Дайжест: Ўзбекистонда сайлов кампаниясига старт, Афғонистонда ҳаво ҳужуми, Россияда қамалган ўзбекистонликлар O‘zbekiston, Rossiya, musulmonlar, yangiliklar

Ўзбекистон Марказий Сайлов комиссияси

Сурат манбаси, Gazeta.uz

  • Ўзбекистонда Президент сайлови кампанияси старт берилди;
  • АҚШ Толибон мавқеъларига зарба берди;
  • Абхазиядан 3 мингтача мигрант чиқа олмаяпти;

Тайёргарлик бошланган

Ўзбекистонда Президент сайлови кампанияси старт берилди.

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низомхўжаев сайлов кампанияси 23 июлдан бошланишини эълон қилди.

23 июль куни Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги йиғилишида қабул қилинган тегишли қарорга кўра, Ўзбекистонда президентлик сайловлари жорий йилнинг 24 октябрь куни бўлиб ўтади.

Мазкур сайловларда Ўзбекистондаги 5 та партия - ЎзЛиДеП, ХДП, "Адолат" СДП, "Миллий тикланиш" ДП ва Ўзбекистон Экологик партияси ўз номзодини илгари суриш ҳуқуқига эга.

Ўзбекистон Президенти матбуот котиби Шерзод Асадов сайловга тайёргарлик жараёни аллақачон бошланганини билдириб, жараёнга оид маълумотларни очиқлаган эди.

АҚШ ҳаво зарбаси

Сурат манбаси, Getty Images/illyustrativsurat

Афғонистонлик масъулларнинг маълум қилишларича, АҚШ ҳарбийлари кечаётган хафтада Толибоннинг мавқеъларига ҳаводан зарба беришган.

АҚШ қирувчи самолётлари толибларни нишонга олган вилоятлар орасида Афғонистоннинг стратегик жиҳатдан муҳим ва ўз вақтида Толибоннинг таянч нуқтаси саналган Жанубий Қандаҳорнинг ҳам борлиги айтилмоқда.

Янгилик Толибон бутун Афғонистон бўйлаб ўз ҳужумларини шиддатлаштираётган бир пайтга тўғри келган.

Сўнгги ҳаво ҳужумлари АҚШ бундан кейин ҳам четдан туриб бўлса-да, афғон кучларини дастаклаш мақсадида эканига далолат қилиши айтилмоқда.

АҚШ ҳарбийлари бундан аввал 31 августгача ўзларининг Афғонистондан чиқиб кетишларини айтишган.

Абхазиядан 3 мингтача мигрант чиқа олмаяпти

Сурат манбаси, official

Абхазияда Россияга киритилган коронавирус чекловлари туфайли ўз ватанига қайта олмаётган 3 мингга яқин меҳнат муҳожирлари бор. Бу ҳақда Абхазия Бош вазири Александр Анкваб билан учрашув чоғида Республика давлат миграция хизмати (ДМХ) раҳбари Рамин Габлая маълум қилди, деб хабар беради "Интерфакс".

Миграция хизмати раҳбарига кўра, бу меҳнат муҳожирлари Абхазияга асосан Ўзбекистон ва Тожикистондан келишган.

Шунингдек, Габлая Абхазия ҳудудида "Б, C гепатити ва, айниқса, ОИВ инфекцияси ташхиси қўйилган ҳолда" хорижий фуқаролар учун меҳнат фаолиятини чеклаш имкониятларини кўриб чиқишни таклиф қилди.

Миграция хизмати раҳбарининг таъкидлашича, Абхазия судлари томонидан чет элликларни чиқариб юбориш фақат маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этган тақдирда белгиланади. Ҳозирги вазият эса ушбу амалиётни имконсиз қилмоқда.

Қўзғолончи мигрантлар қамоққа ҳукм қилинди

Сурат манбаси, Social media

Амур Газни қайта ишлаш заводи қурилишида ўтган йилги анчайин шов-шув бўлган мигрантлар қўзғолони бўйича суд иши якунланди.

Амур Тергов қўмитаси расмий сайти тартибсизликлар иштирокчиларига қамоқ муддатларини тайинланганини маълум қилди.

Оммавий тартибсизликда фаол иштирок этган олти нафар чет эл фуқароси бир ярим йилга озодликдан маҳрум қилинган, яна уч кишининг бир йил етти ойга колонияда жазо ўташи белгиланган.

Тергов Қўмитаси матбуот хизматининг хабар беришича, жазо муддати тугагандан сўнг, мигрантларни Россиядан чиқариб юбориш масаласи ҳал қилинади.

Тартибсизликнинг бошқа фаол иштирокчиларига нисбатан жиноят ишлари судда кўриб чиқилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг 13 июлида ўзбекистонлик ишчилар газни қайта ишлаш заводи қураётган "Газпром" пудратчиси Renaissance Heavy Industries офисида оммавий тартибсизлик намойиш этишганди.

Унда 300 га яқин ишчи мебель ва маиший техникаларни синдириб ташлаган. Мигрантлар норозилигининг сабаби меҳнат патент учун тўловларнинг тўламаганлигида, дея маълумот берилганди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek