Дайжест. Россия Толиблардан қочган афғонларни ўз ватанига депортация қилмоқда. Тошкентга кўчирилаётган афғонлар кимлар? O‘zbekiston mintaqa dunyo yangiliklar

Афғон қочқинлари

Сурат манбаси, Verteidigungsministerium / Twitter

  • Футболдан кейинги ҳайдалиш;
  • Суд қўрқувларга эътибор қилмаган;
  • Бошпана сўрашган эди;
  • Афғонлар кўчириладими?;
  • Кобулдан Тошкентга эвакуация;

Санкт-Петербургда Евро-2020 ўйинлари учун Россияга келган камида беш нафар афғон фуқароси депортация қилиниши хавфи остида. Суд уларни Россиядан чиқариб юбориш тўғрисида қарор чиқарди. Қарорлардан бири аллақачон кучга кирган ва балки бажарилган бўлиши ҳам мумкин.

Футболдан кейинги ҳайдалиш

2021 йил июль ойининг охирида Санкт -Петербургдаги Октябрь туман суди беш афғон фуқаросини Россиядан чиқариб юбориш тўғрисида қарор қабул қилди. Улар мухлислик паспортлари билан "спортга алоқадорлик" доирасида "Евро -2020" ўйинларига келишган, лекин ўйинлар 2021 йил 12 июлда тугагандан сўнг Россияда қолишган.

Чет элликларнинг Россияда бўлиш қоидаларини бузганликлари учун суд Россия Маъмурий Қонунбузарлик бўйича Кодексининг 18.8 бандига кўра, 5 минг рубль миқдорида жарима ва уни Россиядан чиқариб юбориш тўғрисида ҳукм чиқарган.

Депортациядан аввал афғонлар Санкт -Петербург шаҳри яқинидаги чет эл фуқароларини вақтинча сақлаш марказига (ЦВСИГ) жойлаштирилган.

Суд қўрқувларга эътибор қилмаган

Сурат манбаси, ARTYOM KOROTAYEV/TASS

Россиядан ҳайдалган афғонлардан бири - А.М. (ватанида ҳаётига хавф эҳтимоли борлиги сабаб исм-шарифи тўлиқ келтирилмади) суд қарори устидан шикоят қилмаган ва у август ойининг бошларида кучга кирган. Октябрь туман суди веб-сайтидаги маълумотларида кўриш мумкинки, А.М.нинг адвокати бўлмаган.

Қарорда ёзилишича, А.М. тожик ва рус тилларини билади, таржимон иштирокидаги иш материаллари билан тўлиқ таниш бўлган ва судда ҳимоячининг хизматига муҳтож эмаслигини эълон қилган ва ўз айбини тан олган.

Аммо шу қарордаги матнларда А.М. судда "Толибон террорчилик ҳаракати билан боғлиқ вазият унинг ватанида ёмонлашди" ва "у уйига қайтишдан қўрқади", дея ёзилади.

Суд бу қўрқувларга эътибор бермаган. Би-би-сида А.М. ватанига депортация қилинганми-йўқлиги ва яқин орада яна қанча афғон ўз юртига юборилгани ҳақида маълумотларни аниқлашнинг имкони бўлганича йўқ.

Бошпана сўрашган эди

Россия қандай қилиб мажбурий никоҳдан қочган қизнинг оиласини Афғонистонга чиқариб юборди.

Июль ойида, Афғонистондаги ҳукумат қулашидан сал олдин, Санкт -Петербург ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари бу ердаги афғон қизи М.ни депортация қилишди, унинг мамлакатдан чиқариб юборлиши бўйича қарор Ленинград вилоят суди сайтида эълон қилинди.

- "Тахминан уч ҳафта олдин Афғонистондаги ҳукумат қулаши арафасида М. ва унинг оиласи, икки эркак, уч аёл (жумладан, кекса ота-она ҳам) ва 12 ёшли қиз бошпана сўраб мурожаат қилган", - деди Би-би-сига уларни судда ҳимоя қилган "Миграция ва ҳуқуқ" ташкилоти адвокати Ольга Цейтлина.

Аммо оиланинг барчаси ёш бола билан биргаликда ЦВСИГга жойлаштирилди ва мамлакатдан чиқариб юборилди.

Афғонлар кўчириладими?

Сурат манбаси, official

Ўзбекистон ва Германия президентлари Афғонистондан фуқаролар эвакуациясини муҳокама қилдилар. Бу ҳақда president.uz расмий сайти маълум қилди.

- "Афғонистондаги вазиятнинг ривожланишига алоҳида эътибор қаратилди. Ушбу мамлакатдаги ҳарбий-сиёсий кескинликнинг кучайиши минтақавий ва халқаро хавфсизлик ҳолатига жиддий салбий таъсир кўрсатиши мумкин экани таъкидланди", - дейилади маълумотда.

Хабарда ёзилишича, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 17 август куни Германия президенти Франк-Вальтер Штайнмайер билан телефон орқали мулоқот қилган ва президентлар фуқароларни Афғонистондан эвакуация қилишдаги ҳамкорликни давом эттиришга келишишган.

Сешанба куни 125 йўловчиси бўлган эвакуация самолёти Кобулдан Тошкентга учиб келди. Улар шу ердан Германияга жўнатилади. ГФР мудофаа вазири кўпроқ одамни эвакуация қилиш учун Тошкент ва Кобул ўртасида ҳаво кўпригини қуриш режалари ҳақида маълум қилди.

Афғонистондаги вазиятнинг ривожланишига алоҳида эътибор қаратилди. Ушбу мамлакатдаги ҳарбий-сиёсий кескинликнинг кучайиши минтақавий ва халқаро хавфсизлик ҳолатига жиддий салбий таъсир кўрсатиши мумкин экани таъкидланди.

Афғон муаммосининг тинч йўл билан ҳал этилишига кўмаклашиш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни яқиндан мувофиқлаштириш ҳамда минтақадаги вазият юзасидан мунтазам сиёсий маслаҳатлашувлар олиб бориш тўғрисида келишувга эришилди.

Кобулдан Тошкентга эвакуация

Сурат манбаси, Verteidigungsministerium / Twitter

Германия Қуролли кучларининг (Бундесвер) иккинчи эвакуация самолёти 125 нафар йўловчи билан 17 август куни Афғонистондан Тошкентга учиб келди.

ГФР Мудофаа вазирлиги Twitter саҳифасида Airbus A400M Кобулдан Тошкентга қайтаётгани ҳақида маълум қилди. Унда бортда Германия фуқаролари, афғонлар ва "ҳимояга муҳтож бошқа шахслар" борлиги билдирилган.

Германия ташқи ишлар вазири Хайко Мас (Heiko Maas) "Авиаташувлар бошланди ва бу хавфсизлик билан боғлиқ вазият тақозо этгунига қадар давом этади", дея ёзди.

ГФР Мудофаа вазири Аннегрет Крамп-Карренбауэр эса Афғонистондан амалга оширилаётган эвакуацияни хавфли миссия экани, шу билан бирга Бундесверда малакали ходимлар борлигини ёзган.

"Мақсад ҳимояга муҳтож кўпроқ одамларни тезкорлик билан эвакуация қилиш учун Тошкент ва Кобул ўртасида ҳаво кўпригини қуришдан иборат", — деб ёзди расмий.

Шу соатларда олинаётган хабарларга кўра, бортида Кобулдан Ўзбекистонга эвакуация қилинган 139 нафар йўловчи бўлган илк самолёт Германияга бориб қўнган.

Германия Кобулдан 10 мингга яқин одамни олиб чиқиб кетиш учун Ўзбекистон билан ўз ҳаракатларини мувофиқлаштирган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek