Ўзбекистон: "Сеткалар" қуршовида қолган қишлоқ аҳли нима истайди? - Видео O'zbekiston

Хондайлиқ қишлоғи

Сурат манбаси, BBC Uzbek

«Қаранг, атрофни сеткалар билан ўраб ташлаб, биз қишлоқда қолиб кетдик. Мол боқиш, деҳқончилик қилишга жойимиз қолмади».

Пойтахтдан 70 чақиримча наридаги Хондайлиқ қишлоғи яшовчиси шундай, дея куйинади.

Бўстонлиқ тоғлари этагида жойлашган бу сўлим гўша мамлакатнинг бошқа қишлоқларидан у қадар фарқ қилмайди.

Оддий уйлар, тупроқ кўчалар…

Аммо бу қишлоқ аҳли ўз турмуш шароити яхшиланиши йўлида энг биринчи навбатда қандай муаммолар ҳал этилишини истайди?

21 триллион сўм

Сурат манбаси, BBC Uzbek

24 март куни ўтган видеоселекторда президент Шавкат Мирзиёев 2021 йилда қишлоқ ва маҳаллалардаги шароитни яхшилашга 21 триллион сўм йўналтирилишини айтган.

У қишлоқларга бундай маблағ шу кунгача бирор марта берилмаганини таъкидлаган.

Расмийлар маҳаллий ҳокимликлар ва кенгашлар билан маблағлар нималарга сарфланиши келишиб олинганини маълум қилганлар.

Бироқ қишлоқ аҳолисининг ўзи ажратилган маблағлар қандай сарфланишини истайди?

Сурат манбаси, BBC uzbek

Улар қандай муаммолар ўз ҳудудида биринчи галда ҳал этилиши лозим, деб ҳисоблайди?

Би-би-си шу саволларни одамларнинг ўзига бериш мақсадида Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги Хондайлиқ қишлоғига борди.

Аввалига, ўз хоҳиш-истакларини баён этишдан бироз иккиланган хондайлиқликлар аста-секин қишлоқдаги муаммолар ҳақида гапира бошладилар.

«Ҳозир сизни Раҳим доданинг олдиларига олиб бораман. У кишининг елиб-югуриши билан кўп муаммоларимиз ҳал бўлган», дейди Шерзод исмли қишлоқ яшовчиси.

Ўз уйи олдида кутиб олган қишлоқ фаоли Раҳим ота табиати эртакнамо Хондайлиқ одамларининг истаклари бисёрлиги, аммо аҳоли энг биринчи навбатда йўл муаммоси ҳал этилишини хоҳлаши ҳақида гапиради.

Унинг сўзлашича, ички йўллар аҳволи ҳаминқадар бўлсада, аҳоли узоқ йиллардан буён қишлоққача бўлган масофани анча қисқартирувчи асосий йўл муаммосидан қийналиб келади.

70 ёшларни қаршилаган Раҳим ота бу йўл эски туннель ичидан ўтишини айтади.

Туннель

Сурат манбаси, BBC Uzbek

Бу қандай туннель, деган саволга «ҳозир борганда ҳаммасини ўзингиз кўрасиз», дейди Раҳим ота жавобан.

Йўл-йўлакай у бу туннелнинг Хондайлиқ аҳолиси учун аҳамияти ҳақида сўзлаб кетади.

«Туннель орқали қишлоққа келсангиз 4 километр йўл босасиз. Айланиб келсангиз, 16-17 километр. Энди ўзингиз айтингчи, қайси йўл аҳоли учун қулай?»

«Аслида бу туннель 1936 йилда оқова сувларни чиқариб юбориш мақсадида қурилган. Кўприк қурилмагани учун одамлар унинг ичидан қатнаб юради. Кузда, кўкламда туннелнинг ичини сел босади. Шаҳарга, ишга қатновчи одамлар 15-17 километр айланиб келишга мажбур бўлади», сўзлайди Хондайлиқда сел кўп кузатилишини айтган Раҳим ота.

Манзилга етиб борганимизда эса қаршимизда ичидан сой оқиб ўтаётган туннель гавдаланади.

Сурат манбаси, BBC uzbek

Узунлиги қарийб юз метр келувчи туннель машиналар қатнови учун мосланмагани яққол кўзга ташланади.

"Айтингчи, бу туннелдан юриш мумкинми? Қанча машина оқиб кетган бу жойда», куйинади фаол.

«Бу йўллар масаласида кўп жойларга чиқилди. Мурожаат қилсангиз, келиб озгина жойга асфальт тўкиб кетишадида, план тўлди, деб қайтиб келишмайди».

Биз у ердан кетар чоғимиз узоқдан туннель ичидан қийналиб чиқиб келаётган юк машинаси кўринади.

«Свет ўчдими?»

Сурат манбаси, BBC uzbek

«Биз тоза ичимлик сувидан ҳам қийналиб келамиз, қишлоқда икки насос станцияси бор, аммо сувни уйларга етказиб бериш масаласига ҳеч ким эътибор бермаяпти», давом этади Раҳим ота.

«Ҳозир одамларнинг уйига сув олиб бориш учун 20 километр труба тортиш керак. Агар давлат ёрдам бермаса, халқ анча қийналиб қолади».

Суҳбатдошлар Хондайлиқ аҳли булоқ ва ерости сувларини ичиб келишини айтадилар.

Раҳим ота ўз уйига ўрнатган кичик электр насосни кўрсатади.

Сурат манбаси, BBCuzbek

«Бизнинг сув шўр. Ичиб бўлмайди, лекин шуни ичишдан бошқа чорамиз йўқ. Ҳозир ўзингиз таъмини кўрасиз», сўзлайди у.

Бироқ насос ҳа, деганда ёнавермайди.

Ичкари ҳовлидан свет ўчиб қолганини хабар қиладилар.

«Умуман олганда, ҳозир кимдир булоқдан ташиб, кимдир 15-16 метр қудуқ қазиб сув ичяпти, лекин бу сув ичишга яроқли эмас», дейди Раҳим ота.

Шундан сўнг бу ер аҳолиси қандай тирикчилик қилиши билан танишиш мақсадида қишлоқ этаги томон йўл оламиз.

«Еримиз қолмади»

Сурат манбаси, BBC uzbek

Узумзорда ишлашини айтган Ихтиёр ака хондайлиқликлар деҳқончилик ва чорвачилик билан қора қозон қайнатиши, лекин охирги вақтларда анча қийналиб қолишганини гапириб беради.

«Бизда тирикчилик асосан чорвадан. Аммо ерлар фермерларга бериб юборилгач, мол боқишга жойимиз қолмади».

«Мана шу жойда 20 гектар тошлоқ еримиз бор эди. Қўй-мол боқиб турар эдик. Мана ҳозир кўриб турибсиз, сетка билан ўраб олинган. Қишлоқда қамалиб қолиб кетдик», вазиятни изоҳлайди у.

Ихтиёр ака суғориладиган ерлар бой тадбиркорларга бериб юборилган бир вақтда, тоғдаги яйловларда ҳам мол боқишнинг имкони қолмаганини айтади.

Сурат манбаси, BBC uzbek

«Тоғнинг ҳам ўз эгалари пайдо бўлган. Ерларни эгаллаб, бизни ўтказмайди. Подани қаерда боқишни билмаяпмиз. Ахир шу мол-қўй билан яшаймиз, тўй қиламиз».

Қишлоқда иш топиш мумкинми, деган саволга боғбон шундай жавоб беради:

«Ўзим узумзорда ишлайман. Яна ер қазийман. Шунақа ишлар билан тирикчилик қиламан. Давлат ишигаку, олмайди. Ёшинг ўтиб қолган дейди».

Сурат манбаси, BBC uzbek

Айтишларича, Хондайлиқ ёшлари Тошкент вилоятининг саноат ривожланган шаҳарларидан иш топишга ҳаракат қилади.

«Яхши ҳам туркларнинг корхоналари бор экан. Ёшлар Чирчиқ, Қибрайга бориб насибасини топиб юрибди. Аёллар тикувчилик фабрикаларига ишга қатнайди. Қишлоқда уларга иш йўқ. энди шу битта молимизни боқишга ҳам еримиз қолмади», маъюс сўзлайди Ихтиёр ака.

Қишлоққа журналист келганини эшитган одамлар симёғочлар ҳақида ҳам гапириш мумкинлигини сўрайдилар.

Маълум бўлишича, Хондайлиқда электр таъминоти муаммоси билан бирга, маҳаллалар оралаб ёйилиб кетган қўлбола симёғочларни алмаштиришга расмийлар эътибор қаратмас ва аҳоли ёғин-сочин кунларда болалар хавфсизлигидан хавотирланиб яшаётган экан.

«Мана қаранг, бу симёғочлар ҳеч қандай техника хавфсизлиги талабларига жавоб бермайди. Ёмғир, қор ёғса, болаларимизни уйда олиб ўтирамиз. Қўрқамиз».

"Бетон симёғоч қўяйлик, десак донаси 12 миллион сўмдан экан. Энди ҳамма симёғочларни алмаштириш бизга қанчага тушишини ўзингиз ҳисоблаб кўраверинг. Мажбурликдан ҳар ким уйида бор ёғочни олиб чиқиб, симёғоч қилиб олган", гапиради қишлоқ яшовчиларидан бири.

Хондайлиқ билан хайрлашиш чоғида эса суҳбатдошлар сўзларидан улар ўз истаклари масъулларга қадар етиб боришидан иккиланаётганлари, аммо ажратилаётган маблағнинг бир қисми қишлоққача етиб келишидан умид қилаётганлари яққол сезилар эди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek