Ўзбекистон: Президент яна кимларни хиёнатда айблади? – янгиликлар O‘zbekiston, Mirziyoyev, dunyo, yangiliklar

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев

Сурат манбаси, Ўзбекистон президенти матбуот хизмати

8 апрель куни ўтган видеоселектор мажлисда Президент Мирзиёев вилоят ҳокимларини ишдан олинишидан огоҳлантирган.

Давлат раҳбари ўзгаришлар қилиши учун ҳокимларга уч ой муҳлат берган.

У вилоят ҳокимларини ўз қўл остидаги амалдорларга нисбатан қаттиқ турмаслик, уларни ишлата олмасликда танқид қилган.

Шунингдек, президент кичик бизнес ривожига етарли эътибор бермаётганини таъкидлаб, Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Мирзаев ва Навоий вилояти ҳокими Қобил Турсуновга ҳайфсан берган.

Йиғилишда бир неча ҳоким ўринбосарлари ва сектор раҳбарлари ишдан олинган.

Қашқадарё ва Навоий вилоятлари ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари лавозимидан озод этилган мансабдорлар қаторида бўлган.

Мирзиёев ишдан олинган раҳбарлар бирор жойда ишламаслиги лозимлигини таъкидлаган.

Президент ишдан ҳайдалганларни сиёсатга хиёнат қилишда айблаган.

"Ишдан олинганлар ишлаган даври учун ҳамма ойлигини давлатга топширсин. Телевизорда расмини чиқариб, «хиёнатчи» деб бериш керак. Халқ буларнинг кимлигини, сиёсатга қарши эканлигини билиши керак", дея президент сўзларидан иқтибос келтирган Kun.uz нашри.

"Митинг"га чиққан қўйлар

Сурат манбаси, Social media

Ҳокимликка қўй ҳайдаб келган фуқароларга чора кўрилмайди.

Нуробод ҳокимлиги расмийлари ижтимоий тармоқда шов-шувга сабаб бўлган воқеа юзасидан шундай баёнот берганлар.

6 апрель куни яйловлар олиб қўйилганидан норози фуқаролар Самарқанд вилояти Нуробод тумани ҳокимлиги биноси атрофига мингдан зиёд қўйни ҳайдаб келгани тўғрисида хабарлар тарқалган эди.

8 апрель куни ўтган брифингда эса туман ҳокими Фахриддин Зойиров ушбу ҳолатнинг асл сабабларини изоҳлаб ўтган.

Унинг сўзларига кўра, асосан чорвачиликка ихтисослашган Нуробод туманидаги 350 минг гектарга яқин яйлов ерлари икки кластер корхонасига ажратиб берилган ва, эндиликда, аҳоли ҳамда фермер хўжаликлари яйловлардан фойдаланиш масаласида мазкур кластер корхоналари билан шартнома асосида ишлашлари талаб этилади.

Маълум қилинишича, тумандаги фермер хўжаликларидан бири кластер корхонаси билан шартнома асосида 1500 бошга яқин қўй боқиш учун ер ижарага олган.

Аммо фермер ўзи учун ажратилган ерга кўрсатилганидан кўп миқдорда қўй олиб келиб боққан ва бу чорва моллари аҳоли яйлов сифатида фойдаланиб келаётган ерларга кириб кетиши мумкинлиги сабабли фуқаролар норозилик ўлароқ ана шу қўй сурувини ҳокимлик биноси олдига ҳайдаб келган.

Туман сектор раҳбарлари аҳоли ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилгани ҳамда фермернинг ортиқча чорваси бу ердан чиқариб юборилганини маълум қилганлар.

Шунингдек, брифингда қўйлар ҳеч нарсага зиён етказмагани ва бу йўл билан норозилик билдирган фуқароларга чора кўрилмаслиги ҳам тилга олинган.

Тўхтаб қолган поезд

Сурат манбаси, ,

Пойтахт метросининг Сергели йўналишидаги поездлар қатнови соатлар ичида қайта тиклангани хабар қилинган.

8 апрель куни ерусти метросида ҳаракатланаётган поезд ярим йўлда тўхтаб қолиб, одамлар яқин бекатга қадар пиёда боришга мажбур бўлган эди.

Тошкент метрополитенининг маълум қилишича, ҳолатга контакт рельсининг кронштейни ушлаб туриш қурилмаларидан чиқиб кетиши сабаб бўлган.

Воқеа юзасидан хизмат текшируви давом этаётгани, сабаблар ўрганилаётгани қўшимча қилинган.

Ўтган ойда ҳам ерости метро бекатидан ишга тушганига энди уч ой бўлган Сергели йўналиши томон кетаётган поезд техник сабаб туфайли тўхтаб қолган ва ортда келаётган таркиб унга бориб урилган эди.

Илк антирекорд

Сурат манбаси, Gazeta.uz

Ўзбекистонда коронавирус ҳолатлари бўйича йил бошидан бери илк антирекорд кузатилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 8 апрель куни мамлакатда коронавирус юқтириб олганлар сони жорий йилда биринчи бор 200 нафардан ошганини хабар қилган.

Шу куни 207 нафар коронавирус бемори аниқланган ва касалланганларнинг умумий сони 85 минг нафарга яқинлашган.

Ўзбекистонда аҳолини коронавирусга қарши оммавий эмлаш ишлари 1 апрелда бошланган эди.

8 апрель ҳолатига кўра, эмланганлар сони 83 минг нафардан ошган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek