Ўзбекистон: Икки журналист қидирувга берилди ва “курдистонлик табиб”га чора кўрилиши керакми? O‘zbekiston dunyo yangiliklar

Курдистонлик илоҳий табибликка даъво қилувчи Али Маҳмуд Ҳасан

Сурат манбаси, Social media

ССВ ва ИИВ ўзбекистонликларни "курдистонлик табиб"дан эҳтиёт бўлишга чақирди, Комил Алламжонов эса икки вазирликни унга нисбатан чора кўрмаётганликда танқид қилиб чиқди.

Бундан аввал ижтимоий тармоқда асли курдистонлик ва илоҳий табибликка даъво қилувчи Али Маҳмуд Ҳасан Ўзбекистонга келаётгани шов-шувларга сабаб бўлган.

Кейинроқ пойтахт Тошкентда даво истаган тумонат ўзбекистонликлар Али Маҳмуд Ҳасан билан кўришишга уринаётгани тасвирланган видеолар тарқалган.

Тошкентда олинган видеоларда "курдистонлик табиб" эшитиши заиф боланинг қулоғини енгил қўл ҳаракатлари билан "очиб юборгани", юришга қийналаётган кекса аёлга энди бемалол югуриши мумкинлигини айтаётгани кўзга ташланади.

Юзлаб ўзбекистонликлар "табиб"нинг қабулига кириш илинжида турган бир пайтда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ички ишлар вазирлиги мурожаат билан чиққан.

ССВ ўз мурожаатида "аҳолининг ишонч ва эътиқодидан фойдаланиб, сохта табиблик фаолияти билан шуғулланаётган айрим кимсаларнинг алдовига учраб қолишдан" огоҳ этган.

Вазирлик мамлакат қонунчилигида оккультизм-афсун ва диний маросимлар орқали касалликларни даволаш халқ табобати ҳисобланмаслигини эслатиб ўтган.

ИИВ эса фуқароларни асоссиз маълумотларга ишонмаслик ва карантин қоидаларига риоя қилишга чақирган.

Расмийларнинг бундай мурожаатларига жавобан мамлакатда тиббиёт тизими қониқарли аҳволда бўлмагани туфайли ҳам одамлар табиблардан нажот излашга ўзга чора топа олмаётгани билдирилган фикрлар янграган.

Бир вақтнинг ўзида Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов ИИВ ва ССВни Али Маҳмуд Ҳасанга чора кўрмасликда танқидга тутган.

"Агар унинг фирибгарлиги ҳақидаги маълумотлар асосли, исботланган бўлса, нега унинг фаолияти чекланмаяпти? Унинг бемалол вилоятма-вилоят юриб, одамларни даволашига йўл қўйиб бериляпти", деб ёзган у ўзининг Facebook саҳифасида.

Алламжонов ушбу ҳолатда икки вазирлик "қуруқ баёнотлар" билан чекланиб қолаётганини таъкидлаган.

"Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Санитария-эпидемиологик хизмат карантин, деб роса жазолашни биладику. Ёки матбуот ходимларининг озгина хатосини кўриб қолса, қонунлар ва жазоларни эслатувчи ИИВ қаерга қараяпти?", дея у ўртага савол ташлаган.

Маҳаллий нашрлар айни вақтда Али Маҳмуд Ҳасан Самарқанд ва Бухорога йўл олгани ҳақида хабар берган.

Журналистлар қидирувга берилди

Сурат манбаси, Effect.uz

Терговга келишдан бўйин товлагани сабабли Effect.uz интернет нашрининг икки мухбирига нисбатан қидирув эълон қилинган.

Бош прокуратуранинг хабар беришича, январь ойида сайт ходимлари жиноят ишлари бўйича Термиз тумани суди раиси хизмат хонасига бостириб кириб, суд мажлисида иштирок этиш ва жараённи тасвирга олишни талаб қилишганлиги ҳақида видеоёзув чиқарилган.

Видеоёзувда қайд этилган ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида Судьялар олий кенгаши раиси томонидан Бош прокурор номига тақдимнома киритилган.

Ҳолат юзасидан Термиз тумани прокуратураси жиноят иши қўзғатган, Сурхондарё вилоят прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилган.

"Олиб борилган тергов ҳаракатлари жараёнида жиноят ишига алоқадор бўлган "Effect.uz" ахборот агентлигининг 2 нафар мухбири ва 1 нафар аёл кўплаб маротаба тергов органига расман чақиртирилган бўлсада, номаълум сабабларга кўра келишдан бўйин товлашган", дейилади Бош прокуратура хабарида.

Шу сабабдан икки мухбирга нисбатан сиртдан айблов эълон қилиниб, улар қидирувга берилгани маълум қилинган.

1 километр йўл ва $950 минг

Сурат манбаси, BBC Uzbek

Ўзбекистонда 1 километр йўл қуришнинг энг қиммат нархи $950 минг туради.

Бу ҳақда 6 апрель куни Қонунчилик палатасида ўтган "Ҳукумат соати"да Автомобиль йўллари давлат қўмитаси раиси Абдураҳмон Абдувалиев маълум қилган.

У ўтиш йўлаклари, лотоклар ва бошқаларни таъмирлаш билан Ўзбекистон нархларидаги энг қиммат йўл қарийб $1 миллион ёки 10 миллиард сўмга тушишини тилга олган.

Абдувалиев бу сумма бошқа давлатлардаги нархларга солиштирганда, арзонроқ эканини билдирган.

Айни йиғилишда "Миллий тикланиш" демократик партияси раиси Алишер Қодиров "энг расво йўллар" Ўзбекистонда экани ҳақида гапирган.

"Масалан, М-39 йўлда деярли 10 йилдан бери қатнаётган бўлсак Тошкентдан чиқиб Жиззахга етиб олгунча камида 3-4та авария ҳолатлари юзага келади шахсан ўзимда. Кечқурунку умуман йўлда юриш ҳақида ўйлаш керак эмас, ҳаёт учун хавфли", деган у.

Қасамёдни бузган суд раиси

Қасамёдини бузган суд раиси вазифасидан озод этилган.

Судьялар олий кенгаши тарқатган хабарда унинг шахси ва қасамёдни қай тарзда бузгани ошкор қилинмаган.

Бироқ унинг жиноят ишлари бўйича туман суд раиси лавозими ишлаб келгани маълум қилинган.

Шунингдек, фаолиятида камчиликларга йўл қўйган 25 нафар судьянинг интизомий жазога тортилишига розилик берилгани қўшимча қилинган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek