам қилиб бўлдим.

Энди кетишим керак, умид қилиб турибманки, тез кунларда мунтазам рейслар қўйилиб, йўллар очилади.

Россияда яхши яшардим

Ўзбекистондаги ҳаётимни Россиядагиси билан таққослаш унчалик тўғри бўлмайди, катта фарқ борлиги аниқ.

Россияда ишлаган одамга пул бор эди, жони бор одам ҳаракат қилса, ҳамма нарсани амаллайди.

Ўзбекистонда ишлаганингиз билан Россияда топганчалик пулни айлантириш қийин. Буни Россияда ишлаб ўрганган одамлар яхши билишади.

Сурат манбаси, courtesy

Яшаш тарзини солиштирадиган бўлсам, бу ердан кўра Россияда яхши бўлган.

Бу ерда яқинларим бор, уларга овуниб юраман.

Барибир кетаман десам ҳам кета олмаяпман.

Кабоб есак, виждоним қийналарди

Россияда яна бир нарса мени қийнарди. У ерда яшаганимиздан кейин дўстлар билан ишдан бўш пайтларимизда табиат қўйнига чиқиб дам олардик. Кабоб пишириб ердик, бу кўпларга таниш манзара.

Шундай пайтларда мени виждоним қийналарди.

Сурат манбаси, courtesy

"Мен бу ерда еб-ичиб яхши яшаб юрибман, лекин уйимдагилар-чи? Улар қандай яшаяпти? Бир ойда неча килограмм гўшт ейишаяпти?". Шу каби саволлар ичимни ерди.

Имкон даражасида уларни ҳам мен яшаётган даражада бўлмаса-да, виждоним тинчланадиган ҳолатгача оилавий шароитимизни кўтаришга ҳаракат қилардим.

Россиядаги дўстлар қўллови

Сурхондарёда бир жойга расман ишга кирганим йўқ.

Ўзбекистонда сўнгги бир йил ичида муқим яшаётган бўлсам, бир жойда аниқ ишламадим.

Фақат у-бу вақтинчалик ишлар билан шуғулланиб тирикчилик қилаяпман.

Асосий тирикчилигим эса, тан олиб айтишим керак, Россияда қолган шерикларим сабаб.

У ердаги дўстларим билан келишганмиз, ўзаро бир-биримизга ёрдам бериб юрамиз.

Ҳозир менга бераётганлар ёрдамлари учун дўстларимга катта рахмат айтаман.

Россияга бора олмаётганимни билиб, қўллаб-қувватлашаётганидан миннатдорман.

Россияга кетолмаётганлар кўп

Қишлоқ жойда яшаймиз, бу ҳудудда кўпчилик ёшлар Россияга бориб ишлайди.

Муҳожирликка чиқиб пул ишлашаяпти, кичик бизнесларини йўлга қўйишаяпти, ўқишлари учун имкониятлар яратишаяпти.

Атрофимизда Россиядан келгану қайтиб кета олмаётган ёшлар бор, улар жуда кўпчилик.

Баъзилари таваккал қилиб Россияга қайтиб кетишга уриниб кўришаяпди.

Россияга киришга асоси бўлмагани учун ортга қайтариб юборилганлари, машиналарда йўлга чиқиб 2 ой йўлларда сарсон бўлганлари, чегаралар очилишини кутиб кўчада қолиб расмийлар аралашиб ёрдам берилгани, кейин ҳам 14 кунлаб карантин зоналарда бўлиб уйга қайтарилганлари ҳам бор.

Улар ҳозир яна "кетмасам бўлмайди" деган фикрлар билан юришибди. Ўзим шу кеча-кундузда бу ёшларни кўриб, суҳбатлашиб, гувоҳи бўлаяпман.

Мени кутаётганлар бор

Сурат манбаси, courtesy

Йўллар очилиши билан Рoccияга кайтиш ниятим бор. Лекин бу масалада шошилаётганим йўқ.

Чегаралар тўлиқ очилиб, қатновлар аввалгидек, доимий ҳолатига қайтса, кейин бемалол ортиқча харажат қилмасдан $200-;250 доллар атрофидаги нархда билет олиб, етиб олиш мумкин бўлган пайтда қайтаман деган режам бор.

Ҳозирча эса, бу ерда бир йил яшадим, табиийки, бошқа режаларни тузишга тўғри келади. Баъзи нарсаларни ўйлаб қўйганман.

Унгача шу ишларни амалга ошириб, йўллар бемалол бўлганда Россияга албатта қайтаман.

Россияда мени кутаётганлар бор. У ерда мен қиладиган ишлар бор. Худо хоҳласа, яхшиликда Россияда кўришамиз.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek