Ўзбекистон, дунё Толибон ҳокимиятини тан оладими? Афғонистон Afg‘oniston, O‘zbekiston, Tolibon, dunyo, yangiliklar

Афғонистон Толибон ҳаракати сиёсий қаноти раҳбари

Сурат манбаси, Reuters

Толибон лидерлари Афғонистонга қайтишди ва қайтишмоқда. Улар ўз ҳукуматларини тузишмоқчи. Ҳаракат воизи ҳозир бу масала устида қаттиқ иш олиб боришаётганини айтди. Янги ҳокимиятда ҳам исломий қадриятлар устувор бўлишини таъкидлади. Толиблар ҳокимиятини кимлар тан олмоқчи?

АҚШ

Сурат манбаси, Getty Images

АҚШ Давлат департаменти назарияда бундай эҳтимолни назардан соқит этмади.

"Охир-оқибат, Афғонистондаги ҳар қандай бўлажак ҳукуматга нисбатан мавқеимиз унинг қилаётган ишларига, Толибоннинг амалларига боғлиқ бўлади. Биз уларни диққат билан кузатаяпмиз", - деб айтди департамент матбуот котиби Нед Прайс.

Унинг айтишича, "агар Афғонистон ҳукумати террорчиларга бошпана бермаса, ўз аҳолиси, айниқса, уларнинг ярмини ташкил этувчи хотин-қизларнинг асосий ҳуқуқларини ҳурмат қилса, бундай ҳукумат билан ишлай олишлари мумкин".

Афғонистонда ҳалича қонуний ҳокимият алмашинуви юз бермаган.

АҚШ жорий пайтда Афғонистонда кимни қонуний ҳукумат, деб тан олиш масаласини бошқа давлатлар билан муҳокама қилмоқда.

Россия

Сурат манбаси, Reuters

Россия Ташқи ишлар вазири мамлакати террорчилар билан гаплашмаслигини айтган.

Сергей Лавровга кўра, Россия фақат Афғонистоннинг террорчилар билан ҳамкорлик қилмаган сиёсий кучлари билан мулоқотга тайёр.

У бу ҳақда кеча, сешанба куни баён қилган.

Толибоннинг фаолияти Россияда Олий суд қарори билан тақиқланган.

Ҳаракат расман "террорчи ташкилот", деб эълон қилинган.

Аммо шу йил март ойида Москва Толибон иштирокидаги тинчлик музокараларининг навбатдаги босқичига мезбонлик қилган.

Ўтган ой Афғонистон Толибон ҳаракати сиёсий қанотининг юқори мартабали ҳайъати Россия Ташқи ишлар вазирлигининг ўзида бўлган.

Толибон ҳайъати 2019 йилда ҳам расмий ташриф билан Россияга келган.

2018 йилда Сергей Лавровнинг ўзи улар билан ёпиқ эшиклар ортида мулоқотлар олиб борган.

Новости агентлиги эса, Россиянинг Афғонистондаги элчиси ҳозир толиблар билан учрашаётгани ҳақида ёзган.

Аммо мулоқотлар чоғида асосий эътибор Россия элчихонаси хавфсизлигига қаратилаётганини айтган.

Хитой

Сурат манбаси, Screenshot

Хитой Толибон тузуми билан ҳамкорлик қилишга тайёр.

Хабарларга кўра, улар билан аллақачон дастлабки келишувларга ҳам эришган.

Ўтган ой Толибоннинг сиёсий ҳайъати яна бир бор Хитойда бўлиб қайтган.

Расмий Пекин уларни қанчалик "илиқ" қарши олгани Ғарб матбуотида анча гап бўлган.

Хитой Афғонистон билан беқарор Шинжон Уйғуристони орқали чегарадош.

Хитой, йилларки, Афғонистоннинг ўз сиёсатидан норози уйғур бўлгинчилари учун плацдармга айланишидан хавотирда.

Яқинда Шинжонда асос солинган Туркистон Исломий партияси жангари гуруҳининг яна Афғонистонга қайтгани кўрилган.

Куни-кеча расмий Пекин Толибон режими билан муносабатларини "дўстона" ва "самарали", деб таърифлаган.

Расмий Пекин толиблар билан мулоқотга ҳозир эканига ишора қилган.

Хитой ҳукумати янги афғон ҳукуматини Афғонистонни қайта халқаро террорчилик ва экстремизм таянчига айланишига йўл қўймасликка чақиришни ҳам унутмаган.

Европа Иттифоқи

Сурат манбаси, EPA

Европа Иттифоқининг Толибон билан мулоқот қилишига тўғри келиши мумкин.

Бу ҳақда Иттифоқнинг Ташқи масалалар ва хавфсизлик бўйича юқори мартабали вакили баён қилган.

Жозеп Боррель бунинг сабабини Афғонистондаги урушни айнан толиблар ютиб чиққани билан изоҳлаган.

Аммо иттифоқнинг нуфузли вакили бу ўзларининг Толибонни тан олишларини англатмаслигини таъкидлаган.

Канада

Сурат манбаси, Reuters

Афғонистон Толибон ҳаракати Канадада ҳам "террорчи ташкилот", деб эълон қилинган.

Канада толибларнинг ҳукуматини тан олмоқчи эмас.

Бу ҳақда журналистларга Канада Бош вазири айтган.

Жастин Трюдога кўра, "толиблар куч билан ҳокимиятни эгаллаб олишган ва шу йўл билан қонуний равишда сайланган демократик ҳукуматни ағдаришган".

Канада Бош вазирига кўра, худди шу боис ҳам, унинг мамлакати Афғонистондаги Толибон ҳукуматининг қонунийлигини тан олишни режалаштираётгани йўқ.

Покистон

Сурат манбаси, AFP

Расмий Исломобод изчил равишда рад этиб келса-да, Покистон Толибон ҳаракатига катта таъсирга эга дунёдаги ягона давлат сифатида кўрилади.

Агар расмий баёнотларига таянилса, Покистон ҳам бу масалада шошмоқчи эмас.

Афғонистондаги янги ҳокимиятни қонуний, деб тан олишдан аввал минтақа ва дунёдаги етакчи давлатлар билан маслаҳатлашиб олмоқчи, кейин бу борада бир қарорга келмоқчи.

Ўзбекистон

Сурат манбаси, official/arxiv

Толибоннинг қудратга қайтиши ортидан расмий Тошкент Афғонистон масаласида кеча, сешанба куни илк бор баёнот билан чиққан.

Ўзбекистон Тожикистон ва Туркманистон билан бирга Марказий Осиёнинг Афғонистонга чегарадош учта давлатидан биттаси бўлади.

Расмий баёнотда Ўзбекистон Афғонистондаги вазиятнинг ривожланишини диққат билан кузатиб бораётгани айтилган.

Ўзбекистон томони чегара ҳимоясини таъминлаш ва чегара ҳудудида тинчликни сақлаш масалалари бўйича "Толибон" Ҳаракати вакиллари билан яқин алоқада бўлиб тургани билдирилган.

Расмий Тошкент, ўз ўрнида, "Ички афғон кучларининг инклюзив ҳукумат шакллантиришга тайёрлиги ҳақидаги баёнотларини ҳам қўллаб-қувватлаши"ни баён қилган.

Доҳадаги афғонлараро музокаралар доирасида кенг кўламли тинчликка эришилишига кўз тикаётганликларини билдирган.

"Мамлакатда ҳокимият транзитининг халқаро ҳуқуқнинг умумеътироф этилган меъёрларини инобатга олган ҳолда умумий консенсус асосида тинч йўл билан амалга оширилиши"га умид қилаётганликларини таъкидлаган.

Расмий Тошкент яна бир бор, "қўшни давлатнинг ички ишларига аралашмаслик тамойилларига содиқ" эканлигини қатъий урғулаган.

Ўзбекистон Афғонистон Толибон ҳаракати сиёсий қаноти билан расман, фаол ва тўғридан-тўғри музокаралар олиб бориб келаётган ягона минтақа давлати бўлади.

Афғонистон Толибон ҳаракати сиёсий қанотининг юқори мартабали ҳайъати сўнгги бор 2019 йилда Ўзбекистонда амалий ташриф билан бўлиб қайтган.

Тошкентда музокаралар олиб борган, қадим Самарқандни зиёрат ҳам қилган.

Уларнинг Ўзбекистонга амалий ташрифи "қалин" кечгани мазмунида ўшанда расмий Кобулнинг ошкора эътирозига ҳам сабаб бўлгани кўрилган.

Толибон

Сурат манбаси, AFP

Афғонистонда қудратга қайтишларидан сўнг берган илк матбуот анжуманида Толибон ҳаракати матбуот воизи ўзларига "ички ва ташқи душманларнинг ортиқ кераги йўқ"лигини баён қилган.

Матбуот анжумани ҳаракатнинг сиёсий лидерлари яна Афғонистонга қайтган бир манзарада, кеча, 17 август куни ўтказилган.

Забиуллоҳ Мужоҳид илк бор камералар қаршисида очиқча кўриниш берган.

У "халқаро ҳамжамиятни ҳеч ким зарар кўрмаслиги"га ишонтирган.

Ҳаракат воизи ўзларига "халқаро ҳамжамият билан муаммолар керак эмас"лигини таъкидлаган.

Аммо " ўз диний тамойилларига мувофиқ иш тутишга ҳақли эканликлари"ни алоҳида қайд этган.

Худди шу куни Афғонистоннинг вице-президенти вазифасини бажарувчиси мамлакат конституциясига мувофиқ энди ўзининг муваққат президент эканини айтиб, твит қилган.

Амруллоҳ Солиҳ ҳануз Афғонистонда экани ва ўзининг ҳеч қачон Толибонга таслим бўлмаслиги, уруш ҳали тугамаганини баён қилган.

Унинг айни мазмундаги твит-баёнотига ҳозирча Афғонистон Толибон ҳаракатининг муносабати маълум эмас.

Афғонистоннинг амалдаги президенти Муҳаммад Ашраф Ғани Толибон Кобулга келган куннинг ўзиёқ мамлакатни тарк этган.

Якшанба кунидан буён унинг ҳозир аниқ қаерда экани номаълумлигича қолмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek