Дайжест. Туркия, Ўзбекистон: Россия очилаётганида Туркия ёпилаяптими? Авиакомпаниялар мигрантларни бой деб ўйлаяптими? Жаҳонгир Отажонов онасининг мурожаати O'zbekiston Rossiya

Туркия

Сурат манбаси, BBC Uzbek

  • Туркияда эпидемиологик вазият ёмонлашмоқда
  • «Ўзбекистон Ҳаво йўллари» билетлар нархи 4 млн дан ошмаслигини билдирди
  • Йил бошидан бери 10 мингга якин мигрант ишлашга кетган
  • Жаҳонгир Отажонов онаси нима деб мурожаат қилди?

Ўзбекистон ва Туркия орасида мунтазам авиақатновлар ҳозирча давом этмоқда. Ўзбекистонликлар энг кўп меҳнат муҳожирлиги учун чиқадиган мамлакатларнинг бири - Туркия ҳисобланади.

Туркияга боролмаймизми?

Туркияда коронавирус билан касалланганлар сонининг кескин ўсиши ортидан бир вақтнинг ўзида 2 та давлат - Хитой ва Эрон ўз сайёҳларига Туркияга саёҳат қилишни тақиқлади. Шу билан бирга Turkish Airlines авиакомпаниясининг ўз ҳудудларида парвозларини тўхтатишди. Шунингдек, мамлакатдаги эпидемия билан боғлиқ мураккаб вазият туфайли RwandAir ва Ethiopia Airlines авиакомпаниялари Туркияга парвозларни тўхтатишга қарор қилишди.

Сўнгги хафталарда Туркияда Ковид-19 билан касалланганлар сонининг кўпайиб бораётгани кузатилмоқда. 7 апрел куни Туркияда юқтирганлар сонининг кўпайиши бўйича яна бир рекорд янгиланди: кунига 55 мингга ҳолат (жами Туркияда пандемия пайтида бу рақам 3 ярим миллиондан ошган), шунингдек коронавирус қурбонлари сони 276 кишига кўпайиб, 33 мингга яқинлашган.

Мамлакатда вирус тарқалишининг кескин кўпайиши Туркия хукуматини ташвишга солган ва карантин чекловларини кучайтирган. Аммо ҳозирча чегараларни ёпиш бўйича аниқ бир қарорга келмаган. Бу борада апрел ойининг ўзидаёқ хукумат қарори эълон қилиши кутилмоқда. Маҳаллий нашрларнинг ёзишича, Туркия ўз чегараларини 1 ойга вақтинчалик ёпиши мумкин.

4 млн 200 минг сўмлик билет қаерда?

Сурат манбаси, official

«Uzbekistan airways» - «Ўзбекистон Ҳаво йўллари» ўз расмий саҳифаларида 8 апрел куни Тошкентдан Москвага учувчи мунтазам рейслар нархи 4 млн 200 минг сўмдан ошмаслигини эълон қилди.

Би-би-си ўзбек хизматининг 7 апрел кунги «Россия-Ўзбекистон, мигрантлар: билетлар бунча қиммат?» номли материаллари ортидан маълум қилинган «Uzbekistan airways» хабарини ижтимоий тармоқларда фаол блогерлар ҳам ўрганиб, муҳокама қилишган.

«Билет нархлари қимматлигидан шикоят қилганлар билан суҳбатлашиб, текшириш учун қарасам, ростан ҳам билетлар нархи ўртача 700 доллар экан. Тожикистонда одамлар билетга кредит олаётганини эшитганимда бизда ҳам шундай бўлмасин, деб хавотир олгандим» - деб ёзди юрист Зарнигор Омониллаева ўзининг zarnigor1 каналида.

"Мигрантларнинг пуллари кўп деб ўйласа керак"

"Файзбоғ» саҳифаси эса «Ўзбекистон Ҳаво йўллари»нинг Москвага учиш чипталари нархини бошқа мамлакатларга таққослаган.

«Ҳаво йўллари» Москвага қўйилган мунтазам рейслар билети нархларини ўртача $700 этиб белгилабди. 700 доллар! Бу нархга Иордания, Ҳиндистон, Таиланд каби мамлакатларга саёҳат қилиш учун икки кишилик йўлланма сотиб олишингиз ҳам мумкин, деб ёзади «Файзбоғ».

Шу билан бирга саҳифада билетлар танқислиги ҳам тилга олинган:

«Ҳавошка» Тошкент ва Москва ўртасидаги рейс учун чипта нархи 4,2 миллион сўмдан ошмаслигини маълум қилмоқда, бироқ, блогер «Bankiroff» маълумотларига кўра, авиакомпания сайтида айни дамда апрель ойига ҳам, майга ҳам чипта йўқ ва чипта сотиб олиш мумкин бўлган энг яқин сана 12 июнда. Таклиф этилаётган мавжуд чипта нархи 10 375 378 сўм».

Юрист Зарнигор Омониллаева Тошкент-Москва авиачипталари нархлари бўйича фикрини киноя билан якунлайди:

«Менимча, мигрантликда юриб топилган пулга ҳашаматли қуриб қўйилган уйлар, ўтказилган катта тўйларни кўриб, авиакомпаниялар мигрантларнинг пуллари кўп, деб ўйласа керак (ҳазил). Бошқа қандай сабаб билан нархлар бунақа баландлигини изоҳлолмаяпман, рости».

Ярим миллиондан ўн минг нафари кетди

Сурат манбаси, BBC uzbek

Апрел ойидан Ўзбекистондан Россияга ҳафтага икки марта мунтазам рейслар қўйилиши билан меҳнат муҳожирлигига чиқишни режа қилиб турган ўзбекистонликлар ҳаракатга тушиб қолишди.

Расмий рақамларга кўра, ярим миллионга яқин киши Россияга ишлаш учун келишни кутишмоқда.

Йил бошидан бери эса жами 9 ярим мингга яқин киши Ўзбекистондан хорижга ишлаш учун кетган. Бу маълумотни Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги маълум қилди.

2021 йилнинг биринчи чорагида ишлаш учун ватандан кетган ўзбекистонликларнинг 8034 нафари Россияга, 1285 нафари Қозоғистонга жойлашган.

Айни пайтда хорижда меҳнат муҳожирлигида бўлган Ўзбекистон фуқаролари сони 1,6 миллион кишини ташкил қилади. Бу мамлакатдаги иқтисодий фаол аҳолининг тахминан 20 фоизи демакдир. Уларнинг 1,1 миллион нафари Россияга тўғри келади.

"Аввал ҳам партияга аъзо бўлгандинг"

Сурат манбаси, BBC uzbek

Санъатдаги фаолиятидан воз кечиб сиёсатга киришни мақсад қилган Жаҳонгир Отажонов айни пайтда Туркияда истиқомат қилмоқда.

Ўзбекистондалиги вақтида собиқ санъаткор Би-би-си ўзбек хизматига интервью берган ва 2021 йилда ўтиши режалаштирилган президент сайловида ўз номзодини илгари суражагини эълон қилганди. Ушбу видеосуҳбат саҳифаларимизда «Мен қўғирчоқ номзод эмасман» номи билан нашр этилган, унда Отажонов ўзининг бошланаётган сиёсий фаолияти, режалари ва мақсадлари тўғрисида сўзлаб берганди.

"Халқ манфаатлари" демократик партиясини рўйхатдан ўтказишга ҳаракат қилаётганини айтган Отажонов сўнгги ҳафтада Туркияда истиқомат қиладиган ҳижратдаги мухолифат етакчиси Муҳаммад Солиҳ билан бирга тушган суратини эълон қилган ва бу ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлганди.

7 апрел куни эса Жаҳонгир Отажоновнинг онаси ўғлига қилган видеомурожаати кўпчиликнинг эътиборига тушди. Тасвирда собиқ санъаткорнинг ота-онаси камера қаршисида кўринган. Отаси ҳеч сўз демаган, она эса ўғлини йўлидан қайтишга даъват қилган.

"Ўзбекистоннинг эрка ўғлони бўлиб юргандинг. Санъатни ташлаб нима қилиб юрганингни билмадик", - дейди она.

«Ўзбекистонда юрганингда ҳам бир партияга аъзо бўлдинг. У партиядагилар сенинг обрўйнгдан ва мухлисларингдан фойдаланиш учун деб айтдим сенга. Лекин яхшиямки ота-энангни хоҳиши билан у партиядан чиқиб кетдинг", дейди она.

Ижтимоий тармоқларда мазкур видеомурожаат кенг баҳсларга сабаб бўлмоқда.

Фойдаланувчиларнинг айримлари мазкур видеомурожаатнинг ташқи босим остида ёзилган, деб гумон қилишаётганини ёзишса, баъзилар онанинг фикрини маъқуллаган.

Жаҳонгир Отажоновнинг ўзи эса бу борада ҳозирча изоҳ бергани йўқ.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek