Ўзбекистон: Киносаноат иқтисодиёт тармоғи ўлароқ ривожлантирилади O'zbekiston Mirziyoyev kino

Ўзбеккино

Сурат манбаси, BBC uzbek

Президент Мирзиёев Ўзбекистон киносаноатини ривожлантиришга доир фармонга имзо чеккан.

Бир вақтнинг ўзида "Ўзбеккино" Миллий агентлиги Ўзбекистон Республикаси Кинематография агентлиги этиб қайта номланган.

Агентлик олдига кино санъатини ривожлантириш ҳамда мамлакат киносаноатини иқтисодиётнинг тармоқларидан бири сифатида яратишни тарғиб қилиш вазифалари қўйилган.

Президент фармонида, шунингдек, мамлакатда жаҳон тажрибаси асосида кино ишлаб чиқаришнинг механизмларини жорий этиш ва замонавий кино саноати учун инфратузилма, кинопрокат тизимини ривожлантириш назарда тутилган.

Телесериаллар ва 12 миллиард сўм

Ўзбек телеканаллари телесериаллар яратиш учун миллион доллардан кўпроқ маблағ олиши ҳам маълум этилган.

Президент фармонида Агентлик телеканалларга, камида, 12 миллиард сўм миқдорида субсидиялар ажратиши белгилаб қўйилган.

Субсидия олишда лойиҳанинг ғоявий, бадиий компонентлари, шунингдек, телеканалларнинг рейтинги ҳисобга олинади.

Бундан ташқари, Миллий кинематографияни ривожлантириш маркази ташкил этилиши ҳам эълон қилинган.

Марказ Агентлик буюртмаларига асосан миллий фильмларнинг халқаро кинофестивалларда ва дунёнинг нуфузли кино бозорларида иштирокини ташкил этади.

Марказ олдига миллий фильм ва сериаллар ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш, давлат буюртмаси асосида ишлаб чиқарилган фильмлар прокатини бозор тамойиллари асосида ташкил этиш ва маҳаллий ва хорижий инвесторларни миллий фильмларни ишлаб чиқариш, прокатга бериш ва намойиш этишни молиялаштиришга жалб қилиш каби вазифалар қўйилган.

Янгича кинотеатрлар

Президент фармонида Ўзбекистондаги барча кинотеатрлар 2022 йилгача электрон автоматлаштирилган тизим билан жиҳозланиши ҳақида сўз боради.

Янгича тизим муаллифлик ҳуқуқи ва сотилган ҳар бир чипта тўғрисида тезкор маълумот олишга имкон бериши маълум қилинмоқда.

2022 йил 1 августдан бошлаб кинотеатрларда ушбу тизимга уланмасдан фильмларни намойиш этиш чакана савдо қоидаларини бузиш сифатида баҳоланади.

Харажатлар қайтарилади

Яна аудиовизуал асарлар яратишда республика ҳудудида амалга оширилган харажатларнинг бир қисмини давлат бюджети ҳисобидан қоплаб бериш тартиби ҳам тасдиқланган.

Мазкур тизим хорижий ва маҳаллий кинокомпаниялар учун мўлжалланган.

Масалан, хорижий кинокомпаниялар учун, агар харажатлар суммаси 10 миллиард сўмдан ортиқ бўлса - 25 фоиз, бироқ битта фильм учун 3 миллиард сўмдан ошмаган миқдорда қоплаб берилади.

Маҳаллий кинокомпанияларга улар томонидан фильм ишлаб чиқаришда тўланган солиқ суммасининг 50 фоизи ҳисобот йили якунига кўра қайтариб берилади.

Бундан ташқари, кинотеатрга эга савдо-кўнгилочар комплексларини қуриш учун тадбиркорларга бепул ер майдонлари ажратилади.

Ҳужжатга мувофиқ, республиканинг ҳар бир тумани ва шаҳрида кинозаллари сони 3 тадан кам бўлмаган савдо-кўнгилочар комплексларини қуриш учун тадбиркорлик субъектларига 25 сотих ер майдонлари бепул ажратилади.

Кинотеатрга эга бўлмаган савдо марказларини қуриш эса тақиқланади.

2021 йил 1 июлдан бошлаб янги қуриладиган савдо майдони 15 минг квадрат метрдан ортиқ савдо-кўнгилочар комплексларида жами ўриндиқлар сони 300 тадан ва кинозаллари сони 4 тадан кам бўлмаган кинотеатр ташкил этиш мажбурий ҳисобланади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek