Ўзбекистон ва Шимолий Афғонистон: Толибон энди Мозори Шарифни олмоқчи, шаҳарга яқинлашмоқда Afg‘oniston, O‘zbekiston, Tolibon, dunyo, yangiliklar

  • Феруза Раҳмон
  • Би-би-си Ўзбек хизмати, Лондон
Балхдаги жанглар

Сурат манбаси, official

Сурат тагсўзи,

Бу Толибоннинг сўнгги икки ой ичида Мозори Шарифга иккинчи бор кўз тикиши бўлади

Мозори Шариф Афғонистоннинг Ўзбекистонга чегарадош шимолий Балх вилоятининг маркази бўлади. Вилоятнинг Ўзбекистонга қўшни икки туманидан биттаси ҳануз Толибон назорати остида. Толиблар сўнгги уч кун ичида Афғонистон шимоли ва шимоли-шарқидаги тўртта йирик шаҳарни босиб олишган. Бунақаси бўлмаган.

Шибирғон, Талақон, Қундуз ва Сарипулдан кейин толиблар энди Мозори Шариф шаҳрига ҳам кўз тиккан.

Шу соатларда эса, жангарилар Афғонистоннинг яна бир шимолий вилояти - Самангон маркази Ойбекка ҳам кириб боришганига оид айрим тасдиқланмаган хабарлар олинган.

Толиблар ўтган ҳафта жума куни жанубий-ғарбий Нимрўз вилояти маркази Заранжни қўлга олишган.

Заранж ўз ҳужумларини шиддатлаштирган сўнгги икки ойдан ортиқроқ вақт ичида Толибон Афғонистонда босиб олишга муваффақ бўлган биринчи шаҳарга айланган.

Янгилик ўша соатларнинг ўзидаёқ дунё бўйлаб сарлавҳаларга чиққанди.

Воқеаларнинг сўнгги ривожи АҚШ ва Нато бошчилигидаги иттифоқ кучлари Афғонистонни деярли тарк этиб бўлган бир пайтга тўғри келмоқда.

Толибон расмий Вашингтон билан имзолашга муваффақ бўлган "тарихий" битим шартларига мувофиқ, Афғонистонда қолаётган сўнгги хорижий қўшинлар ҳам шу йил май ойидан бошлаб мамлакатни деярли буткул тарк этишга киришишган.

Сурат манбаси, official

Афғонистоннинг аксарияти Марказий Осиёга бевосита чегарадош шимоли ва шимоли-шарқи эса, мамлакатнинг Толибон худди шу вақт оралиғида деярли тўлиғича босиб олишга муваффақ бўлган илк минтақаларига айланган.

Толибон аксарият туманларини эгаллаб олиши ортидан, бу ердаги вилоятлар марказларини қуршаб олган, узоқ ва яқиндан ҳужумга тутишни бошлаган, Шибирғон ва Мозори Шариф дарвозаларига яқинлашишга ҳам уринган, аммо ҳар гал афғон хавфсизлик кучлари уларнинг ҳужумларини қайтаришга муваффақ бўлишган.

Афғонистон ҳукумати эса, буларнинг ҳеч бирини Толибоннинг ютуғига йўймаган, орада айнан йирик шаҳарлар ҳимоясини таъминлаш учун бу туманлар кўпчилигини ўзларини ташлаб чиққанликларини расман баён қилганди.

Бунинг ортидан, бир неча ойлик режалари борлиги, тез орада "Толибоннинг белини синдиришлари"ни ҳам таъкидлаганди.

Сурат манбаси, official

Толибон туманлар ортидан сўнгги ҳафталарда ўз эътиборини Афғонистоннинг йирик шаҳарларига қаратаркан, уларнинг ҳимоясига АҚШ ҳарбийлари қўшилишган, мамлакат ташқарисидан туриб бўлса-да, жангарилар мавқеъларига ҳаводан туриб зарба беришни бошлашган.

Толибон эса, худди шу манзарада Афғонистон шимоли ва шимоли-шарқидаги қатор йирик шаҳарларни устма-уст босиб олишга киришган.

Шимол ва шимол-шарқ эса, Афғонистоннинг Толибон 90-йиллар охирида, Исломий Амирлигига асос солмасидан аввал энг сўнггида қўлга киритишга муваффақ бўлган минтақалари бўлади.

Афғонистон шимоли ва шимоли-шарқидаги воқеаларнинг сўнгги ривожига унга чегарадош Марказий Осиё давлатларининг бирор бир муносабати ҳозирча имконли эмас.

Аммо Толибоннинг устма-уст ютуғи Россия, Ўзбекистон ва Тожикистоннинг Афғонистон билан чегара яқинида бу яқин йилларда кузатилмаган йирик қўшма ҳарбий машғулотлари бўлиб ўтаётган бир пайтга тўғри келган.

Афғонистоннинг муваққат Мудофаа вазири эса, вилоятдаги хавфсизлик билан боғлиқ вазиятни яқиндан ўрганиш учун ўтган ой охирида Балхда бўлиб қайтганди.

Сурат манбаси, official

Мозори Шарифга ҳужум

Минтақадаги мухбирларимизга кўра, шимолий Балх вилояти марказига қарши ҳужум бошлашларини бугун, маҳаллий вақт билан тонгги соатларда эълон қилган.

Ҳужумларини Мозори Шарифга яқин Деҳдодий туманидаги муҳим саноат мавзеъси Кот-и-Барқ ва унга яқин Афғонистон Қуролли кучлари бўлинмаси жойлашган Имом Букри минтақасидан бошлаган.

Кот-и-Барқ шаҳардан бор-йўғи 20 чақиримча узоқликда жойлашган минтақа бўлади.

Ҳозир Афғонистон Мудофаа вазирлиги ердаги аскарларига ҳаводан ҳам дастак бераётгани айтилади.

Тумандагиларнинг жанглардан қочиб, айнан Мозори Шариф шаҳрига йўл солишаётганига оид хабарлар бор.

Минтақадаги мухбирларимизга кўра, мавжуд вазият боис, шаҳарда қўрқув, хавотир ва саросима кўзга ташланади.

Хавфсизлик чоралари ҳам кучайтирилган, кўчаларда одатдагидан кўра кўп полиция ходимлари ва танкларни ҳам кўриш мумкин, дейишмоқда улар.

Аммо, мухбирларимизга кўра, Мозори Шарифда давлат идоралари ҳануз фаолиятда, бозор, дўкон ва бошқа ерлар ҳам очиқ.

Шаҳар яқинида жойлашган Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги стратегик жиҳатдан муҳим ва халқаро аҳамиятга молик Ҳайрат порти ҳам тўлиқ ишлаб турибди.

Орада Афғонистон билан Тожикистон ва Туркманистон ўртасидаги айрим муҳим портлар, савдо, транзит йўллари ва асосий назорат-ўтиш нуқталарини босиб олган Толибон Ҳайратонга ҳам ҳужум қилган, аммо уни олишга муваффақ бўлмаганди.

Ҳайратон орқали Афғонистон импортининг ярмига яқини ўтиши айтилади, Ҳайратон кўприги Шимолий Таъминот тармоғининг энг муҳим бўғини ҳам ҳисобланган.

Мозори Шариф Афғонистоннинг пойтахт Кобулдан кейин энг кўп сондаги чет эл дипломатик ваколатхоналари, шу жумладан, Ўзбекистон консулхонаси ҳам жойлашган иккинчи шаҳри бўлади.

Минтақадаги мухбирларимизга кўра, ҳозир шаҳардаги аксарият консулликлар ёпиқ, аммо дипломатларнинг кўпчилиги ҳануз Афғонистонда ва ўз фаолиятларини чекланган тартибда амалга оширишмоқда, аммо бунинг сабабини шу пайтгача коронавирус пандемиясининг учинчи тўлқини билан изоҳлаб келишган.

Кеча, якшанба куни Толибоннинг Мозори Шариф шаҳрига эҳтимолий ҳужумидан огоҳлантириб чиққан Балх вилоятининг собиқ қудратли ҳокими Атто Муҳаммад Нур уларнинг ҳужумларини қайтаришга куч-қудратлари етиши ва бунга шай эканликларини билдирган.

Ўзбекистон ва шимолий Афғонистон

Сурат манбаси, Screenshot

Афғонистонни Ўзбекистон билан Ҳайратон (Дўстлик - таҳр.) кўприги боғлаб туради.

Ўзбекистоннинг Амударё кўприги устидан ўтувчи ва Термиздан Мозори Шарифга узанган темир йўл Афғонистонни ташқи дунё билан боғловчи иккита муҳим йўлдан биттаси сифатида кўрилади.

Туркманистонга ҳам улаш режаси баён қилинган ушбу йўл, йилларки, Афғонистондаги хорижий иттифоқ қўшинлари учун Шимолий таъминот тармоғининг энг муҳим қисми бўлиб келган.

Ўзбекистон Афғонистон билан чегарасини 21 июнь куни вақтинчалик ёпган.

Аммо ўшанда бунинг сабабини Афғонистондаги ковид билан боғлиқ кескинлашиб бораётган вазият билан изоҳлаган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги эса, ўзининг Афғонистондаги вазиятга оид 24 июнь кунги расмий баёнотида чегарадош шимолий вилоятлардаги ҳарбий-сиёсий вазиятнинг ривожланишини диққат билан кузатиб бораётганликларини билдирган.

"Ўзбекистон ҳудудига ноқонуний киришга қилинган ҳар қандай уринишлар қатъий бартараф этилиши, давлат чегарасини бузганларга эса, энг кескин чоралар кўрилиши" билан огоҳлантирган.

Бетарафликни сақлаш ва қўшни мамлакат ишларига аралашмаслик тарафдори эканлигини қатъий баён қиларкан, вазирлик ўзининг расмий баёнотида Афғонистондаги ихтилофга алоқадор барча томонларни куч ишлатишдан тийилишга ҳам чақирган.

Афғонистон шимоли ва шимоли-шарқидаги воқеаларнинг сўнгги ривожи манзарасида Би-би-си Ўзбек хизмати муносабатларини сўраб, орада Ўзбекистон Мудофаа вазирлигига ҳам мурожаат қилган.

Вазирлик сўзчиси Ўзбекистон "ўз чегаралари хавфсизлиги ва дахлсизлигини таъминлашга қудрати" етишини айтиб жавоб берганди.

Яқинда Ҳайратон шаҳарчаси масъуллари Би-би-си Ўзбек хизмати билан суҳбатларида Калдор ва Шўртепанинг толиблар Ҳайратон бандаргоҳига таҳдид солишлари мумкин бўлган ҳудудларини улардан тозалашга муваффақ бўлганликларини ҳам айтишган.

Муваққат Мудофаа вазиридан аввал вилоятдаги хавфсизлик билан боғлиқ вазиятни яқиндан ўрганиш учун Балхга шахсан Афғонистон Президенти Муҳаммад Ашраф Ғанининг ҳам сафар қилгани кўрилганди.

Афғонистон ва шимолий Балх вилояти

Сурат манбаси, courtesy

Расмий Вашингтоннинг Толибон билан ўтган йили имзолаган "тарихий" битимига мувофиқ, Афғонистонда қолаётган сўнгги хорижий иттифоқ қўшинлари ҳам жорий май ойидан бошлаб мамлакатни тарк этишга киришишган.

Бунинг ортидан Толибон Афғонистоннинг айнан Марказий Осиёга бевосита чегарадош шимолий ва шимолий-шарқий минтақаларида ўз ҳужумларини шиддатлаштирган.

Саноқли ҳафталарнинг ўзида Афғонистоннинг Ўзбекистонга бевосита чегарадош шимолий Балх вилоятидаги деярли барча туманларни ҳам босиб олган ва уларнинг ярмидан кўпроғи ҳануз толиблар назорати остида қолаётгани айтилади.

Бу Толибоннинг сўнгги икки ой ичида Мозори Шарифга иккинчи бор кўз тикиши бўлади.

Жангарилар июнь ойида ҳам Мозори Шариф шаҳрига яқинлашишга уринишган, аммо уларнинг бу ҳаракати саноқли соатларнинг ўзида Афғонистон хавфсизлик кучлари томонидан йўққа чиқарилган.

Мозори Шариф ҳимоясига мамлакат Қуролли Кучларининг айнан Балх вилоятида жойлашган шимолдаги энг йирик ҳарбий бўлинмаси томонидан қўшимча мадад кучлари ташланган ва шаҳар ҳануз уларнинг ҳимояси остида экани айтилганди.

Сурат манбаси, Reuters/Arxiv

Атрофида ҳануз ҳозирликлари борликлари айтилса-да, Мозори Шариф Афғонистоннинг аксарият шимолий вилоятлари марказларидан фарқли тарзда ҳалича толибларнинг тўғридан-тўғри ҳужуми нишонига айланмаганди.

Толибон шаҳарни илк ва сўнгги бор Афғонистонда ўзининг Исломий Амирлигини эълон қилган 90-йиллар бошларидагина босиб олишга муваффақ бўлган.

Мозори Шариф Афғонистоннинг учинчи йирик шаҳри бўлади ва мамлакатнинг стратегик жиҳатдан энг муҳим шаҳарларидан бири саналади.

Шаҳар Афғонистоннинг шимолий дарвозаси сифатида кўриб келинади.

Афғонистон импортининг ярми ўтиши айтилувчи ва Шимолий Таъминот Тармоғининг энг муҳим узви сифатида кўрилувчи Ҳайратон кўприги ва порти ҳам айнан Мозори Шариф яқинида жойлашган.

Ҳайратон Туркманистонга бевосита чегарадош шимолий Фарёб вилоятида жойлашган Оқина билан бирга Афғонистоннинг ҳозирча Толибон қўлига ўтмаган бешта йирик портидан иккитаси ҳам бўлади.

Порт Афғонистоннинг энг йирик ва муҳим даромад манбаларидан бири экани айтилади.

Сурат манбаси, official

Муҳаммад Ашраф Ғанининг ҳам Мозори Шарифга 13 июль кунги кутилмаган ташриф мамлакат шимолидаги аксарият туманлар ҳамон толиблар назорати остида бўлган бир пайтга тўғри келган.

Ўшанда Афғонистон раҳбарининг ташрифидан ҳам асосий мақсад Мозори Шарифдаги мавжуд вазият билан яқиндан танишиш экани айтилган.

Матбуот хизмати Муҳаммад Ашраф Ғанининг ўз ташрифи давомида маҳаллий сиёсий ва жиҳодий етакчилар билан ҳам учрашиш ниятида эканини билдирганди.

Балх катта сондаги хорижий иттифоқ қўшинлари Афғонистонни тарк этган 2014 йилга қадар мамлакатнинг нисбатан тинч ва обод вилоятларидан бири сифатида кўриб келинган.

Аммо бунинг ортидан Балхнинг ҳам хавфсизлик билан боғлиқ вазияти жиддий издан чиққан, вилоят Афғонистон тарихидаги энг қонли ҳужумларга ҳам саҳна бўлган.

Толибларнинг сўнгги ютуқлари манзарасида Балхнинг собиқ қудратли ҳокими, Афғонистон шимолидаги катта таъсирга эга сиёсатчилардан бири бўлган генерал Атто Муҳаммад Нур маршал Абдулрашид Дўстумга ҳам уларга қарши бирлашиш таклифи билан чиққан.

Июнь ойида, четда даволаниб қайтиши билан ўзининг қуролли тарафдорлари ва Афғонистон хавфсизлик кучлари билан бирга Балхнинг Ўзбекистонга бевосита чегарадош икки туманини толиблардан тозалаш учун қатор ҳарбий амалиётларга ҳам қул урган. Аммо бунга муваффақ бўлмаганди.

Минтақадаги мухбирларимизнинг айтишларича, Афғонистон Мудофаа, Ички ишлар вазирлари ва мамлакат Қуролли кучлари Бош қўмондони алмашиши ортидан, афғон хавфсизлик кучлари мамлакат шимоли ва шимоли-шарқида фақат саноқли туманлар назоратинигина яна ўз қўлларига қайтариб олишган, холос.

Бунгача Афғонистон ҳукумати ўзининг уруш стратегияси, мамлакат шимоли ва шимоли-шарқидаги вазиятга эътибори ва кадрлар танловидаги қарори учун жиддий танқидлар остида қолиб келган.

Афғонистон президенти ўтган ой охирида мамлакат Мудофаа, Ички ишлар вазири ва Қуролли кучлари Бош қўмондонини янгилаган.

Амалдагиларининг ўрнига вақтинча вазифа бажарувчи қилиб янги шахсларни тайинлаган.

Сурат манбаси, Getty Images/arxiv

Айнан Афғонистон шимолидаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият сабаб, мамлакат раҳбарияти ўзининг уруш стратегияси ва масъул лавозимларга кадрлар танлаш борасидаги қарори юзасидан кескин танқидлар остида қолган.

Бу каби танқидлар устма-уст Афғонистон парламентидан ҳам янграган.

Депутатлар афғон ҳукуматини мамлакат шимолидаги вазиятга беэътиборликда ҳам айблашган.

Ўзининг янги тайинловларини эълон қилган чиқишида Афғонистон президенти Муҳаммад Ашраф Ғани толибларни огоҳлантирган.

"Агар Толибон душманлик истаса, бунга жиддий жавоб беришлари"ни айтган.

Аммо расмийларнинг яқинда қилган чиқишларига таянилса, Афғонистон ҳарбийлари сўнгги ҳафталарда Толибон қўлга киритган икки юзга яқин туманнинг бор-йўғи бир неча ўнтасини қайтариб олишга муваффақ бўлишган.

Қайта афғон ҳукумати назорати остига ўтган туманларнинг фақат бармоқ билан санарлиси мамлакат шимоли ва шимоли-шарқига тўғри келиши айтилади.

Сурат манбаси, ANADOLU

Ўтган йил Доҳада "Ўзбекистон 24" телевизион каналига берган интервьюсида Толибон ҳаракати сиёсий қанотининг раҳбари Мулла Бародар Ахунд ўзларининг АҚШ билан имзолашга муваффақ бўлишган "тарихий" тинчлик битимига амал қилишларини айтган.

"Худди шу нуқтаи назардан, келгусида Афғонистон томонидан Ўзбекистон ёки Марказий Осиёдаги бошқа мамлакатларга хавф ёки таҳдид пайдо бўлишига йўл қўймасликлари"ни айтган.

"Ўзбекистон билан қўшничилик алоқалари янада мустаҳкамланиши, илиқ ва самимий муносабатлар ҳар икки мамлакат барқарорлиги учун хизмат қилишига ишончи комиллиги"ни билдирган.

Яқинда ҳаракат сиёсий қаноти юқори мартабали ҳайъати Москвага қилган амалий ташрифи чоғида ҳам Россия томонини худди шунга ишонтиргани ҳам маълум бўлганди.

Ўзбекистон тинчлик музокаралари доирасида Афғонистон Толибон ҳаракати билан расман ва тўғридан-тўғри музокаралар олиб бориб келаётган ягона минтақа давлати бўлади.

Афғонистоннинг Тожикистон билан икки ўртадаги халқаро аҳамиятга молик Шерхон Бандар ва Ойхоним портлари, энг муҳим икки ўтиш-назорат нуқтаси эса, ҳануз толиблар қўлида қолмоқда.

Афғонистон ҳукумати Толибонни "тўхтатиш" учун ўтган ой деярли бутун мамлакат бўйлаб бир ойлик комендантлик соати жорий қилган.

АҚШ ҳарбийлари ҳам толиблар мавқеъларига ҳаводан яна зарба беришга ўтишган.

Аммо уларнинг дастаги аниқ қанча давом этиши ҳали-ҳануз маълум эмас.

Афғонистон, Толибон ва Марказий Осиё

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи,

Қундуз ҳозир толибларнинг энг катта ютуғи бўлгани айтилмоқда

Ўзбекистон ва Тожикистон Афғонистонга чегарадош учта Марказий Осиё давлатидан иккитаси саналади.

Толибларнинг сўнгги фаоллашуви манзарасида уларнинг чегаралари шундоқ ҳам афғон ҳарбийлари ва қуролли кўнгиллилари томонидан энг кўп бузилаётгани экани кузатилган.

Би-би-сининг Афғонистондаги мухбирлари ҳам Толибоннинг мамлакат шимоли ва шимоли-шарқидаги сўнгги уч кун ичида эришган ютуқларини мисли кўрилмаган эканини айтишмоқда.

Уларга кўра, айниқса, Қундуз толибларнинг энг катта ютуғи бўлган.

Қундуз Афғонистоннинг минерал захираларига бой шимолий вилоятларига дарвоза сифатида кўрилади.

Жўғрофий жойлашуви ҳам муҳим, Афғонистоннинг пойтахт Кобул илова қатор йирик шаҳарларига магистрал йўллар билан боғланган ва Марказий Осиёга Тожикистон орқали чегарадош.

Энг муҳим халқаро наркотранзит йўлларидан бири ҳам ўтади, Қундузни ким назорат қилса, бу йўл ҳам унинг назорати остида бўлиши айтилади.

Қундуз ўз вақтида Толибоннинг Афғонистон шимолидаги энг муҳим таянч нуқтаси ҳам бўлган.

Афғонистондаги мухбирларимизга кўра, худди шу боис ҳам, уни қайта қўлга киритиш Толибон учун стратегик маъно касб этади.

Толибон 2025-2016 йилда ҳам шаҳар назоратини бир муддат қўлга киритган, аммо ушлаб қола олмаган.

Толибон Афғонистоннинг Туркманистонга чегарадош ғарбий Ҳирот, Покистонга қўшни Лашкар Гоҳ ва Қандаҳорга давомий ҳужумлари манзарасида мамлакат шимоли ва шимоли-шарқидаги қатор йирик шаҳарларни босиб олган.

Сўнгги икки ой ичидаги жангларнинг ўзиёқ минглаб одамларни дарбадар қилган.

Ўз фуқароларини зудлик билан Афғонистонни тарк этишга чақириб чиққан АҚШ Толибоннинг йирик шаҳарларга қаратилган "зўравон ҳужумлари"ни қоралаган.

"Толибоннинг ўз бошқарувини куч билан ўрнатишга бўлган хатти-ҳаракатларига тоқат қилиб бўлмаслиги"ни айтган.

Афғонистон можаросига тинч йўл билан ечим топишга қаратилган Доҳадаги афғонлараро мулоқотлар боши берк кўчага кириб қолган.

Маҳаллий таҳлилчилар Толибон мулоқотлар чоғида ўз сўзи ва шартларини ўтказиш, коалицион ҳукумат тузилган тақдирда, қудратнинг каттароқ улушини қўлга киритиш илинжида ўз ҳужумларини янада шиддатлаштириш, туманлар ортидан, Афғонистоннинг йирик шаҳарларини ҳам қўлга киритиш ҳаракатида эканини айтишади.

Сурат манбаси, ENOYATULLOHBOBURFARAHMAND

Толибоннинг мамлакат шимоли ва шимоли-шарқидаги сўнгги ютуқлари таниқли ўзбек қўмондони, маршал Абдулрашид Дўстумнинг бир неча ҳафталик даволаниш ортидан яна Афғонистонга қайтган бир манзарада кузатилган.

Орада Афғонистондаги қатор етакчи сиёсатчилар, Афғонистон президенти ва Мудофаа вазири билан учрашган маршал Дўстум яна бир бор Афғонистоннинг шимолини ҳимоя қилишини айтган.

Аммо буни қачон ва қай тариқа амалга ошириши тафсилотларини ҳалича очиқламаган.

"Кутилмаган соғлиги ёмонлашиб", Туркияга жўнаб кетмасидан аввал ўзбек маршалининг Жаузжондаги толибларга қарши жангларга шахсан бошчилик қилгани ҳам кўрилган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek