Россия Ўзбекистон, Марказий Осиёда нимани кўзламоқда? Афғонистон, хавфсизлик ва геосиёсат - Толибон O'zbekiston Rossiya dunyo yangiliklar

Россия, Хитой ва Ўзбекистон президентлари

Сурат манбаси, official

Афғонистондаги кескинлашаётган вазият манзарасида Россия нега Ўзбекистон ва Тожикистонга бунча ёрдам бермоқчи? Расмий Москванинг сўнгги пайтлардаги устма-уст ваъда, баёнот ва режалари худди шу каби саволларни пайдо қилмай қўймаган. Россия Марказий Осиёда нималарни кўзламоқда? Минтақада яна Россиянинг таъсири кучаядими?

Россия Тожикистондаги ҳарбий базасини янада кучайтирмоқчи, қўшимча ҳарбий техника ташламоқчи.

Агар Афғонистондаги вазият тақозо этса, унинг имкониятларини ҳам ишга солмоқчи.

Афғонистон билан чегарасини мустаҳкамлашда Тожикистонга кўмаклашмоқчи.

Энди маълум бўлишича, агар сўраса, бу масалада Тошкентга ҳам ёрдам бермоқчи.

Янги таклиф

Сурат манбаси, GettyImages/Mikhail Svetlov

Бу гал Россия Ташқи ишлар вазирининг муовини Афғонистон шимоли "янги қайноқ нуқта"га айланаётгани даъвоси билан чиққан.

Андрей Руденко, "Толиблар амалда Тожикистон билан чегарани тўлиқ назорат қилишаётгани, кўп сонли халқаро террористик ташкилотлар, жумладан, ИШИД ва ал-Қоида яна ўз мавқеъларини мустаҳкамлаётгани"ни айтган.

"Бу каби ташкилотлар сафига Марказий осиёликларни ёллаш фаол босқичда экани ва гиёҳванд моддалар ишлаб чиқариш рекорд даражага етгани"ни иддао қилган.

У ҳам, "Содир бўлаётган бу воқеалар Марказий Осиё давлатларига тўғридан-тўғри таҳдид" эканини таъкидлаган.

Россия расмийсининг бу сўзларидан иқтибосни Россиянинг Новости ахборот агентлиги келтириб ўтган.

Хабарларга кўра, Андрей Руденко Афғонистон борасида "Россия Ўзбекистон билан фаол мулоқотда экани ва сўраса, уларга ҳам ёрдам беришга тайёр эканликлари"ни билдирган.

(Аммо айнан қандай кўмакни назарда тутаётгани тафсилотларига тўхталмаган -таҳр.).

Шундай деркан, Россия Ташқи ишлар вазири муовини Ўзбекистон "ўзларининг иттифоқчилари ва стратегик ҳамкорлари" эканига алоҳида тўхталиб ўтгани кўрилган.

Шу кунларда бўй кўрсатган бу хабарларга расмий Тошкентнинг муносабати ҳозирча маълум эмас.

Ўзбекистон, бошқа томондан, аксарият Марказий Осиё давлатларидан фарқли тарзда Россия шамсияси остидаги Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига ҳам кирмайди.

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров эса, бугун, жума куни "Афғонистондаги ҳеч ким бу ташкилотга қарши тажовуз қилишга журъат этмайди, деган умидда эканликлари"ни ҳам баён қилган.

Афғонистон Толибон ҳаракати сиёсий қанотининг юқори мартабали ҳайъати куни-кеча Москвага қилган амалий ташрифи чоғида расмий Кремлни Марказий Осиё чегараларини бузиш ниятлари йўқлигига ишонтиргани ҳақида айнан Россия Ташқи ишлар вазирлигининг ўзи хабар берган.

Айрим минтақавий сиёсий таҳлилчилар расмий Кремлнинг сўнгги йилларда империалистик амбицияларини қанчалик кучайтирганини назарда тутаркан, қудрат алмашинувини фурсат билиб, Ўзбекистонни ҳам йирик геосиёсий лойиҳалари орқали ўзининг сиёсий орбитасига тортиш ҳаракатида эканини айтишади.

Орада россиялик баъзи юқори мартабали мулозимлар Ўзбекистоннинг яна Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига қайтишига умид қилаётганликларини ошкора баён қилишгани ҳам кўзга ташланган.

Мустақил Ўзбекистонни чорак асрдан ортироқ вақт давомида бошқарган ҳозирда марҳум президенти Ислом Каримов эса, халқаро доираларда ўзининг қудратларга нисбатан беқарор, дихотомик ташқи сиёсати билан танилган бўлган.

Афғонистон, хавфсизлик ва геосиёсат

Сурат манбаси, Reuters

Россия баробарида 20 йиллик ҳарбий ҳозирлиги ортидан бу йил Афғонистонни буткул тарк этаётган АҚШ ва яна Хитой ҳам минтақадаги энг йирик геосиёсий ўйинчи ва ядровий қудратлар саналишади.

Дунёнинг энг йирик иккита иқтисодий ва ҳарбий қудратидан биттаси сифатида эътироф этилувчи Хитой эса, аксарият Марказий Осиё давлатларининг энг йирик кредитори ва сармоячиси ҳам бўлади.

Хитой яна худди аксарият Марказий Осиё давлатлари мисолида бўлгани каби минтақанинг Афғонистонга бевосита чегарадош яна бир мамлакати ҳисобланади.

Минтақа хавфсизлиги ва йирик террорчи ташкилотлар таҳдиди бу икки йирик қудратнинг ҳам бирдек хавотирларига сабаб бўлиб келади, диққат-эътиборларидаги энг муҳим масалалардан бири экани кўрилади.

Россия яна Афғонистондаги кескинлашаётган вазият изоҳи билан келаси ой Тожикистон ва Ўзбекистон билан йирик қўшма ҳарбий машғулотлар ҳам ўтказмоқчи.

Аммо Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазиятнинг жиддий ёмонлашаётгани айтилаётган фонда бу икки давлатдан ҳеч бирининг унга бевосита чегарадош Марказий Осиё давлатларига бу қадар огоҳлик ва устма-уст ёрдам ваъдалари билан чиқишаётгани кўрилмайди.

АҚШ томонининг Афғонистонда ўзининг чегараоша ҳарбий амалиётларини давом эттириш учун Ўзбекистон, Тожикистон ва Қозоғистонга ҳарбий база масаласида мурожаат қилганига оид хабарлар эса, расмий Тошкент, Нур-Султон ва Душанбе томонидан ҳалича ўзининг ижобий жавобини топмаган.

Аксинча, яна Россия уларнинг ўрнига расмий Вашингтонга ўзининг Тожикистон ва Қирғизистондаги ҳарбий базаларини фойдаланиш учун таклиф этганига оид хабарлар ўртага чиққан.

Сўнгги хорижий иттифоқ қўшинлари ҳам чиқиб кетишга киришишаркан, ўтган бир неча ҳафтанинг ўзидаёқ Толибон аввалига айнан Афғонистоннинг Марказий Осиёга бевосита чегарадош катта ҳудудини қўлга киритган, деярли барча туманларини эгаллаган.

Икки ўртадаги муҳим назорат-ўтиш нуқталари, савдо-транзит йўллари ва халқаро аҳамиятга молик айрим йирик портларни ҳам босиб олган.

Ҳаракат жорий пайтда Афғонистоннинг 85 фоиз ҳудуди ўз қўлларида эканини иддао қилади.

Аммо Афғонистон ҳукумати бу Толибоннинг куч-қудрати натижаси эканини тан олмаган.

Асосий эътиборларини йирик шаҳарлар ва стратегик жиҳатдан муҳим объектлар ҳимоясига қаратиш учун уларни "режаларига мувофиқ" ўзлари ташлаб чиқишганини айтган.

Бунга қўшимча, тез орада Толибоннинг "белини синдиришлари"ни ҳам баён қилган, бир неча ойлик режалари борлигини таъкидлаган.

Расмий Кобулнинг айни мазмундаги устма-уст баёнот ва даъволарига ҳаракатнинг муносабати маълум эмас.

Толибон вакиллари, бошқа томондан, яқинда Теҳрон ва Москвада экан, ўзларининг "Афғонистонни қуролли йўл билан олиш истаклари йўқлиги"ни айтишгани ҳам хабарларда бўй кўрсатган.

31 августга қолмай Афғонистонни тарк этишларини айтган АҚШ ҳарбийлари эса, жорий ҳафтада яна Толибоннинг мавқеъларига ҳаводан зарба беришган.

Ўз хатти-ҳаракатлари билан камида сентябргача Афғонистонни четдан бўлса-да, ҳарбий йўл билан дастаклаб туришларига амалда жиддий ишора қилишган.

Айнан Россия Марказий Осиё давлатларининг энг йирик ҳарбий ва ҳарбий техник ҳамкори саналади.

Қолган қудратлардан фарқли тарзда, Россия Марказий Осиёда ўзининг энг кўп ҳарбий иншоотлари ва четдаги энг йирик ҳарбий базасига эга давлат бўлади.

АҚШ ҳарбийлари ва Нато бошчилигидаги иттифоқ кучларининг Афғонистонни тарк этиши Марказий ва Жанубий Осиё атрофидаги мавжуд геосиёсий курашни янада кучайтиришига оид жиддий хавотирлар бор.

Россия томонининг худди шу манзарада одатдагисидан ҳам кўра кўпроқ янграётган огоҳлик мазмунидаги устма-уст баёнот ва ваъдалари эса, ҳозир аксарият минтақавий таҳлилчиларнинг диққат-эътиборини ўзига тортган воқеъликка айланган.

Буларнинг барчаси Марказий Осиё ҳарбийлашувининг кучайишига олиб келишига оид фаразларни ҳам пайдо қилган.

Бугунги Афғонистон ва Толибон омили Россиянинг Марказий Осиёдаги йирик геосиёсий амбициялари ижроси йўлидаги энг қулай ва имконли воситага айланаётганлиги ҳақидаги таҳлил ва талқинларга йўл очган.

Россия Марказий Осиёда нимани кўзламоқда?

Сурат манбаси, facebook

Камолиддин Раббимов

Сиёсий таҳлилчи, Ўзбекистон-Франция

"Агар Россия Федерациясининг Марказий Осиёга йўналтирилган ахборот сиёсатига эътибор берилса, расмий Москва ҳар доим "жанубдан келадиган таҳдид"ни алоҳида урғулаб, бўрттиришга мойиллик кўрсатиб келган.

Бу борада бир қанча таркибий қисмдан иборат, лекин айни пайтда анча зиддиятли ахборот сиёсатини амалга ошириб келади.

Мисол учун, Москва Толибон ҳаракати билан доимий мулоқотлар олиб боради, улар билан контактларини яширмайди. Айни пайтда бу ҳаракатни расман "террористик", деб атайди, ҳаракат номи тилга олинганда, қонунчилик доирасида "Россияда тақиқланган террористик гуруҳ", деб қўшиб қўйиш талаб қилинади.

Расмий Москванинг Толибон ҳаракати билан мулоқотлари, яширинча ёки ошкора ҳамкорлиги фақат геосиёсий мақсадларни кўзлайди.

Ички сиёсатда эса, Кремль ҳар доим ҳар қандай исломий гуруҳлар билан ашаддий курашиш сиёсатини амалга ошириб келмоқда.

Толиблар билан яқинликнинг асосий геосиёсий мақсади - Афғонистондан АҚШ бошчилигидаги НАТО коалициясининг тезроқ чиқиб кетишига эришиш эди. Москвани Афғонистонда тўлиқ тинчлик ўрнатилиб, янги давлатчилик шакллантирилгач, бу давлатда ва минтақада АҚШ узоқ муддат қолиб кетиши қўрқитиб келган.

Бугунги Кремль ташқи сиёсатни асосан геосиёсий, кейинги ўринда эса, геоиқтисодий категорияларда ўлчайди. Постсовет ҳудудини Москва "яқин хориж" деб номлаб, ўзининг тарихий-сиёсий иддаоларини расмийлаштиради.

Айниқса, Болтиқбўйи республикалари НАТОга аъзо бўлгач, Украина ва Грузия ҳам бу иттифоқ сари интилишларини парваришлаб борар экан, улкан Марказий Осиё ҳудуди Россия Федерацияси учун ўз геосиёсий амбициялари ва лойиҳаларини амалга оширишда асосий ҳудуд сифатида кўрилади.

Бугун Москва Марказий Осиё минтақаси устидан ўз геосиёсий ва геоиқтисодий назоратини ўрнатиш мақсадида асосан икки йирик интеграцион лойиҳа орқали босим қилмоқда.

Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти (ОДКБ) орқали Москва бутун Марказий Осиё устидан ҳарбий-сиёсий назорат ўрнатишни истайди.

Евросиё Иқтисодий Иттифоқи орқали эса, Кремль минтақа давлатларининг иқтисодий имкониятларини назорат қилишга интилади.

Бу ҳарбий блокнинг Кремль истаётган минтақани тўлиқ назорат қилиш борасидаги асосий нуқсони - унга минтақанинг асосий марказий давлати Ўзбекистоннинг аъзо эмаслиги.

Лекин Россия ноумид эмас ва Ўзбекистонни бу ташкилотга аъзо қилиш учун ҳар қандай сиёсий технологиялардан, геосиёсий манёврлардан фойдаланишга мойил.

Жумладан, Толибон ёки ИШИД таҳдиди Марказий Осиёни, хусусан, Ўзбекистонни ўз ҳарбий блоки бўлмиш КХШТга аъзо қилиш йўлида маълум восита сифатида кўрилади.

Ўзбекистон эса, бир томондан толиблар билан бевосита мулоқотлар ўтказмоқда - бу Россиянинг манфаатларига тўлиқ тўғри келавермайди.

Қолаверса, Ўзбекистон қонунчилик даражасида ҳарбий блокларга аъзо бўлишни ўзи учун тақиқлаб қўйди. Бу ҳолат ҳам Россиянинг ғашига тегади.

Тожикистон ўз олдига Россиядан геосиёсий мустақил бўлишни мақсад қилиб қўймайди. 27 йилдан бери Тожикистон ҳокимиятида қолаётган Эмомали Раҳмон учун геосиёсий мустақиллик ва геоиқтисодий мувозанат бугунги Ўзбекистон каби долзарб эмас.

Шу сабаб, Россия билан ҳарбий, иқтисодий ҳамкорликни парваришлашни Душанбе ўз хавфсизлигини таъминлаш воситаси сифатида кўради.

Айтиш керакки, бугунги Марказий Осиёдаги Афғонистондаги вазият, Толибон ёки ИШИД таҳдиди борасидаги тасаввурлар 90чи, 2000- йиллардагидан жиддий фарқ қилади.

Бугун минтақа сиёсатчилари, экспертлари яхши тушунадики, Афғонистондаги Толибон ва ИШИДнинг таҳдиди ташқи дунёга чиқиб кетиши имкониятлари жуда чекланган.

На толибларда, на ИШИДда Марказий Осиёга реал таҳдид қилиш борасида етарли ресурслар ҳам, кучли сиёсий ирода ҳам мавжуд эмас.

Толибларнинг ягона мақсади - Афғонистон ҳокимиятини қайта қўлга киритиш ва ушлаб қолиш ҳисобланиб, улар бу ишни амалга ошириш учун барча томонлар билан келишувга рози.

Афғонистондаги ИШИД гуруҳи сон ва салоҳият жиҳатдан анча маргинал гуруҳ бўлиб, уларнинг асосий мақсади - ушбу давлатдаги вазиятни чайқаш орқали ўзининг борлигини эслатиб туриш.

Мана шу фонда Россия Марказий Осиёни қанчалик ҳарбий-сиёсий лойиҳалари орқали ўз назоратига олишга интилмасин, минтақа давлатларини бошқа геосиёсий векторлар билан ҳамкорлигига чек қўя олмайди.

Жумладан, Марказий Осиё минтақасини Москва иштирокидаги ҳарбийлашувига имконият бермайди. Сабаби, минтақа давлатлари Москва билан чекланган ҳамкорлик тарафдори бўлиб қолаверишади.

Айниқса, Ўзбекистон, Қозоғистон ўзларининг геосиёсий мустақиллигини алоҳида қадрлаш йўлидан чекинмайди.

АҚШ Афғонистондан чиқиб кетар экан, Россиянинг узоқ йиллар қилган орзуси қисман ушалди.

Лекин, шунинг билан бирга, Москванинг Афғонистондаги хавфсизлик ва барқарорлик борасидаги масъулияти ошди. Сабаби, шу пайтгача Москва Афғонистондан АҚШ чиқиб кетишини талаб қилиб келди.

Владимир Путин ва Сергей Лавровлар, муттасил равишда, "АҚШ ва НАТО Афғонистондаги асосий миссиясини бажариб бўлишди, энди чиқиб кетиши керак", деган позицияни такрорлаб келишди.

Жумладан, Афғонистондан АҚШ чиқиб кетишини тезлаштириш мақсадида ўзи изчил равишда рад этиб келса-да, Кремль Толибон ҳаракати билан норасмий "иттифоқ" ҳам тузди.

Бугун, АҚШ Афғонистондан тез суръатларда чиқиб кетар экан, бамисоли вазият Россия раҳбариятига "мана, АҚШ Афғонистондан чиқиб кетмоқда. Сиз толиблар билан шунга эришдингиз. Хўш, энди нима қиласиз, Афғонистонда хавфсизлик ва барқарорлик борасида режангиз борми?" деб савол бераётгандек.

Кейинги йиллар Афғонистонни яна мураккаб ва зиддиятли вазият кутади.

Толибларнинг ҳокимиятга келиши, ҳаракат раҳбарлари ҳокимиятни бунга қанчалик интилишмасин, силлиқ амалга ошмайди. Инсоний талафотлар кўп бўлиш хавфи юқори.

Афғонистондаги зўриқишлар, табиий равишда, Марказий Осиё ижтимоий фикрига, кайфиятига жиддий таъсир қилади.

Шундай бўлса-да, минтақа пойтахтлари вазиятни совуққонлик билан баҳолашда давом этишади.

Россия билан ҳарбий-ўқув машқлари ўтказилиши Ўзбекистон учун фақат икки тарафлама ҳамкорлик сифатида қолаверади. Яъни, Ўзбекистон КХШТ блокига қайта аъзо бўлишдан бош тортаверади.

Афғонистондан АҚШнинг чиқиб кетиши фонида Москванинг минтақа давлатларига йўллаётган яна бир талаби: "ҳеч ким ўз ҳудудида АҚШ ҳарбий базасини жойлаштирмаслиги керак". Лекин минтақа давлатлари учун ҳам геосиёсий мувозанат, вазминлик ва хотиржамлик ўта муҳим.

Яъни, минтақа давлатларини барчаси яхши тушунадики, айнан геосиёсий ва геостратегик Ғарбга яқинлашувни Москва ўз тарихий манфаатларига таҳдид ва душманлик деб билади.

Бундай ҳолатларда Кремль нақадар хавфли бўлишини минтақа давлатлари Грузия, Украина мисолида яхши тушунишади.

Шу сабаб, минтақа давлатлари АҚШ ва коллектив Ғарб билан ҳамкорликни парваришлаб боришдан манфаатдор бўлишса-да, АҚШ ҳарбий базалари учун ўз ҳудудидан жой бериш каби Москвани ашаддий қадамларга, провокация қилиш даражасига боришмайди.

Хулоса қилиш мумкинки, Афғонистондаги зўриқишлар фонида Марказий Осиё давлатларининг хавфсизлик борасидаги Россия Федерацияси билан ҳамкорликлари бироз кучайиши мумкин.

Лекин бугунги ҳолатда бу ҳамкорлик, минтақа давлатларининг геосиёсий ориентирларини Москва фойдасига қайта кўриб чиқишни тақозо қилмайди.

Минтақа давлатлари шу пайтгача шаклланган "кўпвекторли" геосиёсий йўналишда давом этаверишади".

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek